Ота танланмайди, Танланмас Она.

15
 
ВАТАН
 
Либос танланади,
Танланар дўст-ёр.
Вақт ўтиб ўзгарар фикрат, замона.
Дунё айланса ҳам минг карра,
Зинҳор —
Ота танланмайди,
Танланмас Она.
 
Жонбахшдир бир оғиз айтган каломи,
Ўки гапи дилга тиғдай ботадир;
Хунукми, гўзалми, яхши, ёмонми,
Она —Она эрур,
Ота — Отадир.
 
Оллоҳдандир қачон, қайда туғилмоқ,
Сен учун шу тупроқ Каъба дафъатан.
Ота-она янглиғ улуғ, тенги йўқ,
Ота-она янглиғ танланмас Ватан.
 
Камситмасман ўзга юртларни асло,
Ҳамма бу очунда оний меҳмондир.
Не бахтки, мен учун Каъба—Бухоро,
Ватаним қуёшли Ўзбекистондир.
 
Унинг келажаги баркамол, порлоқ,
Ўтмиши ҳам боқий, улуғвор, қадим…
Насиб этса агар қайта туғилмоқ,
Шу юртда дунёга келган бўлардим.
 
Жаҳонгир Исмоилов.

You must be logged in to post a comment Login