Америкалик борт кузатувчи 83 ёшида пенсияга чиқди

63 йил мобанийда борт кузатувчиси бўлиб ишлаган Колорадо штатида яшовчи Рон Акана ниҳоят пенсияга чиқди. UPI агентлигининг хабар беришича, 83 ёшли Акана душанба куни энг сўнгги парвозини амалга оширди (АҚШда 26 август бўлади). Катта борткузатувчи сифатида Гонолулуга йўл олган қария, Денверга йўловчи сифатида қайтди.

Асли Гавайи оролларида туғилган Рон Акана ёшлигида АҚШга кўчиб кетган ва United Airlines компаниясига ишга кирган. Бир неча йиллик меҳнати давомида у кўплаб машҳур инсонларга хизмат кўрсатди. Улар орасида АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон, англиялик актриса Дебора Керр ва америкалик комик Ред Скелтонлар бор.

Акананинг рафиқаси компанияда стюардесса бўлиб ишлаган. Бироқ у турмушга чиққандан кейин мавжуд қоидага кўра ишдан бўшашга мажбур бўлган. Ҳозирда Рон ва Элизабетларнинг қизи Жин ҳам борткузатувчи бўлиб ишлаб келмоқда.

83 ёшли стюарднинг айтишича, пенсияга чиққач, у ишини жуда соғинади. Бироқ унинг соғлиғи энди ҳар куни парвоз қилишга имкон бермайди. UPI таъкидлашича Гиннес рекордлар китоби Аканани энг ёши улуғ борткузатувчиси сифатида тан олган, лекин китобнинг интернетдаги сайтида бундай хабар киритилмаган.

You must be logged in to post a comment Login