БАХТЛИ БОЛАЛИК ДАМЛАРИ

113

Баҳорида олтин тупроғи уйғониб, ёзида асал таъмли мевалари ҳил-ҳил пишадиган, анвойи ўт-ўланни, настарин гул-япроқларни жўштириб юборадиган сўлим ва сокин Қувасойдамиз.

Шаҳарнинг бир четида “Кимёгар” болалар соғломлаштириш маркази бор. Ҳар йили ёзги таътилда “Азот” очиқ акциядорлик жамияти ишчи-хизматчиларининг фарзандлари мазкур оромгоҳда мириқиб дам олишади. Бу ерда ёш ўғил-қизларимиз учун барча имкониятлар муҳайё қилинган. Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун мўъжазгина кутубхона, “Маънавият” бурчаги, спорт зали, спорт майдончаси, бассейн хизматга шай. Шўх-шодон ўйнаб-кулиб юрган болажонларни кўриб ҳавасингиз келади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими ташаббуси билан “Ёзги таътилни “Камолот” билан” акцияси доирасида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирга “Универсиада-2013” спорт мусобақаларида иштирок этиб, вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган Фарғона давлат университетининг бир гуруҳ талабалари, таниқли шоир-ёзувчилар ҳамда ёш ижрочилар иштирок этишди.

Тадбирда Универсиада спорт ўйинларида тенгдошларига ўрнак бўлиб, сузиш бўйича иккита олтин медални қўлга киритган Малика Абдуқодирова ўз таасуротларини ука-сингиллари билан ўртоқлашди.

– Шу юртда туғилганимнинг ўзи мен учун энг катта бахт. Бухорода бўлиб ўтган спорт мусобақаларида қатнашиб, ғалабаларга эришганим Ватанимга бўлган муҳаббатимни, ҳис-туйғуларимни икки карра оширди. Янада бахтиёр бўлдим. Сизлар ҳам худди мен каби айни ёшлик чоғидан спорт билан шуғулланиб, ҳаракат қилсангиз нафақат универсиада мусобақалари ва мамлакат чемпионатида, балки жаҳон биринчилиги ҳамда олимпиада ўйинларида ҳам қатнашиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг номини дунёга таратасизлар. Бунинг учун сизларда барча имконият бор ва бундан унумли фойдаланиш лозим, – деди Малика ўз сўзида.

Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган болалар оромгоҳларида бугун ана шундай юқори кайфият ҳукмрон. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими барча дам олиш масканларида бўлиб, ёшларимизнинг дам олишлари учун ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ш.АСЛОНОВ.

 

You must be logged in to post a comment Login