Брюс Лининг сув фалсафаси

34566

Ёшлигимизда ҳолдан тойиб қолсак ҳам, умуман иложи қолмаган тақдирда ҳам дунёни букиб, остимизга олишга ўргатишади. Бошимиз билан деворни тешишга уринаётган бир пайтимизда худди сув каби кимдир ундан бемалол ўтиб кетади. Сув ҳаракати бу нима? Афсонавий Брюс Ли бу ҳақда нима деган? Келинг, билиб оламиз.

“Ўзимни ўзим назорат қилиш учун, аввало, ўзимни ўзим қабул қилишим керак. Ўз табиатимга қарши эмас, аксинча, у билан ҳамоҳанг ҳаракат қилишим лозим”.

Брюс Ли (Ли Чжэньфань) нафақат актёр, режиссёр ва жанговор спорт устаси сифатида танилган эди, балки у ўзидаги кучни метафизика фалсафаси билан уйғунлаштирган файласуф ҳам бўлган. Шу сабаб номи тиллардан тилларга достон бўлиб келаётгани ҳам бежиз эмас.

Брюс Ли биринчи бор кунг-фу билан 1950 йилнинг ўрталаридан шуғуллана бошлаган. Унинг биринчи устози Ип Ман унга Вин-Чунь услубида жанг санъатини ўргатган.

1959 йили Ли Гонконгни тарк этиб, Америкага йўл олди. Аввалига Сан-Францискода бўлди, сўнгра Сиэтл томон йўл олди. АҚШда у ўзининг жанг санъати мактабини очди ва ўзи яратган кунг-фу — Жит Кун-До (“Муштдан олдин ҳаракат”) услубида дарс бера бошлади.

“Оддий йўл — тўғри йўл. Курашда чиройли ҳаракат ҳеч кимни қизиқтирмайди. Асосийси ишонч. Сайқалланган ҳаракат. Ва аниқ ҳисоб-китоб. Шу сабаб мен Жит Кун-До — “мослашган одамнинг яшаши” услубида дарс бераман. Бу бесамар хатти-ҳаракат ва қувват сарф этмасдан фақат мақсад сари ҳаракатланишдир”.
1971 йили Брюс Ли кино карьерасининг энг юқори чўққисига чиққан бир пайтда “Лонгстрит” сериалида суратга тушди. Фильмнинг бир эпизодида Хитойнинг у-вэй фалсафасига тааллуқлии бир иборани ишлатди. (Кейинчалик бу ибора жуда машҳур бўлиб кетди).

“Шаклсиз бўл! Худди сув каби. Сувни пиёлага солсанг, у пиёлага айланади. Агар уни чойнакка солсанг, у чойнак бўлади. Сув сокин оқиши мумкин, вайрон ҳам қилиши мумкин. Сув каби бўл, дўстим!”.
Аммо бу машҳур афаризм Брюснинг сув ҳақидаги фалсафасини тўлиқ ифодалаб беролмайди. Брюс Ли ҳақида кўплаб китоблар ёзган Жон Литтл (John Little) 2001 йилда у ҳақда “Брюс Ли ҳаёт рассоми” (Bruce Lee: Artist of Life) жамланмасини чоп этди. Китобда актёрнинг бунда олдин чоп этилмаган хатлари, эслатмалари, шеърлари жой олган. Уларда Брюс Ли ҳаёт, муҳаббат, болалар тарбияси ва жанг санъати ҳақида бебаҳо фикр-мулоҳазалар билдирган.

Тахмин қилиб, шуни айтишимиз мумкинки, Брюсда сув ҳақидаги фалсафа устози Ип Ман ўргатган “холислик санъати” услубини ўзлаштира ололмаётган пайтида пайдо бўлган. Ли бу ҳақда мана бундай деб ёзади:

Брюс Ли:
“Ўз-ўзимни ҳис қилиш даражам шу даражага етиб бордики, психологлар буни икки томонлама алоқа деб аташади. Ана шунда устозим ёнимга келиб, шундай деди: “Ўзингни асра! Нарсаларнинг эгилувчанлигига ҳамоҳанг бўл. Холис бўл! Ёдингда тут, ҳеч қачон табиий нарсаларга қарши борма. Муаммоларинга ҳам қаршилик кўрсатма. Аммо уларни доим назорат қил. Улар сени қайси тарафга буришса, ўша томонга бурил. Машқларни бир ҳафта тўхтат, уйинга бор ва бу ҳақда ўйлаб кўр”.
Брюс худди шундай қилди.

Брюс Ли:
“Бир неча соат руҳий малакаларимни медитация ҳолатида ўтириб ўйладим. Охири таслим бўлдим ва ёлғиз ўзим сузиш учун жўнадим. Денгизда ўз машқларим ҳақида бош қотирдим ва бу менинг асабларимни бузди. Мен сувга мушт туширдим. Шу пайт миямга бир фикр урилди. Кунг-фунинг асл моҳияти сув эмасмикан? Мен унга зарба бердим. У оғриқ сезмади. Мен уни яна бор куч билан урдим. У ҳеч нарсани ҳис этмади. Мен уни ушлаб турмоқчи бўлдим. Буни имкони бўлмади. Сув дунёдаги энг юмшоқ нарсалардан бири. Уни кичкина идишга ҳам жойлаб қўйиш мумкин. У шунчаки сизга нимжон кўринади. Аслида эса сув ер юзидаги энг қаттиқ моддани ҳам емириши мумкин. Мен сув бўлишни хоҳлардим.

Шунда осмондан бир қуш учиб ўтди ва сувда унинг акси кўринди. Шунда мен бундан яна бир дарс олдим. У менда афсонавий бир фикр туғдирди. Рақибинг рўпарасида турганингда фикр хаёлинг ва ҳис-ҳаяжонларинг худди сувдаги қушнинг аксига ўхшаши керак. Бу айнан устозим айган сўз. “Холис бўл”. Бу ҳеч нарсани ҳис қилмаслик ёки ёлғизликда ўзингни қисиб буғиш дегани эмас. Бу ўзингни-ўзинг назорат қилишинг учун олдин ўзингни қабул қилишинг лозим дегани. Табиатингга қарши эмас, у билан ҳамоҳанг ҳаракат қилишинг керак дегани”.
Лао-цзинминг сўзларини изоҳлаб, Брюс Ли шундай ёзганди:

Брюс Ли:
“У-вэйдаги табиий нарсаларни кунг-фуда ифода этадиган нарса бу сув.

Сув — дунёдаги энг юмшоқ ва нимжон модда. Аммо қаттиқ ва мустаҳкам нарсани енгиб ўтишда унга тенг келадигани йўқ.

Бу — “Дао Дэ Цзин”даги бир лавҳа. У сув моддаси ҳақида сўзлаб беради. Сув қанчалар ажойиб, уни муштга қисиб бўлмайди. Уриб ҳам. Оғриқ сезмайди. Пичоқ билан кесиб бўлмайди. Яралаб ҳам. Бўлакларга бўл, барибир фойдаси йўқ. Унинг шакли йўқ. У хоҳлаган шаклга кириши мумкин. Хоҳлаган идишингизга солинг, у ўша шаклга кираверади. Қайнатсангиз, у кўринмас буғ ҳолатига айланади. Шунда у катта кучга эга бўлиб, қалин ерни ҳам қиздириб юбориши мумкин. Музлаганда у қаттиқ кристаллга айланади. Бу эса қудратли куч дегани. Сув Ниагара сингари тез бўлиши ёки кўлмакдаги каби сокин бўлиши мумкин. У сел келиш хавфи билан қўрқитиши ёки иссиқ кунларда салқинлик бахш этиши мумкин. Бу эса у-вэй принципидир.

Дарё ва денгизлар юзлаб водийлар ҳукмдори. Чунки улардаги куч ва сокинлик бу ерлар устидан қироллик қилиш ҳуқуқини беради. Уни енгмоқчимисиз? Унда унга эргашинг.

Бошқача сўз билан айтганда, жанг санъат фалсафасини оддий ҳаёт тарзига олиб чиқадиган бўлсак вазиятга қарши курашишдан олдин шу вазиятга кўникишни ўрганишимиз лозим. Вазиятга қарши сув каби юмшоқ ва ўзгарувчанлик зарур. Ҳаёт оқими ўзи сени бахт сари етаклайди. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлсанг, ҳақиқий тўфонга қаршилик кўрсат. Доимо оқимга қарши сузиш, ҳолдан тойдиради ва кўп ўтмай унда ғарқ бўлишинг мумкин”.

You must be logged in to post a comment Login