НЬЮ ЙОРКДА ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИ НИШОНЛАНДИ


Мана 21 йилдирки, мустақил Ўзбекистон байроғи дунёнинг турли давлатларида, халқаро ташкилотларда, дипломатик корпусларда, байрамларда, музаффар спортчиларимиз халқаро мусобақаларда ғалаба қозонганларида Озод Ўзбекистоннинг рамзи сифатида кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма бир йиллиги муносиб нишонлаш Нью Йорк штати, Манҳэттен шаҳридаги Bowling Creen Park (Wall Street яқинида)да ҳам Давлат байроғини тантанали кўтариш маросими билан бошланди.

Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консули Дурбек Аманов

Тантанада иштирок этган Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консули Дурбек Аманов АҚШдаги барча ватандошларимизни энг улуғ, энг азиз байрам – миллий ўзлигимиз, фахру ғуруримиз, ор-номусимиз сифатида тарих зарвақларига олтин ҳарфлар билан битилган сана – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг шонли 21 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси, Туркистон – Америка ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда АҚШ ўзбеклари, ушбу мамлакатда хизмат вазифаларини бажараётган ўзбекистонликлар, бошқа давлатлар вакиллари иштирок этишди.

Туркистон – Америка ассоциацияси президенти Абдулла Хўжа

Туркистон – Америка ассоциацияси президенти Абдулла Хўжа барчани мустақилликка эришган кун билан табриклаб, уларнинг келгуси ишларига омадлар тилади. Таъкидлаш ўринлики, Абдулла Хўжа раҳбарлик қилаётган ташкилот томонидан ўтказилаётган тадбирлар, маросимлар ватандошларимизни бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатликда яшашларига ундамоқда.


Шу куни Uzbek Tv New York жамоаси томонидан   Бруклинда  “Азиа” ресторанида ташкил этилган байрам томошасида қатнашган ватандошларимизнинг юз-кўзида ўз ҳаётидан, Ўзбекистондаги тинч ва осойишта, фаровон кунлардан мамнунлик, хурсандчилик акс этиб турди.

Дилшод Зокиров ҳамда Малика Ҳакимжонова

Тадбирни сухандонлар Дилшод Зокиров ҳамда Малика Ҳакимжоновалар юқори савияда олиб бордилар.
Байрамда таралган қўшиқ сеҳридан диллар сурурга тўлди. Кўнгилларга ўктамлик бағишловчи дилтортар мусиқага ҳамоҳанг рақслар қанотида бунёдкор эл қураётган озод ва обод Ватан – жонажон Ўзбекистон манзаралари кўз ўнгимизда намоён бўлди.

Байрам дастури орқали ифода этилган истиқлол йилларида қўлга киритган улкан ютуқларимизга боқиб, ана шундай бунёдкор халқ яшайдиган юртнинг келажаги шубҳасиз буюкдир, деган қатъий ишонч янада мустаҳкамланди.

Бутун дунёда ўз ўрни, обрў-эътибори, тараққиёт йўлига эга бўлган она-Ўзбекистоннинг истиқлолга эришган шодиёнаси аҳамиятини, қадр ва қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб ҳам, ўлчаб ҳам бўлмайди. Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар учун энг муқаддас байрамга айланган Мустақиллик байрами биз АҚШ ўзбеклари учун ҳам қалбимизга чароғонлик, кўзимизга нур, белимизга қувват, юрагимизга чексиз ғурур ва ифтихор бахш этмоқда.


 Uzbek Tv NewYork жамоаси томонидан ноанъанавий тарзда викториналар ташкил этилди. Ёшлар, катталар ўртасида ғазалхонликлар ўтказилди. АҚШда бир неча йил яшаётганига қарамай ватандошимиз томонидан улуғ бобокалонимиз, сўз мулкининг султони мир Алишер Навоий ғазалларининг ёд айтилгани иштирокчилар ҳайратини оширди, Ватанга бўлган муҳаббатларини мустаҳкамлади.

Унда ғолибликни қўлга киритган юртдошларимизга ҳомий ташкилотлар томонидан совғалар улашилди.
Яхши биласиз, Ватанимиз пойтахти – муаззам Тошкент шаҳрининг алишер Навоий номидаги Миллий боғда ўтказилган байрам дастурининг сўнггида мушакбозлик йиғилганларнинг кайфиятини янада кўтариб юборди. Сабаби, ранг-баранг, турли шакл ва безаклардаги мушаклар баланд-баландларга парвоз этиб, само узра ёғдулар сочди, нур таратди.


Ана шу ёғду, ана шу нур само қадар юксалган қалбларимизга ёруғликлар олиб кириб, мустақил диёрнинг бугуни ва эртасининг бахтиёр давомчилари сифатида фахрланиб юриш барчамизга насиб этсин.

Сумбула – тўкинлик, тўйлар мавсуми,
Бир қўзғалиб олар боғбоннинг хуми.
Асли бир сатрдир шеърим мазмуни:
Тўйларга улансин тўйларинг, ўзбек!

Байрам дастурини ўтказишда яқиндан ёрдам берган ҳомий ташкилотлар, бизнинг кўмакдошларимиз ҳамда Алберт Нарколаев, Сиддиқ Санаев, Каромат Отажонова, Малика Ҳакимжон қизи, Дилшод Зокиров, Жамшид Тўйчиевларга, шунингдек, Дурдона Сайдуллаеваларга  Uzbek Tv NewYork жамоаси самимий миннатдорчилик билдиради.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login