ЎЗБЕКНИНГ БАХТЛИ ҚИЗИМАН

IMG_0093

Болаликдаги орзулар… Улар мунаввар тонгларда боғимдаги гул баргларига қўнган биллур шабнам мисоли мусаффо, мен баробар югурган озода ирмоқлар каби учқурдир.

Бу беғубор орзу-ҳаёллар завқини дунёдаги ҳеч нарсага алишгинг келмайди. Йиллар ўтгани сайин ана шу покиза ният-истаклар эзгу мақсадга айлана боради. Бу юксак мақсад пиллапояларининг ҳар бирини забт этиб борганинг сари ота-онанг, яқинларинг, қалбингда яшаётган муқаддас Ватан олдида юзинг ёруғ бўлиб, руҳинг ҳам юксалиб бораётганини ҳис этасан. Саҳифамиз қаҳрамони Фарангиз Жўраева каби истеъдод эгалари нафақат вилоятимиз миқёсида балки, мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларда етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Бугун қизалоқнинг ютуқларини ўз тилида сизларга илиндик.  

– Мен бу йил 11 ёшга тўлдим. Ҳар сафар эришган жажжи муваффақиятларимни баҳам кўриш учун меҳридарё ота-онам дийдорига ошиққанимда, гўё атрофдаги гуллар, дарахтлар, қушлар мени эркалаб тасанно айтаётгандек туюлади.

Фарғона шаҳридаги 4-сонли мусиқа ва санъат мактабида беш йилдан буён таҳсил оламан. Устозим Элвира Бакалис менга скрипка чалишнинг барча сир-асрорларини қунт билан ўргатади. Қалбимда жўш ураётган истеъдодимни рўёбга чиқаришда ота-онам, устозимни меҳнатлари беқиёс деб ўйлайман. Март ойида Испаниянинг Коста Браво шаҳрида бўлиб ўтган  “Очиқ Испания” халқаро танловда 30 та давлатдан келган ёшларни орасида биринчи ўринни олганимда нимагадир кўзимга ёш келди. Устозимни қучоқлаб йиғлаб юбордим ва Ўзбекистоннинг бахтли қизи эканимдан хурсанд бўлдим.

Сиз шундай катта танловда ғолиб бўламан деб ўйлаганмидингиз, деган саволимизга: “Мен Испанияга биринчи ўринни оламан деб, ўзимга сўз бериб борган эдим. Чунки мен ўзбек фарзандиман. Ортимда қалқон бўлгувчи Ватаним борлиги кўнглимни хотиржам қилди” деб жавоб бергани ақлимизни шошириб, ҳайратимизни ошириб қўйди десак муболаға бўлмайди. Эндигина 11 ёшга кирган қизалоқдаги қатъият, ақл-идрок беихтиёр буюк аждодларимизни ёдимизга солди.

– Тўғрисини айтсам қизимдан бу каби натижаларни кутмаган эдим, дейди суҳбатга қўшилган Фарангизни онаси. Замонавий кўринишда таъмирланган  мусиқа мактаби ёнидан қизим билан бирга ўтиб кетаётиб, мактаб ичини қизиқиб айланиб кўрмоқчи бўлдик. Тасодифан Элвира Бакалис билан учрашиб, гаплашганимдан сўнг Фарангизни машғулотларга олиб келадиган бўлдим. Мана кўриб турганингиздек натижалар ёмон эмас.

– Фарангизни онаси қўлидан етаклаб мактабимизга олиб келганида 6 ёшда эди. Ўшанда унинг чақнаб турган кўзларига қараб тиришқоқ, меҳнатсевар, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил бора олишига ишонгандим. Башоратим тўғри чиқди дейди кулиб, Элвира Абдураҳмоновна. 2013 йил Азарбайжонда 20 та ислом давлатлари ўртасида бўлиб ўтган танловда иштирок этиб, халқаро диплом соҳибаси бўлди. Энг қувонарлиси Қарши шаҳрида 2013 йил бўлиб ўтган “Академик чолғулар эстрада ижрочилиги” танловида республика босқичи совриндори бўлганидир. Бундан ташқари 2014 йил Франсиянинг Париж шаҳрида 8-халқаро мусиқачилар танловида ҳам 3-ўринни эгаллади.

Шогирдларимни ютуғларини кўриш мени бахтим. Ҳар бир танловга борганимизда менга ҳам алоҳида ташаккурнома беришганида касбимга бўлган иштиёқим янада ортади. Йиллар давомида ўқувчиларга санъатни ўргатиш жараёнида талантлиларини кўп кўраман. Мустақил юртнинг фарзандлари имкониятлар борлиги учун юксак чўққиларни заб этишга қодир.

Фарангиз сизни келажакдаги ғалабаларингизга омад тилаймиз!

You must be logged in to post a comment Login