ФАРҒОНАДА 320 НАФАР УРУШ ҚАТНАШЧИСИ ҲАЁТ КЕЧИРМОҚДА

4

Ҳар гал Фарғона шаҳридаги Хотира хиёбонидан ўтар эканман, нуронийлар, ёшлар бу ерни зиёрат қилаётганига гувоҳ бўламан.  Мотамсаро она ҳайкали, Хотира китобига муҳрланган исм-фамилиялар ота-боболаримизнинг садоқат ва жасоратидан сўзлаётгандек гўё. Мажмуадаги ободлик, саришталик кўнгилга ажиб бир хотиржамлик бағишлайди.  Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар азиз жонларини беҳуда қурбон қилмаганларини янада теран англайди киши. 

Президентимиз раҳнамолигида ёши улуғ инсонларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларга муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари доимий эътибор ва ғамхўрлик оғушида. Зеро, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизда уларнинг  ҳиссаси беқиёс.

Мамлакатимизда ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.  Мазкур сана Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган кун сифатида янада қадрлидир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳаётимизга, хонадонларимизга файз ва барака берадиган фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, уларнинг ҳаётини узайтиришга, умрини мазмунли қилишга қўлимиздан келганча ҳисса қўшиш, уларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатиш бизнинг инсоний бурчимиз эканини, бу ҳаёт ғанимат эканини унутмаслигимиз зарур.

– Фарғона вилоятида 320 дан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси Топволди Холдоров. – Байрамлар арафасида уларнинг хонадонида бўлиб, совғалар улашилади. Ёшлардан иборат “Ғамхўрлик гуруҳлари” уларнинг уй юмушларига кўмаклашмоқда.

Шаҳар ва туманларда, маҳаллаларда, таълим муассасаларида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан турли учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Фахрийлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнунликларини билдириб, мустақиллигимиз, юртимиздаги тинчлик-осойишталик барқарор бўлишини, халқимиз фаровонлигини тилаб дуо қилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда шу йил 6 мартдаги “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари уларга кўрсатилаётган доимий эътиборни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Фарғона шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иван Найпак 90 баҳорни қаршилади. Урушдан кейин Ўзбекистонга келган Иван ота узоқ йиллар ипакчилик комбинатида ишлади.

– Ўзбекистон – менинг Ватаним, – дейди И.Найпак. – Мустақиллик йилларидаги ҳаётим умримнинг энг сермазмун даври бўлди. Тинчлик шароитида хотиржам яшаш нима эканини ҳис этдим. Орзуларим рўёбини, невара-чевараларим камолини кўрдим. Президентимизнинг, халқимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигини ҳис этиб яшаш биз, кексаларнинг қадрини улуғ, қаддини баланд  қилмоқда.

Иван Найпак турмуш ўртоғи Вера опа билан икки ўғил, бир қизни вояга етказди, элга қўшди. Шаҳар фаоллари байрамларда, турли саналарда унинг хонадонида бўлиб, ҳолидан хабар олади, ёшлар уй юмушларига кўмаклашади. Президентимиз фармонига мувофиқ отахон 1994 йили “Жасорат” медали билан тақдирланди. Отахон маҳалла тадбирларида фаол иштирок этади. Шаҳарни яёв айланиш унинг севимли машғулотларидан. Шаҳарда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлардан, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан қувонади, руҳи янада тетиклашади.

Бугунги тинч ва осойишта кунларга осонликча эришилгани йўқ. Бинобарин, ана шу йўлда жасорат ва матонат кўрсатган, фидокорона меҳнат қилган кексаларимизни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.

You must be logged in to post a comment Login