Бухоронинг тоғлари

17
 
Гарчи Бухорода табиий тоғ йўқ,
Бағри шу жиҳатдан кемтиклиги рост.
Лекин афсус чекма,
Кечмишингга боқ,
Сиймолар кўп тоққа этгулик қиёс.
 
Ўтмиш ортда бугун, замона янги,
Илмига то абад дунё берар тан.
Номи яшаётир оламда мангу,
Айтинг, Ибн Сино қайси тоғдан кам?!
 
Бухоролик дея Имом Бухорий,
Кўксимиз тоғ тутиб, туямиз ғурур.
Истиқлолдан қадр топдилар олий,
Етти пир ҳар бири битта тоғ эрур.
 
Бас! “Кўҳна ва боқий Бухоро”га бор,
Сиртига битилган номларни ўқи.
Ундаги ҳар бир ном бир тоғ пурвиқор,
Бағрида бўй чўзган саноқсиз чўққи.
 
Шариф шаҳар эрур
Азалдан бешак.
Нур янглиғ таралмиш маърифат, илм.
Қанча фарзандлар бор шарафи юксак.
Санаб адоғига ета олган ким?!
 
Ноёб обидалар мерос шаклида,
Аждодларнинг бизга битган изҳори,
Теран назар солсанг улар аслида,
Ҳар бири ўзича бир тоғ тимсоли.
 
Оғушида юриб идрок этган чоғ,
Рамзий тоғ кўрасан боқма қаёққа.
Шу важ бу заминда эҳтимол Оллоҳ,
Ҳожат йўқ дегандир, табиий тоққа.
 
Жаҳонгир Исмоилов.

You must be logged in to post a comment Login