“ФАРҒОНААЗОТ” – ЯНГИ УФҚЛАР ОСТОНАСИДА

11

Бутун Ўзбекистон халқи бугунги кунда давлатимиз мустақиллигини  22 йиллик тўйи арафасида байрамни муносиб кутиб олиш тараддудлари билан яшамоқда. Албатта 22 йил тарих жиҳатидан жуда қисқа вақт. Лекин шу давр мобайнида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари уз моҳияти билан асрларга тенг.

Президентимиз раҳнамолигида ҳукуматимиз томонидан танланган йўл – ягона тўғри йўл эканлиги бугунги кунда ўз тасдиғини топмоқда.  Республикамизда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш йилига 8 фоизга ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Бу ўз ўрнида халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга, эртанги кунга ишонч билан қарашга имкон бермоқда. Буни нафақат Ўзбекистон халқи, балки дунё мамлакатлари ҳам эътироф этмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилмоқда. Шу билан бирга уларни айримларида ҳолатни бузиб кўрсатиш ёки тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш  ҳоллари  ҳам  учраб  турибди.  Жумладан,  шу кунларда  “Озодлик” радиостанцияси ишончсиз манбалардан олинган маълумотларга таяниб нотўғри ахборот тарқатган. Радиостанция маълумотларига кўра   “Фарғонаазот” очиқ акциядорлик жамиятида бир неча ой давомида ишчиларга ойлик маошлари тўламасдан келаётганлиги ҳамда корхона тўхтаб турганлиги хақида ахборот берилган. Ҳолбуки, бугунги кунда корхонада ишчи-хизматчиларни иш ҳақларидан қарздорлик умуман мавжуд эмас.

“Фарғонаазот” очиқ акциядорлик жамияти республикамизда ривожланиб келаётган йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, йилдан йилга ўз мавқеини, иқтисодий барқарорлигини таъминлаб келмоқда. Бу муваффаққиятларга корхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 июлдаги кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган қарорига мувофиқ амалга оширилган реконструкция ишларидан сўнг эришди.  Реконструкция ишлари аммиак ишлаб чикаришни қарийб 30 фоизга оширишга имкон берди. Бу ўз ўрнида аммиакли селитра ва карбамид ишлаб чиқаришларини тўлиқ қувват билан ишлашни таъминлаяпти. Реконструкция ишлари босқичма-босқич аниқ режа асосида амалга оширилди.

Бугунги кунда корхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 октябрдаги қарорига мувофиқ аммиак, аммиакли селитра ҳамда карбамид цехларида кенг кўламли реконструкция ишларини олиб бормоқда. Бу ўз ўрнида режа асосида корхона цехларини айрим муддатга тўхтатиб туришни талаб этади. Реконструкция ишларига тўхтатилиши  “Фарғонаазот” корхонаси тўхтаб қолди деган нотўғри маълумотни тарқатишга сабаб бўлган. Бу саволга қизиққанларга шуни айтиб ўтмоқчимиз: “Корхона ишлайди ва албатта, юқори суръатлар билан ишлайди”.

Корхонада ишчи-хизматчиларни турмуш шароитларига, соғлиқни сақлашга, Фарғона шаҳрини ривожлантиришга катта аҳамият бериб келинмоқда. Кимё корхонаси қошида узоқ йиллардан бери диагностика-соғломлаштириш цехи ва профилакторий ишлаб келмоқда. Бу ерда ишчилар корхона ҳисобидан ўз соғлиқларини тиклашлари учун барча шароитлар яратилган. Корхонада шунингдек, зарарли шароитда ишлаётганларга бепул овқатланиш ҳамда барча ходимларни ишга ва ишдан бепул олиб келиш ташкил этилган.

Корхона шаҳарни ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда. Узоқ йиллар Қиргули мавзесида қаровсиз турган майдонда корхона ҳисобидан болалар дам олиш боғи қуриб битказилди. Ушбу мажмуа қисқа муддат ичида нафақат корхона ишчиларининг, балки барча фарғоналикларнинг севимли дам олиш масканига айланиб қолди.

Корхонада ёшларни иш билан таъминлашга, уларга барча шарт-шароитлар яратиб беришга катта эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда корхона ҳисобидан 2 та ёшлар уйи қурилиб, 112 та ёш оилаларга фойдаланишга топширилди. Шу кунларда корхона ҳисобидан ёш ишчилар учун яна 56 хонадонли 1 та уй қурилмоқда. Булар ҳаммаси корхона ривожланаётганлигидан далолат беради.

А.Солижонов,
“Фарғонаазот” очиқ акциядорлик жамияти бошқаруви раиси.

You must be logged in to post a comment Login