ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ – МАЪРИФАТДА

kitob

Қадимги Урхун ва Энасой ёдгорликлари тош битикларига аждодларимиз соғлом ақл ила «Тафаккур йўли – абадий ҳаёт йўли» деб ёзиб қўйишгани бежиз эмас эди. «Ҳар ишки қилмиш одамизод, тафаккур бирла билмиш одамизод» дея ёзиб қолдирган ҳазрат Навоий. Фузулийдан Мирзо Бобургача, шоҳ Машрабдан мавлоно Муқимийгача бу борада бизни ҳамиша фикрлашга, тафаккур қилишга ундовчи ҳаётий хулосаларини ёзиб қолдиришган.

Вилоят ҳокимининг шу йил 6 март кунги фармойишига кўра, «Китобхонлик ҳафталиги», «Китобхонлар байрами» тадбирларини ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам халқимизнинг китобхонлик, китоб мутолааси, китобга муҳаббат борасидаги қадри кетмас қадриятлари давомийлигини таъминлашдан иборатдир. Махсус мухбиримиз мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти, ундан кўзланган эзгу мақсадлар хусусида Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Файзулло Зоҳидов билан суҳбатлашди.

– Тадбир доирасида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш орқали вилоятимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий муҳитни янада барқарорлаштириш, миллий ғоя тарғиботини кучайтиришга эришамиз, – дейди Ф.Зоҳидов. – Шу билан бирга оилавий китоб ўқиш анъанасини оммалаштириш, ёш ижодкорлар, фаол китобхон ва кутубхоначиларни муносиб тақдирлаш, қўллаб-қувватлаш имконияти яратилади.

Айни жиҳатларни инобатга олиб, фармойишда эзгулик байрамидан кўзланган мақсадга тўлиқ эришиш учун шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, таълим муассасалари раҳбарлари бевосита масъул эканликлари қайд этилган. Шунингдек, китобхонлик ҳафталиги ва байрами кунлари вилоятимиз миқёсида «Китобхон оила», «Китобхон маҳалла», «Китобхон мактаб» кўрик-танловлари ҳам ўтказилади. Эътиборли жиҳати шундаки, танлов ғолибларига 12 томлик Ўзбекистон энциклопедияси, Алишер Навоийнинг 10 томлик асарлар тўплами, Ўзбек тилининг изоҳли луғати каби китоблар совға қилинади.

Ўз навбатида вилоят ҳудудидаги ахборот-ресурс марказлари ва уларнинг тармоқ кутубхоналари адабиётлари бўйича мониторинг ташкил этилади. Ахборот-ресурс марказлари ва тармоқ кутубхоналарга ҳомийлик асосида китоблар совға қилиш учун бошқарма, ташкилот, идора ва муассасалар бириктирилиб, тавсия этиладиган юз номдан ортиқ китоблар рўйхати мониторинг асосида 500 номдаги китоблар орасидан танлаб олинди. Китоблар мавзуси жуда ҳам ранг-баранг, ижтимоий-сиёсий-маънавий, тарихий-бадиий адабиётлар, жаҳон адабиётининг энг сара асарлари шулар жумласидандир.

Эзгу юмушда фаол қатнашаётган ҳамюртларимизга раҳмат айтамиз. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи жамоаси 5 миллион ўрнига, 7 миллион сўмлик китоб тарқатди. Қўштепа туманидаги «Исмоилжон гиламлари» корхонаси раҳбари ўз хоҳиши билан тумандаги ўқув муассасаларига 3 миллион сўмлик китобларни совға тариқасида улашди. Рўйхатини давом эттиришимиз мумкин бўлган бу каби юртдошларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Ўзаро ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида маълум бўлишича, ихтисослашган ўқув қўлланмалари, психология, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, чет тилларини ўргатувчи махсус адабиётларга катта эҳтиёж мавжуд. Оила муқаддаслиги, маҳалла институти, ҳунармандчилик, миллий қадрият ва анъаналаримизни тарғиб этувчи китобларимизни кўпайтиришимиз керак. Юртбошимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида оммавий маданиятнинг зарарли жиҳатлари билан боғлиқ мулоҳазалар 20 дан ортиқ жойда учрайди. Кийиниш маданияти, таълим-тарбия, кино ва сериалларимиз, фарзандларимизни миллий руҳда тарбиялаш бир қарашда оддий масала. Лекин унга жиддий ёндошмасак, ёшларимизни оммавий маданият таъсирига тушиб қолишидан асрай олмаймиз. Унутмайлик, тараққиёт йўли – билим ва тафаккурда, маърифатда.

Бугун ёшларимиз, фарзандларимизга ҳадя этилаётган энг яхши совға, садоқатли ва ишончли дўст ўқилмай, китоб жавонлари, уйлар токчаларида қолиб кетмаслигига эришиш ота-оналар, устоз-мураббийларга боғлиқ. Энг аввало, ўзимиз ибрат ва намуна кўрсатишимиз зарур.

Хулоса ўрнида халқимизнинг қуйидаги нақлини эслаб ўтиш ўринлидир: «Сиз менга қандай китоблар ўқиётганингизни айтинг, мен сизга қандай инсон эканлигингизни айтаман!»                              

Суҳбатдош: Ботир ОМОН.

You must be logged in to post a comment Login