СОҲИБҚИРОННИНГ УЛУҒВОР ВА ЎЧМАС НОМИ

temur

Соҳибқирон Амир Темур номи бугунги кунда ўлкамиздаги энг азиз ва мўътабар масканларни безаб турибди. Кўчалар, маҳаллалар, гузарлар, хиёбонлар, боғ-майдонлар, маданият масканлари унинг номи билан аталмоқда.

Бу буюк сиймо номи  билан боғлиқ жойлар, фусункор масканлар, гўзал саънат обидалари, ёдгорликлар муқаддас қадамжолар бениҳоя кўп.

Соҳибқирон номи билан юритилувчи жойлардан бири Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий қисмидаги Амир Темур ғоридир. Бу табаррук маскан Қашқардарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Тошқўрғон қишлоғи яқинида жойлашган. Амир Темур ғори денгиз сатҳидан 2,5 минг метр баландликда жойлашган бўлиб, табиатнинг улкан мўъжизаларидан бири ҳисобланади. Бу ғор бир пайтлар бобомиз Амир Темур ва унинг сипоҳлари учун бошпана  вазифасини бажарган. Улар шу ерда жанговор машқлар ўтказиб, мислсиз жангларга  тайёргарлик кўрганлар.

Бу ердан чор-атроф яққол кўзга ташланиб турган. Ҳеч  ким бу ерга тўсатдан бостириб кела олмаган. Амир Темур ғори икки қисмдан:отхона ва асосий ғорни узун ва баланд супа бирлаштириб туради. Отхонада соҳибқирон лашкарининг  юзлаб отлари сақланган.Асосий ғордан ҳам бошпана, ҳам ҳарбий қароргоҳ сифатида фойдаланилган. Ғорнинг деворлари, шифтлари чиройли тош сумалаклар билан безанган. Ғор тўрида кўл бор. Ёғингарчилик кўп бўлган йиллари ундаги сув сатхи 2-2,5 метргача кўтарилади. Қисқаси, кишини ҳайратда қолдирадиган даражада гўзал бўлган ушбу маскан-Амир Темур ғори жахонгир бобомиз қадамжоларидан биридир. Унда умрининг маълум даврида шу ерда қўним  топган буюк соҳибқироннинг улуғвор ва ўчмас номи муҳрланиб  қолган.

Вилоятнинг Чироқчи туманидаги Тарағай, Лангар қишлоқлари яқинида Амир Темур номи билан боғлиқ иккинчи ғор жойлашган. Журналист Ҳаким Сатторийнинг “Хотира карвони” асарида қайд этилишича, мазкур ғор жуда улкан бўлиб, 50 метрлар юрилгач, уч томонга йўл кетади, бироқ ҳеч ким бу йўлларнинг охирига етган эмас. Унда Шайбонийхон зулмидан қочган барлослар  яширинган деган ривоятлар бор. Айтилганидек, ғорнинг поёни йўқ бўлиб, охири Самарқанддан чиқар эмиш. Бинобарин, ҳар икки  ғор хам ҳар томонлама пухта ўрганишга арзийдиган она-табиатимизнинг нодир  ёдгорликларидандир.

Соҳибқирон номи асосида вужудга келган топонимларни яна юртимизнинг турли ерларида, шунингдек,  қўшни  мамлакатларда ҳам  учратиш мумкин.  Чунончи, Амир Темур туғилган жой-Хўжаилғор ва унинг атрофларида бир неча шифобахш  булоқлар  мавжуд бўлиб улардан бири “Амир Темур чашмаси” деб юритилади.

Самарқанд шаҳридаги Гўри Амир мақбараси жаҳонгир Темур бобомизга боғлиқ бўлган энг муқаддас жойлардандир. Бу ерда ўз даврининг йирик ҳукмдори, адолатли подшох темурийлар  салтанатининг асосчиси  Амир Темур абадий макон топган. Гўри Амир мақбараси ташқи ва ички безакларининг бойлиги жиҳатидан дунёдаги энг ноёб ва машхур архитектура ёдгорликларидан ҳисобланади. Бу даргоҳга бобокалонимиз рухини ёд  этгани ҳар куни минглаб кишилар келиб кетадилар. Унинг мангу маконини ихлос билан тавоф қиладилар, ўчмас, боқий шуҳрати олдида бош эгадилар.

Амир Темур номи  билан аталувчи  хиёбон унинг ўлмас даҳосига бўлган беқиёс ҳурмат ва эътиқод ифодасидир. Хиёбонда  мумтоз обида – Амир Темурнинг улуғвор ҳайкали қад ростлаган. Ҳайкалда қўрқмас ва довюрак, шижоатли ва жасоратли, синчков ва фаросатли, кенг фикрли ва чуқур мулоҳазали, тўғри сўз ва ҳақгўй Амир Темур бутун борлиғи билан баҳодирона гавдалантирилган.Амир Темур хиёбони ҳозирда Тошкентнинг энг диққатга сазовор гўшаларидан бирига  айланган, у тобора гўзаллашиб, чирой очиб бормоқда. Ўзгача файз ва тароватга  эга  бўлган ушбу хиёбонда Амир Темур шарафига Темурийлар тарихи давлат музейи  барпо этилган.

Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида 40 гектар майдонни эгаллаган ботаника боғи бор. 1000 дан  зиёд турли дарахт ва гул кўчатлари ўстирилаётган ушбу масканга  Соҳибқирон номи берилган.

1996 йил-Амир Темур йилида Юртбошимиз   ташаббуси ва  раҳнамолигида Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Соҳибқирон шарафига маҳобатли майдонлар бунёд этилиб, ҳайкал ўрнатилди.

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган буюк сиймолардан бири, улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг номи ҳаммамиз учун азиз ва қадрлидир.Шундай табаррук инсоннинг авлоди эканлигимиз қалбимизга чексиз ғурур бахш этади. Буюк аждодларимизга муносиб бўлишга ундайди.  

You must be logged in to post a comment Login