ҲОКИМ ФАРИДАХОННИ ҚУТЛАДИ

81

Баҳорнинг илк кунларида Президентимиз қарорига асосан адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларидаги ибратли фаолияти ҳамда эришган ютуқлари учун бир гуруҳ истеъдодли қизлар  Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдилар. Уларнинг орасида Данғара туманидаги саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Фаридахон Умаралиева ҳам бор.

Фарғона шаҳридаги тиббиёт коллежида бўлиб ўтган Давлат мукофоти совриндорини тантанали тақдирлаш маросимида ҳам унинг бундай ютуқлари яна бир бор эътироф этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этиб, Фарида Умаралиева ҳамда унинг устозларини, ота-онасини мукофот билан самимий қутлади.

Шундан сўнг мукофот соҳибаси ва унинг онасига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

– Аёллари доимий эъзозда бўлган, ёшларнинг орзу-интилишларига қанот бағишлаётган шу муқаддас Ватанда туғилиб, вояга етганимдан фахрланаман, –деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори. – Юртбошимиз томонидан билдирилган бундай юксак ишонч ва вилоят ҳокимлигининг катта эътиборига аъло ўқишим, ҳалол меҳнатим, фидойилигим билан жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева сўз олиб, истеъдодли ёшлар миллат келажаги, мамлакат таянчи эканини, Президентимиз раҳнамолигида униб-ўсиб келаётган  навқирон авлоднинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши, чуқур билим олиши, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун барча шароит яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлади. Фарғона ёшлари орасидан Фаридахон Умаралиева каби яна кўплаб мазкур Давлат мукофоти совриндорлари етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Тадбирда сўз олган фаол ёшлар тенгдошларини мукофот билан қутлаб, эсдалик совғаларини топширдилар. Фарғона санъат коллежи   ўқувчиларининг концерт дастури кечага янада файз бағишлади.

 

You must be logged in to post a comment Login