ФАРМАЦЕВТИКА ФАОЛИЯТИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

122

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тиббий хизмат сифатини тадрижий равишда ошириб бориш, айниқса, аҳолини сифатли, кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш, фармацевтика фаолиятини тубдан такомиллаштириш каби қатор муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилган. Биргина мисол, 1997 йилда республикамизда атиги 2 та фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатиб, улар томонидан 30 га яқин номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугун юртимизда 149 та фармацевтика корхоналари фаолият кўрсатмоқда ва улар томонидан 1482 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Ана шу рақамнинг ўзиёқ, мамлакатимизда аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш, фармацевтика фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилаётганини кўрсатади. Бу соҳадаги муносабатлар “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.

Қонун асосида дори воситалари си-фатини назорат қилиш тизими яратилган бўлиб, 8 та тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси фаолият кўрсатмокда. Сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришлар амалдаги қонуннинг айрим нормаларини сезиларли даражада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу боис янги таҳрирдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик палатасига киритилди ҳамда муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасида дорихонанинг ваколатлари, уни бошқариш, фаолиятига қўйилган шартлар ва уларни назорат қилиш билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топди. Бугунги кунда озиқ-овқатларга қўшиладиган биологик фаол моддалар, санитария-гигиена предметлари, шифобахш озиқ-овқатлар, маъданли сув ва даволаш-косметика маҳсулотлари савдоси билан кўплаб савдо тармоқлари шуғулланаяпти. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида эса ушбу маҳсулотларни дорихоналар орқали ҳам сотиш мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Амалдаги қонунга асосан дорихоналарни фақатгина олий маълумотли фармацевт бошқаришига рухсат бериларди. Бугунги амалиётдан келиб чиқиб, дорихона филиалларини олий ёки ўрта махсус маълумотга эга фармацевт ҳам бошқариши мумкинлиги ҳақида меъёр киритилмоқда. Бу тиббиёт коллежларининг фармацевтика йўналишларини битираётган минглаб ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, дори препаратлари йўриқномаларига риоя этилмаса организмда ножўя таъсирлар юзага келади. Бундай ҳоллар баъзан ногиронликка, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин. Таҳлилларга кўра, дунё бўйича дори воситаларига ножўя реакциялар натижасида юзага келадиган ўлим ҳолатлари юракқон-томир, саратон, сил касалликларидан кейин тўртинчи ўринда туради.

Айтиш жоиз, амалдаги қонунда ножўя реакция ва уларни аниқлаш, ўрганиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни кўриш билан боғлиқ нормалар мавжуд эмас. Унинг янги таҳрири лойиҳасига эса ушбу тушунча киритилди. Бундан ташқари, дори воситаларининг ножўя реакцияларини аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш (фармакоогоҳлик) билан боғлиқ илмий тадқиқотларни амалга ошириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилмоқда.

Асосий дори воситалари рўйхатидаги аҳолининг биринчи навбатдаги эҳтиёжини қондириш мақсадида танлаб олинган дори воситалари ҳамда беморни ногиронликка олиб келувчи ёки ҳаётига хавф солувчи кам учрайдиган (орфан) касалликларга ташхис қўйиш, профилактика, даволаш учун мўлжалланган орфан дори воситаларини бемалол олиш ва айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг имтиёзли берилишини тартибга солиш каби вазифалар Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари қаторига киритилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, қонун лойиҳаси рецептсиз бериладиган дори воситалари ва асосий дори воситалари рўйхатини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлашга оид меъёр билан тўлдиридди. Алоҳида нормада дори воситаларини яратиш ёки ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бориш тегишли лицензияга эга ташкилотлар томонидан амалга оширилиши назарда тутиляпти.

Айтиш жоиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинаётган ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинса, бугун кўпчилик дуч келаётган ва уларнинг ҳакди эътирозларига сабаб бўлаётган кўплаб муаммолар бартараф этилади.

You must be logged in to post a comment Login