ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНГ ЯХШИ ҲАМШИРАСИ АНИҚЛАНМОҚДА

122

Президент Ислом Каримовнинг 2007 йил 19 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ, қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармони, 2007 йил 2 октябрдаги “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори талабларидан келиб чиқиб, мана бир неча йилдирки, “Ҳамшира” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Бундан кўзланган мақсад, Республика Ҳукумати томонидан белгиланган Давлат дастурини амалиётга жорий этиш, “Соғлом она – соғлом бола” дастурини амалга ошириб боришни таъминлаш, оналарнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳамшираларнинг билим даражаларини ошириш, истеъдодларини намоён этиш ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга шарт-шароитлар яратиб беришдан иборатдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий Кенгаши билан ҳамкорликда “Ҳамшира-2015” кўрик-танлови Республика босқичи Фарғона вилоятида ўтказилмоқда.

Танловга вилоятлардан 14 нафар ўз худудларида юксак мувафаққиятга эришган ҳамширалар ташриф буюриб, улар Қўқон шаҳрида тантанали равишда кутиб олинди. Меҳмонлар Қўқон Жоме маънавият мажмуаси, шаҳар ўлкашунослик музейи ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

Танлов иштирокчилари Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида амалиёт ўташди.

Шундан сўнг меҳмонлар вилоят ҳокимлигида қабул қилиндилар. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Тўлқиной Тожиева иштирокчи қизларга омад тилади. Барча ҳамшираларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Юксак эътибордан бошимиз кўкка етди, – дейди Самарқанд вилоятидан келган Хосиятхон Якубова – Бизни жуда  яхши кутиб олиб, барча қулайликлар яратиб берилди, бунинг учун барча иштирокчилар номидан  чуқур миннатдорчилик билдираман. Танловда барча дўстларимга омад тилайман  ва ўзим ҳам Республиканинг энг яхши ҳамшираси деган номга эришишга ҳаракат қиламан.

You must be logged in to post a comment Login