Мода тарихи асосчиси Коко ШАНЕЛнинг муваффақият йўли

Габриель Шанель(1883-1971) — француз дизайнери ва тадбиркори, ХХ асрнинг аёллар модаси асосчиларидан бири. 1883 йилда Ғарбий Франциянинг Сомюр шаҳрида туғилган. Онаси вафот этгач, уни отаси ака-ука ва сингиллари билан болалар уйига топширади. Ўшанда Шанель ўн икки ёшда эди. Шу кундан эътиборан қизча «ҳаётим тугади», деб ҳисоблайди. Аммо уни олдинда катта шуҳрат кутаётганди.

Айнан болалар уйида Габриель тикиш-бичиш тўгарагига қатнаб, дизайнерлик соҳаси сирларини ўргана бошлайди. Бир неча йиллардан сўнг Габриель Шанелнинг Парижда кичик бир хонани ижарага олиб, аёллар шляпаси дўконини очиши, икки ҳафта ичида бутун Парижга танилиб кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?

Шляпадан бошланган машҳурлик

Тез орада Шанель яратган шляпалар коллекцияси нафақат оддий аёллар, балки саҳна ижодкорлари бўлган машҳур санъаткорларнинг ҳам эътиборини тортади. Баъзи шляпаларни юлдузлар саҳнага ҳам кийиб чиқишади. Айнан шу чоғда келажакдаги мода асосчиси бўлган Коко Шанелга омманинг эътибори тушади. Газеталардан бирида у яратган шляпаларнинг андозаси чоп этилиб, бошқа дизайнерларнинг олқишига сазовор бўлади. Улар ҳам худди Шанель каби яратажак шляпалари бичимини оддийлаштира бошлайди.

Кўйлаклар

1918 йили Коко Шанель дўконининг пештахталарида илк бор оч жигарранг тусли кўйлаклар пайдо бўлади. Қора қаҳрабо тошлар билан безатилган, нафис тўрдан тикилган кечки кўйлаклар ҳам ярата бошлайди. Шанель либосдаги ҳар бир деталь устида пухта ишларди. Одатда кўйлак ўйиндиси ёки ёқаси у истагандек чиқиши учун либосни кийган моделлар Шанель детални кўнглидагидек қилиб тўғирлагунча соатлаб қимирламай туришига тўғри келарди. У «Либос аввало қулай бўлиши керак», деб ҳисобларди. Бичими қомат чизгиларини такрорлаб, 1920 йиллардаги модани эслатарди.

Эркаклар либосларини ўзлаштириб…

Аёллар кўйлаги бичимини жуда мураккаб ва ноқулай ҳисоблаган Шанель корсет ва қатма-қат бурмаларни оддийликка алмаштиради. Ушбу ғояни амалга оширишда эркаклар либослари услубидан баъзи нарсаларни ўзлаштиради. Масалан, эркакча кўйлак, галстук, нимча, шим ва ҳоказо. Бу кийимларни аёлларга мослаштирган ҳолда қайта ишлаганини Шанель хоним эркаклар либосларининг ўта қулайлиги билан изоҳлайди.

Бетакрор атир

1921 йилда таниқли «Chanel №5» атири пайдо бўлди. Муаллифлик ҳуқуқи рус парфюмери Эрнесту Бога тегишли. Унгача аёллар атири мураккаб ифорга эга бўлмай, бир хилдаги гул ҳидидан таркиб топган эди. Шанель ягона гулнинг ҳидини такрорламайдиган, синтезлаштирилган парфюм ишлаб чиқиш ғоясини илгари суради. Уни атирлар жойлаштириладиган анъанавий колбасимон идишга эмас, улуғвор тўртбурчак шишага қуйишни ҳам Шанель ўйлаб топган.

Автомобилга тенглаштирилган кўйлак

Коко Шанель жажжи қора кўйлакни ҳам урфга киритади. Ушбу кўйлакни тақинчоқ ва безакларни алмаштирган ҳолда кундалик ва кечки тантаналарга кийиш мумкин бўлган. 1926 йили Америкада нашр этиладиган Vogue журнали жажжи қора кўйлакнинг оммалашуви ва универсаллигини «Ford» автомобилига тенглаштиради.

Қулай сумкача

«Сумкачамни қўлда кўтариб юриб чарчадим, уни доим қаергадир қўйиб, кейин излаб юраман», деганди 1954 йилда Коко Шанель. 1955 йилнинг февралида эса Шанель хоним тўғри тўртбурчак шаклдаги узун занжир тасмали сумкача яратади. Шундай қилиб, аёлларда илк бор сумкачани қулай тарзда тақиб юриш имконияти пайдо бўлди.

Уруш давридаги ижод…

Ўшанда либос тикиш учун нафис газламалар топиш жуда мушкул бўлган пайт эди. Коко Шанель бир танишининг корхонасида солдатлар махсус кийими учун мўлжалланган дағал ва қалин матога кўзи тушади. Шу заҳотиёқ бу матодан бир тўп сотиб олиб, аёллар учун ихчамгина калта камзулча яратади.

Мода олами учун мерос

1954 йилда 70 ёшли Коко Шанель яратган янги бичимдаги аёллар костюми энг инжиқ хонимларнинг ҳам орзусидаги либосга айланади. Белга ёпишиб турадиган бичимдаги нимчали костюмнинг тугмалари ялтироқлиги унга янада улуғворлик бағишларди. Шанелнинг мода тарихига киритган янгиликлари талайгина. Аксарияти шу пайтгача оммабоплигини йўқотмаган. Масалан:

· товони очиқ, учи ёпиқ туфли;

· узун занжирсимон тасмали сумкалар;

· 1908 йили Шанель хоним туфайли урфга кирган калта кесилган соч турмаги мода тарихида чуқур из қолдирган. Худди шу йили навбатдаги либосларни намойиш этиш учун подиумга чиққан моделларнинг ҳаммаси калта сочли эди.

· 1913 йилда илк бор пляж кийими тўпламини яратган.

· 1918 йили кардиган камзулини ўйлаб топди.

· 1920 йилда мода тарихига кундалик либослар билан ҳам тақиш мумкин бўлган сунъий тошли тақинчоқлар ғоясини киритди.

· 1921 йилда ёқаси мўйнали пальто ҳамда янги ифорли атирни ихтиро қилди.

· Илк бор шимни кундалик либос сифатида урфга киритган ҳам Шанель хоним бўлади. Бу билан у модани 40 йил олдинга илдамлаштиради.

· 1926 йили оддий кўйлак-халат андозасидан эркакча кўйлак бичимли либос яратади. Унинг бошқаларидан ажралиб турадиган жиҳати алоҳида ёқа ва енг манжетларининг эркакларбоп русумда эканлиги эди. Бу кўйлакнинг этак қисмига тўғри ёки бурмаланган юбка улаб тикилгани ҳам унга оригиналлик бағишлаганди.

· Илк бор фирма маҳсулотлари ассортиментида пардоз буюмлари пайдо бўлди.

· Қатма-қат бурмали юбка яратди.

· Мода оламига бўйин ўйиндиси V симон бўлган қора кўйлакни киритди.

Габриель Шанелнинг ҳаёт фалсафаси

1. Қаршимда учраган тўсиқлар — янги ишлар сари бошлайдиган кўрсаткичларим.

2. Ҳаётимда тасодифий одамларга жой йўқ.

3. Менинг устозим — муҳаббат!

4. Зид фикрлар истеъдодимга туртки бергувчи кучдир.

5. Мустақиллик — ҳаётим қонуни.

6. Аёл кишидаги гўзаллик — омаднинг ярми.

Кокодан 8 сабоқ

1. Мукаммал узунликдаги юбка тиззани бекитиши керак.

2. Аксессуарлар қанча кўп бўлса, шунча яхши.

3. Мукаммал костюм ўзида эркак ва аёллар либосидаги деталларни уйғунлаштирган бўлади.

4. Ўзида икки хил ранг — оқ ва қорани уйғунлаштирган пойафзал назокатли кўринади.

5. Сумка тасмали бўлиши керак. Негаки аёл кишининг қўллари банд бўлмаслиги муҳим.

6. Камзуллар нимча каби юмшоқ бўлиши муҳим. Уни кийган аёл ҳаракатланишда ноқулайлик сезмасин.

7. Зеб-зийнат қулай бўлмаса, у зеб-зийнат эмас. Кечки либосларнинг ҳашамдорлиги улар ноқулай бўлиши керак, дегани эмас.

8. Атир либос кабидир. Ундан фойдалана билмаган аёлларнинг келажаги йўқ.

Коко Шанель Парижда 1971 йилнинг 10 январида 87 ёшда вафот этди. У умрини ёлғизликда ўтказди. Шунга қарамай, мода тарихида унинг қолдирган мероси ғоятда улкан. Time журнали ҳисоботига кўра, вафоти чоғида Шанель яратган мода империясининг йиллик фойдаси 160 миллион долларга тенглашарди. Катта бойлик соҳибаси бўлган Коко хонимнинг яшаш тарзи оддийлиги билан ажралиб турарди. Худди яратган либослари каби. Оддий ва улуғвор…

Нигора СОЛИҲОВА тайёрлади

You must be logged in to post a comment Login