ТАТУАЖ: сохта гўзаллик ортидаги муаммолар

 

Ҳар бир аёл ўзи табиатан гўзал бўлса-да янада чиройли, мафтункор бўлишни истаб мунтазам равишда гўзаллик салонларига боришни канда қилмайди. Кимдир соч кестириш, кимдир турмаклатиш, яна кимдир макияж учун боради. Айни вақтда 22-60 ёшдаги аёллар орасида гўзаллик салонларига қош, кўзнинг тепа, пастки қисми, лаб атрофи кабиларни татуаж қилдириш урф бўлган. Татуажни қилдириш борасида ҳар кимнинг ўз фикри бор. Бу ким учундир мақбул бўлса, кимдир салбий фикр билдиради. Таҳририятимизга қўнғироқ қилган мухлисамизнинг фикрлари бизни ҳам таажжубга, ҳам хҳавотирга солди. Чунки у бизга айни мавзуда қўнғироқ қилган ягона инсон эмасди…

ИШОНЧИМНИ ЙЎҚОТДИМ
—Яқинда Шайхонтоҳур туманидаги гўзаллик салонларига кўзимнинг тепа қисмини татуаж қилдиргани борган эдим. Хизмат учун 70 минг сўм тўлаганимдан сўнг, у юзимдаги макияжни артиб ишни бошлади. Буни қарангки, у фойдаланаётган жиҳозларнинг ҳолатига аҳамият қилмаган эканман. Татуаж якунлангандан сўнг икки хафта давомида бўянманг, сув теккизманг деб тайинлади. Шундай қилдим. Аммо орадан 4 кун ўтиб, кўзларим шишиб кетди. Шу куни салонга бориб ходимадан сабабини сўрадим. У эса татуаж вақтида ножўя ҳаракат қилгансиз, шунинг учун кўзингиздаги чизиқ бироз қийшиқ ишланибди, 1 ҳафтадан кейин келинг коррекция (қайта чизиш) қиламиз деди. Бир ҳафтагача базўр чидадим. Татуажни коррекция қилгач яна 3 кунга бормай кўзимда йиринг пайдо бўлди. Эндиги сафар борганимда эса татуаж қилган ҳодимани топа олмадим. У ишдан бўшаб кетибди. Мен салон маъмуриятидан тиббий харажатларимни қоплашни талаб қилдим, аммо улар татуажни ким қилган бўлса ўша тўлаб бериши керак, бу бизнинг мажбуриятимизга кирмайди, деб айтишди. Шундан кейин икки ойгача кўзимни даволатдим. Кўзимдаги татуаж хали ҳам қийшиқлигича турибди, яна бир марта бориб коррекция қилдиришга на юрак бор, на ишонч ва на маблағ. Айтинг-чи, мижозга бирор зарар етган ҳолатларда гўзаллик салонидаги татуаж усталари моддий маблағни тўлашадими ёки бу салон маъмуриятининг мажбуриятига кирадими?
Сабоҳат Эргашева, Тошкент шаҳри

ПОЙТАХТДА…
Мухлисамизнинг фикрлари нечоғлик тўғри эканини текшириб кўриш мақсадида, биз шаҳримиздаги гўзаллик салонларига кузатувга отландик. Гўзаллик салонларидаги татуаж муолажаси 50 000 сўмдан 90 000 сўмгача белгиланган. Аксарият татуаж усталаридан татуаждан сўнг, ҳеч бир муаммо чиқмаслигига кафолат бера оласизми, деб сўраганимизда, йўқ деб жавоб беришади. Сабабини сўраганимизда, биз татуаж қилингандан кейин чизиқларнинг текис, мижознинг кўнглидагидек чиқишига кафолат бера оламиз холос, чунки татуаж устаси мижознинг салондан ташқарида нима қилишини мунтазам кузатиб туролмайди. Бироқ ҳар бир мижозга татуаж қилишдан аввал камида 3 ҳафта макияж қилиш, сув текказиш мумкин эмаслигини айтамиз. Лекин кўпчилик бунга амал қилмайди, натижада мижознинг татуаж қилинган ерларига инфекция тушиши, шишиши каби нохушликлар юз беради, кейин эса биз айбдор бўлиб қоламиз, деб жавоб беришади.

ВИЛОЯТЛАРДА-ЧИ?
—Татуаж салонларидаги нарх-навони билиш учун аксарият вилоятлардаги гўзаллик салонларига мурожаат қилиб кўрдик ва қуйидаги хулосага келдик. Татуаж қилиш борасидаги хизматлар 25 000 сўмдан 75 000 минг сўмгача белгиланган.

МИЖОЗЛАР ТИЛИДАН…
Шундан сўнг татуаж учун келган бир қанча мижозлар билан ҳам шу борада суҳбатлашиб, уларнинг ҳам фикрларини билишни лозим деб топдик.

-Мен ҳар 5-6 йилда янгитдан татуаж қилдираман. Ҳали бирор марта муаммо чиқмаган. Татуаж устасининг айтган муолажалари қилиб турилса, ҳаммаси яхши ўтади.
Нодира, 45 ёшда, уй бекаси.

-Бундан бир неча йил илгари лабимни татуаж қилдиргандим. Аммо татуаж яхши муваффақиятли чиқмагани сабаб, лабларим анча вақтгача шишиб юрган. Ўшанда татуаж устаси лабимга бирор нарса суртганим учун шундай бўлганини айтганди, бироқ, назаримда у бироз тажрибасизлик қилган.
Жамила, 28 ёшда, менежер.

-Афсуски ҳозирги кунда татуаж қиламан деб эълон берадиган, аммо бу ишда етарли тажрибага эга бўлмаган мутахассислар бисёр. Кўпчилиги фақатгина кўриб ўрганган, яъни бу ишни фақат назарий жиҳатдангина биладиган “уста”лар. Шунинг учун ҳамма ўзи ишонган, ўрганган мутахассисининг ёнига боради. Чунки бундай ишончли одамлар бирор муаммо чиққанида ҳам сиздан ўзини олиб қочишга, моддий зарарингизни қоплаб бермасликнинг минг бир чорасини топишга уринмайди.
Васила, 35 ёшда, тадбиркор.

-Мен гўзаллик салонига фақат соч турмаклатиш учун бораман. Очиғи, ўзбек аёлларига татуаж қилиш ярашмайди деб ҳисоблайман. Чунки ҳар нарса борича гўзал.
Салима, 35 ёшда, руҳшунос

КОСМЕТОЛОГ НИМА ДЕЙДИ?
Татуаж борасидаги саволларимизга янада кўпроқ жавоб олиш мақсадида биз шаҳримиздаги Космед клиникаси косметологи Шаҳноза Туйчиевага мурожаат қилдик.

—Аёлларимизнинг ўзларига эътиборли бўлаётганлари, янада гўзал бўлишга интилаётганлари қувонарли ҳол. Татуаж қилдириш учун кўпчилик олдиндан муолажа вақтини келишиб боради. Ҳозирги вақтда татуаж учун гўзаллик салонларига борадиган аксарият аёллар гигиенага, барча асбобларнинг покизалигига аҳамият беришади. Чунки асбоблар гигиеник жиҳатдан тоза бўлмаса, турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Мижоз унга татуаж қилишда ишлатиладиган ҳар бир асбоб ҳақида маълумот олишга, сўрашга ҳақли.
Гўзаллик салонига татуаж қилдириш учун ташриф буюраётган мижоз, энг аввало қуйидагиларга аҳамият бериши керак:
·Биринчи ўринда сизни татуаж қиладиган мутахассиснинг сертификати, ҳужжатлари билан танишинг.
·Гигиенага аҳамият қаратинг.
·Хоналарда татуаж қилиш учун мўлжалланган махсус оромкурси борми?
·Татуаж қилишда ишлатиладиган игналар бир марталикми?
·Татуаж учун ишлатиладиган бўёқ махсус идишчага қуйиб ишлатилаяптими ёки идишнинг ўзига игна тиқиб ишлатилаяптими, аҳамият беринг.
·Татуаж устаси муолажани қўлига бир марталик резина қўлқоп кийиб амалга ошириши шарт.

Уларга татуаж мумкин эмас!
Мутахасислар фикрича қуйидаги ҳолларда татуаж қилиш мумкин эмас:
·Тери касалликлари яққол сезилса ёки мижознинг ўзи бу ҳақда хабар берса;
·Мижоз яқиндагина кўз операциялари, пластик жарроҳлик кабиларни бошдан ўтказган бўлса (икки ойдан кейин мумкин);
·Ботекс, яъни ажинларни торттирувчи муолажалар қилинган бўлса, бир ҳафтадан кейин татуаж қилдириш мумкин;
·грипп билан оғриганда;
·герпес мавжуд бўлганда;
·иситма вақтида мумкин эмас.

ТАТУАЖДАН СЎНГ…
Тўғри қилинган татуаж мижозга ортиқча муаммо туғдирмайди. Татуаждан сўнг бир ой давомида бўяниш, татуаж қилинган соҳага сув текказиш, атир сепиш мумкин эмас. Агар татуажнинг шакли ёки ранги мижоз хоҳлаганидек чиқмаган бўлса, коррекция фақатгина бир ойдан сўнг амалга оширилиши лозим.

СИЗГА ЗАРАР ЕТСА…
Биз аксарият аёлларнинг айнан татуаж муолажасидан сўнг саломатликларига етказилган зарар борасидаги фикрларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси, масъул ходим Умида Мансуровага қуйидаги саволни бердик:
—Гўзаллик салонига татуаж қилдириш учун борган ва татуаждан сўнг саломатлигига зарар етган мижоз сарф этилган харажатлар ва даволаниш учун кетган харажатларни қайтаришларини талаб қилиш ҳуқуқига эгами?

—Албатта. Агар мижозга нотўғри қилинган татуаж ҳаётга хавф солса, соғлигига зиён етказса, у шифокорнинг тиббий маълумотномаси билан ҳақ-хуқуқларининг тикланишини талаб қилишга ҳақли. Бу борада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг Истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) хавфсиз бўлишига талаб қўйиш хуқуқи, шунингдек Товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги бир қатор моддаларига биноан ўз хуқуқларини ҳимоя қилишлари лозим.

Умида Якубова тайёрлади

You must be logged in to post a comment Login