Гиёҳвандликка қарши курашиш фуқаролик бурчимиздир

121

Аҳоли орасида соғлом ҳаёт тарзини таъминлаш, ёшларимизни жисмоний ва маънавий комил инсонлар этиб тарбиялаш борасида мамлакатимизда йирик ижтимоий дастурлар қабул қилиниб, ижро этилмоқда.

Инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлаш бу ижтимоий вазифалардан бири ҳисобланади. Жиноятга оид статистик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари амалиёти маълумотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари таҳлиллариига кўра, дунё бўйича гиёҳванд моддалар истеъмоли ва у билан боғлиқ бўлган жиноятлар ўсиб бораётганлиги кузатилмоқда. БМТ нинг маълумотига қараганда, дунёда жами 140 миллионга яқин киши гиёҳвандлик касаллигига чалинган.

Гиёҳвандликнинг қандай иллатлиги ҳаммага аён. У билан боғлиқ салбий жараёнларнинг олдини олиш ҳозирги кунда жамиятимиз олдида турган долзарб муаммолардан биридир.

 «Гиёҳвандлик» юнонча «narkoticos»  сўзидан олинган бўлиб, «бир лаҳза бўлсада ҳаёт ташвишларидан, муаммоларидан йироқлашиш ёки физиологик роҳатланиш хоҳиши», деган маънони англатади. Бу иллат шахслараро муносабатларнинг вайрон бўлишига, оилаларнинг бузилишига, бекорчилик, боқимандалик, текинхўрликка олиб келади. Гиёҳвандликка йулиққан шахсда жамият учун хавфли бўлган яна бошқа иллатлар ҳам шаклланади. Қонунбузарлик учун жавобгарликдан қочиш мақсадида аста-секин хуфёна фаолият кўрсатишга ўтади. Бу эса гиёҳвандларнинг хафлилигини янада оширади.

Жамиятимиз ҳаётидан бундай салбий иллатни йўқ қилиб юбориш, уни бартараф этиш учун кенг ва оммавий тарзда йирик ижтимоий-сиёсий, маъмурий, тиббий ва бошқа бир қатор муаммолардан иборат бўлган комплекс масалаларни ҳал этиш лозим. Айниқса, халқимизнинг онгини ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантириб, жойларда ёшлар иштирокида доимий тарзда тарғибот ишларини самарали амалга оширишимиз зарур.

Республикамиз Президенти И.А.Каримов 1997 йилда жаҳон оммавий ахборот воситалари ва тараққийпарвар шахслар томонидан жуда катта қизиқиш билан кутиб олинган «Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли асарида йигирма биринчи аср вабосига айланиб улгурган ва бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ кураш олиб борилаётган гиёҳвандликнинг хавфи ҳақида алоҳида тўхталиб: “Ушбу жиноий бизнес яратиб берадиган жуда катта бойлик ортириш имкониятлари унинг иштирокчиларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳам, миллий қонунлари мажмуи билан ҳам, айниқса, “оқ ажал”нинг ҳалокатли оқибатлари билан ҳам ҳисоблашмай, ҳамма ишни қилишга мажбур этмоқда”, деб таъкидлашган ва бутун дунё ҳамжамиятини бу иллатга қарши курашга чорлаган.

Гиёҳвандликка қарши кураш, унинг олдини олиш  барчамизнинг, энг аввало, инсоний ҳамда фуқаролик бурчимиз саналади. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни бу иллат таъсиридан сақлаш, соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида ўстириш биз педагогларнинг устувор вазифамизга айланиши лозим.

You must be logged in to post a comment Login