БЕШИК БОЛАСИ – БЕК БОЛАСИ

БЕШИК БОЛАСИ - БЕК БОЛАСИ


Бешик – миллатимизга хос қадриятлардан бири. Халқимизда “Бешик боласи – бек боласи” деган тушунча бор ва шунга асосан, чақалоқ дунёга келган дастлабки кунларданоқ бешикка беланади. Аммо бешикда ҳам “хатарлар” бор.

Ёш оналар бешикдаги бола тарбиясини кўпинча билмасликлари туфайли, нуқсонларга йўл қўйилади. Бунинг оқибатида болалар ўртасида рахит, нафас аъзолари хасталиклари, тери, модда алмашинувининг бузилиши, камқонлик ва бошқа касалликлар келиб чиқиши мумкин.

Болани бешикка белашда унинг физиологик ҳолатига аҳамият бериш лозим. Бешикка боланинг оёқ-қўлларини тўғри қилиб белаш даркор. Боланинг қўли кўкрагига қўйилиб боғичланади. Акс ҳолда, бола танасида қон айланиши бузилади ёки боланинг бош қисми баланд ва паст бўлиб қолса гўдакда безовталик бўлади.

Баҳор, куз ва қиш ойларида болалар бешикда узоқ қолиб кетишади. Сабаби, ташқари совуқ бўлгани боис асосан, бешик тарбиясига эҳтиёж сезилади. Бу вақтда бола танасига офтоб нури кам тушади. Оқибатда, терида витамин “Д” етишмовчилиги келиб чиқади ва рахит ривожланади. Демак, бунинг олдини олиш учун мунтазам чоралар кўриб бориш лозим. Хусусан, беланган бола қуёш тушиб турадиган ёруғ хонага жойлаштирилиши ва совуққа қарамасдан, тез-тез уни тоза ҳавога олиб чиқиб туриш лозим.

Бешикда болани узоқ сақлаш, терлатиб қўйиш ва ҳўл усти билан бешикда қолдириш ҳолатлари оғир ўтувчи шамоллаш касалликларини келтириб чиқаради. Шунинг учун бешикдаги болани исиб кетишига йўл қўймаслик ва терлаган пайтида дарҳол кийимларини алмаштириш керак. Муҳими, болани фақат ухлаш маҳалида бешикка ётқизиш даркор. Бошқа пайтда тоза ҳавода сайр қилдириб, чиниқтириб бориш керак.

Болани бешикка белашдан олдин, албатта, эмизиш керак. Аксинча бўлса, яъни, бола бешикда ётган ҳолатида эмизилиб ва тебратилиб турилса, эмган сути қулоқ найи орқали ўрта қулоққа тушиб, яллиғланишга олиб келади ёки оғизга сутнинг қайтиб чиқиши туфайли унинг нафас йўлларига кетиб қолиши содир бўлиб, асфиксия келиб чиқади.

Бешикнинг қулайликлари ҳам кўп. Жумладан, бешик ичида болага қулай шароит яратилган. Ўйинчоқларни осиб қўйиш – болани тинчлантиради ва интеллектуал ривожига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, бешик боладаги суяк системасининг тўғри ўсишини таъминлайди.

Хуллас, бешик боланинг соғлом ўсишида муҳим роль ўйнайди. Фақат ундан тўғри, ўринли фойдаланишга алоҳида эътибор бериш муҳимдир.

Минурахон БОЗОРОВА,

Андижон давлат тиббиёт

институти ассистенти.

 

You must be logged in to post a comment Login