КИЙИМ КЎРКИ -ХОН АТЛАС

Ўзбек ҳақида гап кетганда атлас кўйлаги-ю бошида зар ва ироқи дўппилари ярашиб турган қизлар кўз олдингизга келарди. Лекин бир мунча вақт мана шу тасаввурингизни жонлантира олмай қолдингиз. Негаки замонга қараб кийиниш маданиятлилик белгиси бўлиб қолди (Баъзи бир зиёлилар назарида).

Бир пайтлар қиз- болага сеп йиғилганда ҳам аввало, атласнинг жамики турларидан солинарди. Энди-чи? Бир танишим қизига болалигидан сеп йиғишни бошлаганди. Хонатласнинг майда тароғу, шахмати, чашмаси-ю, номозшоми, қўйингки, ҳар туридан ҳавас билан ўзи киймай битталаб йиғди.

Лекин қизини узатиш вақти келганда ҳозир ҳеч ким атлас киймай қўйган, янги урф бўлган кўйлаклардан қилиб берасиз, деб туриб олди. Она келинлик кўрки миллий кийимда эканлигини қанчалик уқтирмасин қизининг фикри ўзгармади. Ота-она қарз ҳавола қилиб бўлса ҳам қизининг кўнглига қараб яна сеп ҳозирлади.

Лекин янги хонадонда бели хипча фасон кўйлаклар билан хизмат қилиб юрган қаёқда-ю, атлас кўйлак кийиб юрган қаёқда. … қўшни уйга келин тушди. Эрта тонгда кўча супургани чиққан келинчакни кўрган
Наима ўзини ўнғайсиз сезди. Сочи икки ўрим, эгнидаги атласи ял-ял ёняпти…

Уни хаёлан ўзига қиёслади. Беихтиёр сочларини пайпаслади. Онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай сочини қирқтириб, жингалак қилдиргани, баъзида тароқ ўтмай хуноб қилишини ўйлаб, кўнгли хира бўлди. Уйга келгач, онасининг дилини оғритиб, бир чеккага суриб қўйган атласларини энди меҳр билан бирма-бир кўра бошлади. Атлас бирам ярашдики, кўзгуга қараб ўзи ҳам тўймади сира!..

Ҳа, давр ўзгариб яшаш, кийиниш маданияти юксалаётгани билан миллий
кийимларимиз-у урф-одатларимиз ўз қадрини йўқотмаслиги керак. Ҳар нарсанинг меъёри бўлади. қизга аталган сеп-сидирғанинг ҳам.

Ҳамма аёлларга бирдай ярашимли атлас кўйлакнинг эса ўрни бошқа. Охори тўкилмаёқ бир зум модадан чиққан атлас кўйлакларимиз яна қиз-у жувонларимиз эгнида ял-ял товланиб кўзни олмоқда.
Хотин-қизларнинг сўнги модаси яна хонатлас бўлган бўлса ажаб эмас…
ЗУМРАДХОН.

You must be logged in to post a comment Login