ЎЗБЕКИСТОНДА ЙИЛ ИМОМИ ТАНЛАНДИ

“Ҳазрати Имом” мажмуасининг Ўзбекистон мусулмонлар идораси мажлислар залида ЎМИ тизимидаги масжид имом-хатиблари ўртасидаги “Йил имоми-2012”кўрик танловининг якуний республика босқичи ўтказилди.

Танловда республиканинг барча вилоят ва шаҳар ғолиблигини қўлга киритган 14 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Танлов низомига мувофиқ вилоят ғолибларининг илмий савияси, дунёқараши, бугунги кунда олиб бораётган фаъолияти ва республикамиз ОАВларидаги иштироклари ва барча жиҳатлари ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва иштирокчилар белгиланган саволларга жавоблар беришди.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, танлов ҳар томонлама юқори савияда ўтказилди ва якуний натижалар қайдномасига кўра қуйидагича ўтказилди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан биринчи ўринга умумий 293 балл тўплаган Бухоро шаҳар “Абу Бакр Сиддиқ” жомеъ масжиди имом-хатиби Акром Абдуллаев лойиқ топилди.

Умумий 289 балл тўплаган Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жомеъ масжиди имом-хатиби Рахимберди Раҳмонов иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

263 баллдан тўплаган Фарғона вилояти Бағдод тумани “Зайд ибн Собит” жомеъ масжиди имом-хатиби Соҳибжон Аҳмедов ва Андижон вилояти Андижон шаҳар “Боботаваккул” жомеъ масжиди имом-хатиби Мухаммадюсуф Тўрақулов учинчи ўрин соҳиби деб топилиб, совриндорлар диплом ва совғалар билан тақдирланди.

Бешинчи бор ўтказилган “Йил имоми” танлови якунида иштирокчиларга ЎМИ раиси, муфтий томонидан тавсиялар берилиб, яхши тилаклар изҳор этилди.

You must be logged in to post a comment Login