ЧАЛИНГАНДА СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ

1

Жорий ўқув йили ҳам тугаб мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида сўнгги қўнғироқ жаранглади. Кўнгилларда минг бир ҳаёжон, она каби азиз ва мўътабар бўлиб қолган муқаддас даргоҳдан йироқлашиб, мустаҳкам ҳаётга дадил қадамлар билан одимлаётган ёшларнинг қалбида билим олишга бўлган юксак мақсад орзулар осмонида парвоз этиш учун қанот бағишлайди.

Кечагина биринчи қўнғироқ садолари остида илк бор мактаб остонасини хатлаган жажжигина ўқувчилар, бугун илм-фан қирраларини озми-кўпми ўзлаштирган, ютуқ ва муваффақиятларга эришган фаол ёшлар сифатида қадрдон мактаблари билан хайрлашмоқдалар.

Айтиш мумкинки, бугунги кунда вилоятимиздаги 917 та умутаълим мактабларини 61811 нафар 9 синф ва 231 нафар 11 синф битирувчилари шунингдек, 156 та  касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларини 61783 нафар ёшлар тамомлаб таълимнинг кейинги босқичларига ўтишга тайёргарлик кўрмоқдалар. Энг асосийси билимга интилиш, зукколик ортидан камолот сари  олға бориш, Ватан истиқболига ўз меҳнати, ҳар соҳадаги эзгу саъй-ҳаракати билан   муносиб ҳисса қўшиш ўғил қизларимизнинг олий мақсадларидан биридир. 

Зуҳриддин Орифжонов, Фурқат туманидаги 14 мактабнинг  9-синф битирувчиси:

– Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларига хизмат қилмоқда. Айниқса, биз каби ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор, кўмак ва рағбат илм-фан қирраларини мукаммал эгаллашимизга, ҳар томонлама комил шасх сифатида шаклланиб, танлаган соҳамиз бўйича кўплаб ютуқларга эришишимизга замин яратмоқда. Мен таълим олаётган умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларнинг етарли билим олишлари, ўз қобилият ва маҳоратларини ривожлантириб боришлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Замонавий ўқув анжомлар билан таъминланган шинам хоналар, ахборот ресурс маркази, спорт зали, компьютер ва лаборатория кабинетлари биз ўқувчиларни назарий ва амалий билимларни тўла ўзлаштириб боришимизга шароит яратиб бермоқда.

Мактабимиз ўқувчилари шунингдек, фан олимпиадалари, билимлар синови каби кўплаб кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб кўзланган натижаларга эришиб келяптилар. Биргина ўтган йили мен ҳам туман мактаблари ўртасида ўтказилган “Аждодлар ёди” номли кўрик-танловда қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. Ушбу танлов давомида шунга амин бўлдимки, бизнинг тарихимиз, аждодларимиз қолдириб кетган умрбоқий мерос қандай буюк инсонларга ворис эканлигимиздан далолат беради. Биз истиқлол фарзандлари эса улуғ аждодларимизга муносиб бўлиб, ўз билим ва қобилиятимиз билан Ватанимиз шону шуҳратини кўкларга кўтармоғимиз лозим.

Мен битирувчиман. Олдинда юксак масъулиятли вазифалар ва олий мақсадлар кутиб турибди. Уларга эришиш учун бор билим ва касб-ҳунар сирларини сабот билан ўрганишга, она-юртим тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ўз кучим ва меҳнатимни сафарбар этаман.

Моҳинур Собирова, Ёрмозор академик лицейи ўқувчиси:

Инсоннинг камолотга етиши аввало, унинг меҳнати, интилишлари ва олдинда турган машаққатларни чидам билан енгишига боғлиқ. Бу қўлимдан келмайди, эплай оламанми? деган турли саволлар айрим ёшларимизни дангаса қилиб қўяётгандай назаримда. Бахт ва омад албатта осмондан тушмайди. Бунинг учун инсон ўз вақтида билим эгаллаши, ўз устида тинимсиз изланиши, интилиши ва меҳнат қилиши даркор.

 Ёрмозор академик лицейида таълим олаётган мен каби ёшларнинг барчаси ана шу қоидани ўз ҳаётининг мезонига айлантирган. Хусусан, тил ўрганишга бўлган иштиёқ бизга куч ва салоҳият бериб, фанлар юзасидан кўплаб билимларни мукаммал ўрганиб боришимизга ёрдам бермоқда.

Яқинда мен Германия шартномаси асосида ушбу давлатга бориб, у ерда таълим олаётган ёшлар билан танишиб келдим. Германиялик дўстларимиз ҳам гўзал Ўзбекистонимизга, унинг тарихий шаҳарларига қизиқишар экан. Мен немис тилида Ўзбекистон, унинг иқтисодий тараққиёти, гўзал шаҳар ва қишлоқлари, таълим муассасалари, у ерда ёшларга яратилган қулай шароитлар, халқимизнинг урфу одатлари, анъана ва қадриятлари ҳақида сўзлаб бердим. Хорижлик дўстларимиз ҳам бир куни албатта жаннатмакон Ўзбекистонга келишларини, бу ердаги тенгдошларимиз билан дилдан суҳбат қуришларини қайта-қайта таъкидладилар.

Бу йил мен учун синовли ва ўта масъулиятли йилдир. Сабаби қадрдон лицейимни тамомлаб, Фарғона давлат университетининг инглиз тили факультетига ҳужжатларимни топширишни ният қилганман. Келгусида ўз устимда тинимсиз изланиб етук таржимон бўлишни, Ватанимиз куч ва қудратини дунёларга таратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Анвар Мўминов, Қўштепа туманидаги Қоражийда иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси:

– Касб инсонга қўшқанот, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам ҳаётда яхши бир касбни танлаб, жамият ривожига муносиб ҳиссасини қўшган одам келгусида юксак натижаларга эришаверади. Мен ушбу фикрларни, устозлардан, ота-онамдан кўп бор эшитганман ва болалик чоғимданоқ банк соҳасида ишлашни, юртимиз банк тараққиётида ҳам кўплаб юқори натижаларга эришишни орзу қилганман. Ҳозирда ўзим танлаган соҳам бўйича касб-ҳунар коллежини тамомлаяпман.

Бу йил албатта Фарғона Давлат университетининг иқтисодиёт факультетига ўқишга кириб, ўз билимларимни янада мустаҳкамлаб, келгусида банк соҳасида юксак ютуқларга эришиш эзгу ниятимдир.

 Ҳа, бугун миллат тақдири ана шундай билимли, келажакка буюк мақсад, интилишлар билан мағрур боқа оладиган ёшлар қўлида. Фарзандларимизнинг шу она- Ватанни янада обод ва фаровон диёрга айлантиришдек эзгу мақсадларига биз ҳам тилакдошимиз. Таълим муассасаларида чалинган сўнгги қўнғироқ ёшларимизни ҳаётда тўғри ва аниқ йўлни танлай олишларига бир эзгу чорлов, ва умр йўлларини ёритувчи маёқ бўлиб хизмат қилсин.

You must be logged in to post a comment Login