ПЕШОНАНГГА БИТГАНИ БЎЛУР…БИРОҚ, УНУТМА, ТЎҒРИ ЯШАМОҚЛИК СЕНИНГ ҚЎЛИНГДА!

Sun_b

Кимдир яхши кино олдим деб юпатади ўзини, шоир ўлсам, шеърим қолади дея юпанади, янги бой биринчи топган миллион доллари билан хурсанд, ғаразидан бировнинг дилини парчалаб бопладим дейди аҳмоқ (оҳ, қани билсайди, дилга оғир сўз отмоқ, Байтуллоҳга тош отмоқ билан баробарлигин!) Ибодатни ортга сурамиз, у дунёю бу дунё жазо олиш эса тақдири азал.  Кўрдим бугун бир беморни, танийман анчадан бери. Қани ўша салобат, қани тоғдек турган бўйи баст, бурро-бурро сўзлашлар қани? Ё, Раб, наҳот бўлди ҳаммаси тарих! Танадаги оғриқдан инграйди, яна узоқ яшамоқликдан кўзларида порлар умид учқуни, шох-шабба каби қуриб бормоқдадир у… Ё, Раб, кўзларимга кўрсатганинг “ана кўриб қўй фоний дунё азобларини”, ҳеч нарса қолмайди ҳисоб-китобсиз! Яҳудий дер Қуддусдир энг қадимий муқаддас маскан. Дин ибтидо қилар айнан шу ердан. Насроний юрагидагини элтмоқчи бўлар Фазога, Унинг ўғли Исо орқали! Буддага сиғинган ҳам санар ўзин ҳақ. Худонинг Ерда акси бўлсагина ишонмоқ керак?! Синовли йўллар…Сенга етмоқ оҳ, қанчалар буюк орзу. Унга қадар кечмиш ҳаёт қанчалар чалкаш, қанчалар оғир? Ёруғлик кўринди ана. Дил Каъбасин обод этди у. Иймон уйғонди. Қўлга олдинг Қуръони Карим, Ҳадиси Шариф. Дунёларга сиғмаган эдинг. Қара, жойнамозда энг хўб ва қолипдек жойинг. Киприкларинг покланар милт-милт кўзёшинг ичра, кўнгил Каъбасини тавоб этар тавбаю шукур. Лабларинг пичирида калима саси, кафтинг шай турибди дуо қилишга, унинг нурларини юзга суришга…Ҳақ ила диллашмоқнинг энг осон йўли! Эҳ, минг амин бўлайлик, қўл силтаймиз гоҳо, гоҳ эриш туюлар, гоҳида мушкул. Бир гап бежизга эмас, қалб қулфи очилмаса, ҳаммаси бекор! Ана шу бекорлик этмасин насиб. Фаришта бўлиб туғилди ҳамма. Ғафлатда ўтказдик қанча тунларни! Етар, шабкўр ё-да ожиз яшамоқ. Ахир, фаришта бўлиб рихлат айламоқ билсангиз, қанчалар бахт! Бироқ, буни кеч англаймиз, жуда кеч. Ундан ҳам баттари англамай яшаш! Не келдик-у, нега кетяпмиз? Азалий бор гап: боқий ҳаётда сўралмас кимсан, Унинг ҳузурида оддий бандасан. Бўлолмаганмидинг ҳамма қатори, энди бўласан элнинг сафида. У ерда йўқ, мансабингга, зотингга яна киму нималигингга қараб ажратишлар йўқ! Тўнсиз келган чақалоқ эдик, сўнгги манзил оққа ўралган шунчаки майит. Қинғир ишларингга жавоб бермадинг. Хурсандмисан , бир амаллаб ён берганингга. Тайёр бўлмоқ керак, боқийлик сўроқларига! Чап беролмаслик – бу аниқ. Фонийликда соябонинг бўлган фалончиларинг ўз елкасида бордир қанча юк! Замин. Кимларни сиғдирди бағрига. Очу тўқ, оқу қора, димоғу осмону қадри ерларни… Тақдирдан қочмоқни минг қилма мақсад: экваторнинг остию усти, шимолу жанубий қутб… Барибир пешонангга битгани бўлур. Энг муҳими, унутма, ҳар он тўғри яшамоқлик сенинг қўлингда! Чўзилган бўлса-да, дилдан битганим сенга ҳам, менга ҳам айтганларимдир ва ниҳоя: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ!

Жасур ҲАМРОЕВ

 

You must be logged in to post a comment Login