МИРЗО БОБУР ВА СЎХ АФСОНАЛАРИ

b

“…Шанба куни ойнинг олтисида тўй бўлди. Қизилбош ва ўзбак ва ҳиндуларнинг злчилари бу тўйда бор эрдилар… Яна Андижондин ва бевилоят ва беватан юрган ерларимиз ва Сўх ва Ҳушёрдин келганларга чакманлар ва қумош хилъатлар ва олтундин ва кумушдин, рахтдин, жинсдин инъомлар бўлди. Қурбон била Шайхнинг навкарларига ва Коҳмард раъёсига ҳам ушбу дастур била иноятлар бўлди”. “Бобурнома”да тилга олинган Сўх ва Ҳушёр қишлоғи аҳлининг айнан Мирзо Бобурнинг Фарғонадан олис Ҳиндистонда 1528 йили берган зиёфатида иштирок этиб, қимматбаҳо совға-саломлар олишларининг боиси нимада? Нима учун сўхликларга Мирзо Бобурнинг эҳтироми бу қадар улуғ бўлган? Бу саволларга жавобни сўхликлар орасидаги афсоналардан излаш керак бўлади.

Ҳиндистонда 1526-1858 йилларда “Буюк мўғуллар империяси” номи билан ҳукмронлик қилган Бобурийлар давлати ва Ўрта Осиёда 1709-1876 йиллар давомида ҳукм сурган Қўқон хонлигининг ташкил топишида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ икки муҳим афсона мавжуд. Қизиғи шундаки, бу афсоналар ўз даврининг тарихчилари томонидан чуқур ўрганилган бўлиб, унга маълум маънода тарихий факт сифатида қаралган. Булар “Санги ойина” ва “Олтин бешик” афсоналаридир. “Санги ойина” ҳақидаги афсона Бобур Мирзо ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, бу афсона сўхликлар орасида сақланиб қолган. Афсонада айтилишича, шоҳ Бобур Фарғонада Шайбонийхондан енгилгач, бирмунча вақт тожу тахтдан маҳрум бўлиб, Сўх тоғларида кун кечирган. Бобур сўхликлар билан яшаётган вақт Санги Ойина, яъни Ойна тош деб аталувчи тошга дуч келади. Бу тош келажакдан башорат берувчи тош бўлганлиги учун Бобур ҳам ўзининг келажагидан хабар топган. Унда яна тожу тахтга умид уйғонгач, қўшин тўплаб, Қобулга юриш қилган ва у ердан Ҳиндистонни забт этади.

Дарҳақиқат, афсонада айтилган ўша мўъжизавий тош тўғрисида Мирзо Бобур “Бобурнома” асарида қуйидаги таърифни келтириб ўтган: “Исфаранинг бир шаъисида жануб сори пушталарнинг орасида бир парча тош тушубдур. “Санги ойина” дерлар, узунлиғи тахминан ўн қари бўлғай, баландлиғи баъзи ери киши бўйи, пастлиғи, баъзи ери кишининг белича бўлғай, ойнадек ҳар нима мунъакис бўлур”.

Санги ойина ҳақидаги афсона Бобур Мирзо ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, бу афсоналар сўхликлар орасида сақланиб қолган. Шуниси қизиқки, Мирзо Бобур билан боғлиқ Санги ойина афсонаси ҳақиқатга яқин туради. Шу боис биз мазкур афсонани келтириш билан бирга бирмунча фикр-мулоҳазаларимизни ҳам баён қилишга жазм қилдик.

Айтишларича, Мирзо Бобур Шайбонийхон билан бўлган жангларнинг бирида мағлубиятга учрагач, ҳамма нарсадан умидини узиб, тожу тахт ҳавасидан ҳам воз кечиб, Сўх қишлоғи атрофларига келиб яшай бошлабди. Мирзо Бобур бу ернинг ажиб манзараларидан, мусаффо ҳавосидан ва жаннатомуз хислатларидан ҳайратга тушиб, умрининг қолган қисмини шу ғаройиб масканда ўтказишга аҳд қилибди. Ўша вақтларда Сўх қишлоғи атрофида Ҳушёр, Тул, Ворух сингари қишлоқлар бўлиб, бу ернинг одамлари жуда ҳам меҳмондўст, тоғликларга хос сахий, одамшинаванда бўлиш билан бирга ўта жасур ва дўсту душманни бир кўришда ажрата оладиган фаҳм-фаросатли зийрак кишилар экан. Қолаверса, қадимги карвон йўлида жойлашган бу қишлоқ одамлари ёвларга рўйихуш бермай ва аҳил яшаб келганликлари сабабли бу жойни “Ҳушёр” деб аташган, деган талқинлар ҳам бор.

Кунларнинг бирида Ҳушёр қишлоғидаги овчилар тоғда йиртқич ҳайвонлар яшайдиган ғор яқинида соч-соқоли ўсиб кетган, дарвешнамо кийимда юрган нотаниш кимсага дуч келганликларини ҳамқишлоқларига сўзлаб беришибди. Қишлоқнинг кекса оқсоқоли овчиларнинг бу сўзларини диққат билан тинглаб, ғор томонга йўл олибди. Бироқ, нотаниш кимса оқсоқолни кўриши билан ғор ичкарисига кириб кўздан ғойиб бўлибди. Оқсоқолдан беркинишга уринган киши аслида Мирзо Бобур бўлиб, у оқсоқолни Шайбонийхон одамларидан бири бўлса керак, деб гумон қилган экан. Эртаси куни ҳушёрлик нуроний қўлида нон ва бошқа озиқ-овқат билан яна ғорга жўнабди. Бу сафар у нотаниш кимсага кўзи тушиши билан дарҳол қўлидаги нонни кўрсатибди ва ўзини бу ерга ёмон ниятда келмаганлигини имо-ишоралар билан тушунтирмоқчи бўлибди. Аммо бу гал ҳам ҳалиги киши бирон-бир сўз айтмай ғорга кириб кетибди. Учинчи кун оқсоқол қандай бўлмасин ғорни ўзига ватан қилиб олган киши билан яқиндан танишишга аҳд қилибди. Ўша кунга келиб Мирзо Бобур ҳам унинг олдига келаётган қария душман тарафидан эмаслигига амин бўлибди ва нуронийга пешвоз чиқибди. Улар тез орада тил топишибди ва оқсоқол меҳмонни ўз қишлоғига таклиф қилибди. Оқсоқол тоғлик эмасми, қисқагина суҳбат давомида дарвешнамо кийимдаги йигит аслида подшозодалардан эканлиги, замона зайли билан бу томонларга бош тортиб келганлигини англаб етибди. Шу боис ҳам у меҳмонни айнан қишлоғида ҳушёрликлар билан бирга бўлишини истабди.

Бобур Мирзо шундан сўнг Ҳушёр қишлоғида яшай бошлабди. Қишлоқ аҳли унинг келишидан ғоят хурсанд бўлишибди ва у билан худди туғишган қариндошларидек муносабатда бўлишга ҳаракат қилибдилар. Ҳушёрликларнинг ёшу қариси Мирзо Бобур билан нима топса, шу нарсани бирга баҳам кўрибди. Ўз навбатида султон Бобур ҳам тоғликлар кўрсатган эҳтиромга самимий дўстона тарзда жавоб берибди. Шу зайлда кунлар ва ойлар ўтибди. Гарчанд Мирзо Бобур табиатнинг сўлим гўшасида дунё ташвишларидан холи бир тарзда умр кечираётган бўлса-да, унинг дили сиёҳ, қалби доим изтиробда экан. Ахир шундоқ Соҳибқирон Амир Темурнинг авлоди бўла туриб, бобосидан мерос қолган тожу тахтдан бир умрга ажралган бўлса? Наҳотки, билагида кучи, оелида қуввати бўла туриб, салтанатни идора қилишдан маҳрум бўлса?! Шу сингари саволлар бора-бора яна унинг синиқ кўнглини ўртай бошлабди. Охир оқибат унинг фикру зикри яна темурийлар салтанати такдири тўғрисида бўлиб қолибди. Тожу тахт тўғрисидаги хаёллар Бобур Мирзоинг ўй-фикрини банд қилиб турган кунларнинг бирида у хайрли бир туш кўрибди. Унинг тушига машҳур пирлардан бирининг сиймоси кириб: “Мирзо, сиз кўп азият чекманг, тақдирингиздан сира қайғурманг. Илкингиздан кетган салтанат яна ўзингизга қайтгусидир. Сиз бой берган тожу тахт қайта ўзингизга насиб қилгуси. Сиз яна зафар тожини киюрсиз. Агар сўзларимга ишонч ҳосил қилмоқ истагида бўлсангиз, эрта тонгда булоқ томон боринг. Ўша ерда пушталар орасида “Санги ойина” деб аталмиш тош бордур. Бу оддий тош эмас, балки сирли тошдир. Агар у тошга назар соладиган бўлсангиз, унда келажагингиз башорат бўлғусидир” деб, дуога қўл очиб, кўздан ғойиб бўлибди. Мирзо Бобур бу хайрли тушни кўрсатган Яратганга ҳамду санолар айтиб, илон изи сўқмоқ орқали “Санги ойина”ни излаб, Тул қишлоғи томон кетибди. Бунга қадар Бобур Мирзо Санги ойинанинг мўъжизакор хусусияти ҳақида қишлоқнинг кексаларидан эшитган бўлса-да, ўзининг келгуси такдири ана шу тошда яширин эканлигидан мутлақ бехабар экан.

Санги ойинанинг сирларидан бири шу эканки, бемор киши шу тошга келиб суйкалса, дарддан фориғ бўлар экан. Ҳатто ҳайвонларнинг ҳам бирон жойига шикаст етса, шу тошга келиб ишқаланиб тузалишар экан. Шунинг учун ҳам сўхликлар уни “сирли тош” деб аташган. Тошнинг яна бир сирли томони шунда эканки, унда фақат пок инсонларгина ўз аксини кўра олган. Бобур Мирзо ҳам Санги ойина олдига келиб, унга назар солган дам ойна тошда тожу тахтда шоҳона либослар билан ўтирган сурати намоён бўлибди. Шундан сўнг Мирзо Бобур Тангрига беҳисоб шукронлар айтиб, ортга қайтибди ва шу зайлда у Қобул сари равона бўлиб яна ҳукмдорликни қўлга киритибди.

“Санги ойина” афсонами, ҳақиқатми? Биз яна шу саволни берган ҳолда қуйидагича хулосага келдик. Бу муқаддас заминда яшаб ўтган улуғ зотлар тўғрисида сўз юритганимизда, биз улар тўғрисида кўплаб афсона ва ривоятларга дуч келамиз. Афсуски, бу афсоналарни баъзи бировлар қуруқ уйдирма гаплардек қабул қиладилар ва бошқаларни ҳам бу афсоналарга ишонмасликка ундайдилар. Аммо, айтганларидек, афсона ҳар қандай далилдан ҳам тарихийроқдир. Биз сўз юритган Мирзо Бобур ҳаёти ҳам шундай афсоналарга бой бўлиб, қадимий битикларимизда айтилганидек “Бул ҳикоят агарчи афсона тусида эрса-да, ул ҳақиқатдан йироқ эмасдур”.

Нодирбек АБДУЛАҲАТОВ,
тарих фанлари номзоди.
Шоҳидбек АСЛОНОВ,
Журналист.

You must be logged in to post a comment Login