НЕЪМАТЛАР ШУКРОНАСИ

Диёримиз йилдан-йилга тараққиёт чўққиларига кўтарилиб, аҳолининг турмуш тарзи фаровонлашиб бормоқда. Яратганнинг марҳамати туфайли 2013 – Обод турмуш йили юртдошларимиз учун файзли барокатли келди. Аввало тинчлик-осойишталик барқарор бўлган муборак заминда яшаяпмиз. Қолаверса, юртимизда тўкинчилик, бозорларда серобгарчилик, меваларнинг исталган туридан топилади, неъматларнинг саноғига етолмаймиз. Ёз фасли кириб боғларимизда мевалар пишиб етилди. Аҳоли томорқаларида етиштирилган меваю сабзавот, полиз экинлари оиланинг даромад манбаига айланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб айтади: “У сизлар учун ўша сув билан турли экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда  тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир.”

Бу оят маъносини чуқурроқ ўргансак, бизларга берилган неъматлар беҳисоб эканлигини кўрамиз. Юртимиздаги файз-барака барчамизга кундек равшан бўлиб турибди. Демак фаровонликни давомли бўлиши учун шукр қилиб, ҳар бир неъматни асраб-авайламоғимиз лозим бўлади.

Бугун деҳқон даласида катта меҳнат намунаси- буғдой ўрими бошланди. Экинзорларга чорва ҳайвонларини олиб кириб ҳосилни пайҳон қилмаслик ёки деҳқон меҳнатининг самарасига путур етказмаслик одамлар устидаги энг улкан масъулият ва бурч ҳисобланади. Бу борада жаноб пайғамбаримиз (С.А.В.) нинг муборак ҳадисларига эътибор берайлик. “Кишилар молини ноҳақдан ўзлаштирганлар қиёмат кунида азобга маҳкумдирлар”, дея марҳамат қилмоқдалар. Демак, даладаги ҳосилни пайҳон қилиш, ўғирлаб олиш кетиш азобга лойиқ бўлишдир.

Сир эмас, орамизда, халқ мулкига хиёнат қилиб, йиғиштириб олинган ҳосилни бошқа мақсадларда ўзлаштириб юборадиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Бундай номаъқул ишга қўл урганлар улкан гуноҳи кабирани содир этаётганликларини тезда англаб етишлари даркор.

Яхшилик сарвари марҳамат қиладилар: “Хазинадаги нарсани буюрилган жойга розилик билан тўлиқ ҳолда берадиган ишончли мўмин хазиначи ўз ёнидан садақа қилган одам билан баробар бўлади”. Бундан маълумки, ҳосилни ташишда ҳам жуда хушёр бўлмоқлик, уни тўкиб-сочмай, бир мисқолига хиёнат қилмай омборга тўлиқ етказувчи киши ҳам ажрга, савобга эга эканлиги бизларга билдирилмоқда.

Мазкур ҳикматли сўзлардан ибратланиб жамият мулки, дастурхонимиз кўрки бўлган буғдой ҳосилини вақтида йиғиштириб олишга ўз ҳиссамини қўшсак она юрт тузини оқлаган, яратганнинг неъматларига шукр келтирган инсонлардан бўламиз.

Ҳасан Басрийдан сўрашибди: Қалбнинг шукри нима? Жавоб берибдиларки, Аллоҳ неъматларини тафаккур қилишдир. Тилнинг шукричи? Неъматларга шукр айтиш, амалий шукр нима деганларида Ҳақ Таоло берган неъматларни исроф қилмай ўз ўрнида ишлатиш ва уларни ҳимоя қилиш деб жавоб бердилар.

Ҳа, азизлар, бугун биз деҳқону соҳибкорнинг меҳнатига баҳо беришдан аввал улар етиштирган ҳосилни нест-нобуд қилмай давлат омборига туширишга имконият қадар камарбаста бўлсак,  ўрим мавсумида тарғибот ишларини самарали ташкил этсак шунинг ўзи элу юртга эҳтиром, ҳурмат ифодасидир.

Тўкинчилик йўлида хизмат қилаётган кишилар меҳнатини қадрлашимиз, уларга маънавий рағбат кўрсатишимиз зарур. 

Турсунтоҳир  ЭРБЎТАЕВ,

вилоят бош имом хатиби.

Шоҳидбек АСЛОНОВ,

журналист.

You must be logged in to post a comment Login