ҚИШЛОҚ ШИФОКОРЛАРИ УЧУН 25 ФОИЗ МАХСУС ОЙЛИК ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

тибб

Президент Ислом Каримовнинг мамлакатини 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида олдинга сурилган вазифалардан келиб чиқиб, тажриба тариқасида Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида патронаж ҳамширасининг ўз функционал вазифаларини нечоғлиқ тўлиқ бажариши ҳамда фаолиятининг якуний натижаларидан келиб чиққан ҳолда, унинг иш самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Бу йил ушбу тажрибани мамлакатимизнинг яна 18 та туманида қўллаш мўлжалланмоқда.

Вилоятда самарасиз иш олиб бораётган 8 та қишлоқ врачлик пунктлари бошқа ҚВП ларга бириктирилди. Қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ бўлмаган, мослаштирилган биноларда жойлаштирилган ҳамда фойдаланиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган, камқувватли, самарасиз ишлаётган ҚВП лар тугатилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, узоқдаги, бориш қийин бўлган ва чўлдаги аҳоли пунктлари жойлашган ҚВП ларнинг умумий амалиёт шифокорларига меҳнатнинг алоҳида шарт-шароитлари учун таъриф ставкасига нисбатан 25 фоиз, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг узлуксиз иш стажи давомийлиги учун устаманинг энг кўп миқдори – таъриф ставкасининг 20 фоизидан 40 фоизи миқдорида махсус ойлик устамалар жорий этилди.

– Патронаж ҳамширалар ишини рейтинг тизимида баҳолаш 26 та кўрсаткич бўйича олинган бўлиб, бунда ҳамшира ҳар бир шартни тўлиқ бажарса, 5 баллдан 130 балл тўплаши назарда тутилган, – дейди Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ҳамдамжон Қурбонов, –Бундан келиб чиқиб ҳамширанинг ойлик иш юкламаси баҳоланиб, ойлик, чораклик баллар йиғилади. Чорак якунида юклатилган вазифанинг бажарилиш самарасига кўра,  улар рағбатлантириладилар, паст балл олганларга эса интизомий чора қўлланилади. Туманимиздаги 19 та ҚВП да ишловчи барча патронаж ҳамширалари ушбу тажриба жараёнида фаол қатнашдилар. Ҳотамтой ҚВП ҳамшираси Дилфуза Улуғова 113 балл йиғиб, юклатилган вазифани 86,9 фоизга самарали бажарди. У каби бошқа ўнлаб ҳамширалар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Ҳа, рейтинг баҳолаш тизимига ўтилгандан кейин ҚВПларда фаолият олиб бораётган патронаж ҳамширалари ва шифокорларнинг ҳар бир хонадонга кириб бориши тўлиқ таъминланди. Болалар, туғиш ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, туғруқдан кейинги уйда кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатининг оширилишига эришилди. Натижада қишлоқ аҳолиси томонидан қишлоқ врачлик пунктларига қатновлар сони ошди. Бу ерда ишловчи ходимларга нисбатан аҳолининг ишончи ҳам ортиб бормоқда.

Ўзбекистон туманида ўтказилган  чуқурлаштирилган ва профилактик кўриклар натижасида аҳоли ўртасида бирламчи касалланиш кўрсаткичлари, туман марказий шифохонасига оғир аҳволда мурожаат қилган беморлар сони, 1 ёшгача болалар ўлимининг камайишига эришилди.

Қарорга кўра, биринчи босқичда патронаж ҳамширалар иши рағбатлантирилган бўлса, кейинги босқичда шифокорлар фаолияти рейтинг тизимида баҳоланиб, Ўзбекистон ва Тошлоқ туманларида бу тажриба оммалашади.

You must be logged in to post a comment Login