ОРЗУ-УМИДЛАР БАЙРАМИ

3

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Фарғона шаҳридаги Аҳмад Фарғоний номли истироҳат боғига эрта тонгда  орзулари ойдин бахтиёр болалар кириб келишди.

Шу куни истироҳат боғи байрамга хос паннолар, кўргазма воситалари, ранг-баранг шарлар билан безатилди. Кичкинтойлар турли атракционларда учиб, болалик  гаштини сурдилар. Турли ширинликлару, музқаймоқлар болаларга бир олам завқу шавқ улашди.

Ўқувчилар томонидан тайёрланган тасвирий санъат ва хайкалтарошлик намуналари,  мактабгача таълим муассасаларининг қўл иши билан  яратилган юмшоқ ўйинчоқлар кўргазмалари намойиш этилди.

Марказий маданият уйи ҳамда Киргули мавзейида фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказининг истеъдодли ёшлари томонидан қизиқарли концерт дастурлари болаларга туҳфа этилди. Шунингдек, иқтидорли болалар иштирокида асфалтга расм чизиш кўрик-танлови ҳамда спортнинг стол тенниси ва шахмат-шашка йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Унда фаоллик кўрсатиб, юқори натижаларни кўлга киритган ёшларга ташкилотчиларнинг совғалари топширилди.

– Стол тенниси бўйича бугунги танловда қатнашиб, бир неча бор ғолиб бўлдим, – дейди  Ёрмозор мавзесидаги 30 умумтаълим мактабининг 7 синфида ўқувчи  Исломбек Неъматов. – Спорт биз ўқувчиларга  куч-қувват, сиҳат-саломатлик ва шижоат беради. Маҳалламиз ва мактабимизда ўтказиладиган спорт мусобақаларда доимий фаол иштирок этиб келаман. Юртимизда биз болаларнинг спорт билан шуғулланишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ана шу қулай шароитлардан оқилона фойдаланиб, юқори марраларни эгаллаяпмиз. 

Фарғона шаҳридаги “Аква парк” мажмуасида ҳам болалар куни шодиёналари юксак савияда ўтказилди. Унда Фарғона шаҳридаги  маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган тадбиркор ва ҳунармандлар ўз маҳсулотлари кўргазмалари билан қатнашишди, викторина ўйинлари ташкил этилди. Унда ғолиб бўлган билимдон кичқинтойларга совғалар ҳадя этилди. Шу қаторда шаҳардаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган 350 дан зиёд кам таъминланган оила фарзандлари ҳам байрам совғалари билан тақдирланди.

Жорий йилги тадбирлар “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остида  ўтказилмоқда.

Фарғона шаҳридаги “Болажон” кафесида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, имконияти чекланган болалар иштирокида “Менинг эзгу орзуим” мавзусида расмлар  кўрик-танлови  ташкил этилди.

Кўрик-танловда  истеъдодли болажонлар “Она-Ватан”, “Фаровон оила”, “Бахтли болалик” мавзуларида чизган расмлар кўргазмалари билан иштирок этишди.

Юксак қобилиятли, ижодкор болаларнинг тасвирий санъат намуналарини кузатган киши  беихтиёр уларнинг беғубор ва бахтли оламига сайр этади.  Шу онда жажжи қалблари билан эзгу орзу мақсадларини камалак ранглар жилосида ифода этган ўғил-қизлар ижодидан хайратга тушасан.

Танлов давомида энг сара ижодий намуналар ҳакамлар томонидан муносиб баҳоланди. Унга кўра биринчи ўринни Фурқат туманидан Хасанбой Эсоналиев қўлга киритди.  Иккинчи ўринга  Фарғона туманидан Фахриёр Турғунов, учинчи ўринга Фарғона шаҳридан Роҳатой Турғуновалар муносиб деб топилиб, уларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шу куни  болажонлар учун   қизиқарли концерт дастури  ҳам намойиш этилди. Вилоят қўғирчоқ театри жамоасининг ғаройиб томошалари, вилоят рус драма театри томонидан намойиш этилган спектакл барчага кўтаринки руҳ бағишлади. 

You must be logged in to post a comment Login