ХОЖА МАРҒИНОНИЙНИНГ НОДИР КУТУБХОНАСИ

XIX аср охири  XX аср бошларидаги марғилон адабиётининг кўзга кўринган истеъдодли шоирларидан бири, қатағонлик сиёсатининг қурбони бўлган Хожа тахаллусли Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғлининг кутубхонаси турли мавзулардаги китобларга бой бўлиб, кўплаб тарихчи ва адабиётшунос олимлар, шоирлар ва адиблар бу кутубхонага ташриф буюрганлар. Иброҳимхўжанинг қатағон этилиши туфайли китобларнинг кўп қисми йўқолиб кетган. Айтишларича, Иброҳимхўжа билан дўстона муносабатда бўлган кўплаб зиёли кишилар унинг китобларини олиб қайтариб бермаганлар. Фақат айрим қўлёзмаларнигина қариндош-уруғлар ўртасида мустабид тузум давридан не-не ҳадиклар билан яшириб сақлаб қолишнинг имконини топганлар, холос. Бу ҳақда Иброҳимхўжанинг келини Матлубахон ая шундай хотиралайди: «Иброҳимхўжа эшон китобларини худди фарзандлари сингари ардоқлар эди. Охирги бор кўрганимизда у уйдан кетар чоғида қариндош-уруғлари билан хайрлашаётиб китобларимни болаларингизни авайлагандек асранглар», деб айтган  эди. Шу сабабдан   Иброҳимхўжа фарзандлари оталарини китобларини  имкон қадар кўз-қорачиғидек авайлаб келдилар». Хожа Марғиноний кутубхонасига доир  Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодига мансуб икки нодир қўлёзманинг ўзи бу кутубхонаннинг нақадар бой бўлганлигидан далолат беради.

Маълумки, Шарқ мумтоз адабиётининг бешигини тебратганлардан бири хамсачилик кашшофи Низомий Ганжавий (1141-1209) ҳисобланади. Унинг номини жаҳонга машҳур қилган асари беш достонни ўз ичига олган «Хамса»си бўлди. Бу достонлар – «Махзан ул – асрор» («Сирлар хазинаси»), «Хусрав ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт пайкар»(«Етти гўзал») ва «Искандарномадан иборат». Низомий Ганжавий номи қадимдан халқимиз орасида машҳур таъбир жоиз бўлса, у ўзбекнинг ўз шоирига айланиб кетган. Алишер Навоийдан тортиб, барча мумтоз шоирларимиз уни ўзларига устоз деб билишган. Бунга мисол қилиб Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғлининг шахсий кутубхонасидаги Низомий Ганжавийнинг «Хамса» асарининг нодир қўлёзмасини кўрсатиш мумкин. Мазкур қўлёзмани тавсифлашдан олдин қўлёзманинг бошқа нусхалари  хусусида тўхталиб ўтсак.

Низомий Ганжавийнинг «Хамса» асарининг XV-XVII арслардаги кўчирилган қўлзёма нусхалари  Санк Петербургнинг М.Е.Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат кутубхонасида (Россия), Бодлейн (АҚШ) кутубхонасида, Британия музейида (Англия), Теҳрондаги (Эрон) Гулистон кутубхонасида, Деҳли миллий музейида, Калькутадаги (Ҳиндистон) Г.Канориа коллекциясида, Грузия ФА қўлёзмалар институтида, Арманистоннинг Қадимий қўлёзмаларни сақлаш бўлимида мавжуддир. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида  Хуросон услубидадаги Низомий Ганжавийнинг «Хамса» сининг XVI-XVII арсларга доир қўлзёма нусхалари  сақланади.

Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғлининг шахсий кутубхонасидаги «Хамса» асари ҳам ўша даврга мансуб бўлиб, китобнинг ташқи ҳажми.  250х370 мм. матн ҳажми эса 180х310 мм.  Китоб жами 363 варақдан иборат бўлиб, Хуросон услубида кўчирилган. Китобнинг нахзац қисмининг биринчи варағида 1044 ҳижрийда ёзилган Низомий “Хамса”си деб ёзилган.  Қўш зарварақ, унвонлар билан безатилган асар матни қора ва қизил сиёҳда ҳаттот Абдусамад ибн Мулла Аваз Муҳаммад томонидан кўчирилган.

Адабиётимиз тарихидан маълумки, устоз Алишер Навоий ғазалларига мухаммас боғлаш, назиралар битиш аънана бўлиб келган. Жумладан Фарғона водийсида яшаб ижод қилган барча шоирларнинг бадиий маҳоратининг шаклланиши ва юксалишида ҳазрат Алишер Навоий асарлари таъсири катта бўлган. Шу сабабдан Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғли – Хожа ҳам шеърият султонининг асарларига ҳамоҳанг ижод қилган. Бунинг натижасида ўзининг шахсий кутубхонасини Алишер Навоий асарлари билан бойитиб борган. Ҳозирда Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғли китоблари орасида сақланиб қолганларидан бири Алишер Навоийнинг «Хамса» асаридир.

Маълумки, Алишер Навоийнинг «Хамса»си 25615 байт ёки 51230 мисра шеърдан иборат бўлиб, 1483-1485 йиллар давомида ёзиб тугаллаган. «Хамса»нинг нодир қўлёзмалари Санк Петербургнинг М.Е.Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат кутубхонасида (Россия), Бодлейн (АҚШ) кутубхонасида, Британия қироличасининг Виндзордаги сарой кутубхонасида (Англия), Туркиянинг Тўпқапу саройи музейларида сақланади. ЎзФА Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтининг ўзидагина Навоий «Хамса»сининг 74 қўлёзма нусхаси бор. Булар XV асрдан то XIX асргача бўлган даврда кўчирилган қўлёзмаларидир. Хамса қўлёзмаларининг географияси жуда кенг. У Ўрта Осиё ва умуман, Шарқнинг деярли барча шаҳарларида кўчирилган ва тарқалганлиги маълум. «Хамса» қўлёзмаларини кўчиртириш осон бўлмаган. Бу иш анча диққат-эътибор ва маблағни талаб этарди. «Хамса» қўлёзмасининг тайёрлагани шаҳарларда ана шундай имкониятга эга адабий муҳит бўлганидан далолат беради. Бу адабий муҳитда Навоий ижоди, унинг «Хамса» асарига қанчалар аҳамият берилганини кўрсатади.

Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғлининг шахсий кутубхонасидаги «Хамса» асари XIX асрга мансуб бўлиб, қўлёзманинг ташқи ҳажми  290х500 мм, матн ҳажми 200х360 мм. «Хамса» Ўрта Осиё услубида Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб,  602 варақдан иборат. Қўлёзма форзацининг сўнги варағида   “варақ ин китоб шасат шаш” деб ёзилган. Унвонлар билан безатилган асар матни қора ва қизил сиёҳда ҳаттот Абдуғаффорхўжа ҳижрий 1256 йилда кўчирилган. «Хамса» муқоваси қаттиқ қилиб тайёрланган ва қизғиш қора рангда қолипланган.

Қўлёзмада «Хамса»дан ташқари  Алишер Навоийнинг «Ҳазойин ул маоний», «Лисон ут – тайр», «Маҳбуб ул –қулуб» «Таворихи мулки ажам», «Вақфия», «Муншаот», «Хамсатул-мутаҳаййирин» каби асарлари киритилган. Шунингдек қўлёзманинг сўнги 595-602 варақларида Ҳусайний тахаллуси билан ижод қилган Ҳусайн Бойқаро шеърлари кўчирилган.

Хожа Марғиноний  кутубхонасида сақланган мазкур қўлёзмалар  ўтмишда халқимиз томонидан Алишер Навоийнинг ўлмас меросига, айниқса «Хамса» асарига бўлган қизиқиш нақадар юксак бўлганлигини кўрсатибгина қолмай, аждодлар меросига  айниқса Алишер Навоийнинг нодир қўлёзмаларига нисбатан чуқур  эҳтиром билан қараганлигидан далолат  беради.

You must be logged in to post a comment Login