Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаерда таваллуд топган?

12

Бетакрор юртимиз нафақат Осиё, балки жаҳон тараққиётига, тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар юрти эканлигини бутун дунё билиб, эътироф этиб турибди. Лекин Марказий Осиёдаги айрим давлатлар,  боз устига давлат раҳбарлари бу тарихий ҳақиқатни бўяб, ўзбек заминидан етишиб чиққан алломалар, давлат арбоблари, шоир ва адибларни “ўзлариники” қилиб олишга  ҳаракат қилаётганликлари кишини ажаблантиради.

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Марказий Осиё мамлакатларига қилган ташрифи чоғида Қирғизистон Республикасида бўлганида шу мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев билан матбуот анжумани ўтказди. Анжуман тафсилотларига бағишлаб шу йилнинг 13 июль куни Қирғизистоннинг ЭЛТР телекомпаниясининг “Кун сереп” янгиликлар дастурида президент А.Атамбаев Ҳиндистондаги бобурийлар давлатига асос солган Бобуршоҳ Қирғизистоннинг жанубий қисмида таваллуд топган буюк шахс деб айтишдан тап тортмади. Бу гапни оддий инсонлар, нари борса тарихни яхши билмайдиган кишилар айтса, унчалик эътибор бермаслик, муносабат билдирмаслик мумкин эди. Ҳеч қандай тарихий ҳақиқатга тўғри келмайдиган бу фикр мамлакатнинг биринчи раҳбари тилидан айтилганини қандай изоҳлаш мумкин?! Ахир бу олти асрлик тарихни, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатни топташ эмасми?! 

Ўтмишдан яхши аёнки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўш шаҳри ёнидаги Сулаймон тоғига кичик сарой бунёд эттиради. Сарой бир неча бор бузилганига қарамай, ҳозир ҳам сақланиб қолган. Лекин бу Бобуршоҳ Қирғизистоннинг жанубида, Ўш шаҳрида таваллуд топган дегани эмаску?!

 Қирғизистон ҳудудида Бобур номи ва ҳаёти билан боғлиқ бошқа арзигулик манба, маскан ҳам йўқ.  Лекин Ўш касабаси Темурийлар даврида ўтган асрнинг 20 йилларигача Фарғона музофоти таркибида бўлганлиги ҳам айни ҳақиқат.          

Бугун муҳтарам ўқувчиларимизга такрор бўлсада буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида билганларимизни эслатиб қўйишни лозим топдик. Зотан, аждодларимиз билан фахрланиш ҳисси бизни тарк этмас экан, уларга муносиб бўлиб яшаш шиори ҳам ҳар нафасда бизни уйғоқлик сари етаклайди.

Таъбир жойиз бўлса улуғ Истиқлол узилган олтин занжир – ватан тарихини мустаҳкам боғлади, дея баралла айтишимиз мумкин. Шу йилларда хусусан темурийлар сулоласига доир салмоқли тарихий манбалар билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Мустақиллик йилларида она Ватанимиз бобуршунослик маркази сифатида дунё миқёсида эътироф этилди. Темурийлар сулоласи, бобурийлар салтанати ҳақида тарихий романлар, қиссалар, ҳужжатли асарлар яратилди. Олимларимизнинг илмий мақолаларида шоҳ ва шоир Бобур мирзонинг ҳаёти ва ижодига доир талқинлар ҳозир ҳам жаҳон афкор оммасини эътиборини қозониб келяпти.

Бобур меросини ўрганишни рағбатлантириш мақсадида Андижон шаҳрида тузилган Бобур номидаги Халқаро жамғарманинг амалга оширган ишлари таҳсинга сазовордир. Жамғарма аъзолари кейинги йилларда ўндан ортиқ Шарқ мамлакатларида бўлиб, Бобур ва бобурийлар қадамжоларини зиёрат қилиш билан бирга, улуғ бобомиз ва унинг авлодлари ҳақидаги янги маълумотларни аниқлаш, тўплаш, буюк ватандошимиз ижодини ўрганиш борасида Ўзбекистонда қилинаётган ишлар, истиқлол туфайли мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар билан кенг жамоатчиликни танишириш мақсадида ибратли фаолият олиб бормоқда.

Қўлимизда 2014 йил  Тошкентда “Ниҳол” нашриётида чоп этилган “Юртимиз алломалари” китоби турибди. Мазкур рисолада ўрта асрларда юртимиздан етишиб чиққан қирқта аллома ва мутафаккирнинг ҳаёт йўли, уларнинг оламшумул аҳамиятга эга мерослари ҳақида нодир маълумотлар ўз аксини топган.  Улар орасида жаҳон маданияти хазинасига улкан ҳисса қўшган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида муфассал қайдлар ҳам бор.

Бобур 1483 йил 14 февраль куни Фарғона вилоятининг пойтахти Андижонда туғилди.

Унинг отаси Умаршайх мирзо Амир Темурнинг набираси Абусаид мирзонинг тўртинчи ўғли бўлиб Фарғона вилоятининг ҳокими бўлган. Умаршайх 1455 йилда  Самарқандда туғилиб, 1494 йилда Ахсида вафот этади. “Бобурнома” да ёзилишича, у зиёли киши бўлиб, “Хамса” ва “Маснавий” китобларини кўп мутолаа қилар экан. Бобурнинг онаси  Қутлуғ Нигорхоним Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобурнинг  ёшлиги, асосан, Ахсикент ва Андижонда ўтади. Умаршайх вафот этгач, 1494 йил 10 июнь сешанба куни 12 ёшида Бобур Мирзо Фарғона  улусининг ҳукмдори сифатида тахтга ўтиради. Худди шу кундан бошлаб темурийлар шаҳзодасининг бу вакили  ўзаро жанглар, қирғинлар исканжасида яшай бошлайди. У вазият тақозоси билан ҳарбий юришларини Афғонистон ва Ҳиндистон ҳудудига кўчирган бўлса ҳам, умрининг охирига қадар она Ватанига қайтиш фикрибилан яшади. Афсуски, унинг бу умидлари рўёбга чиқмади. Бобурнинг қуйидаги сатрлари ҳам унинг машаққатли қисматини тўла ифода этади:

Толъе йўқ жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўюб Ҳинд сори юзландим,

Ёраб нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бобур 1504 йилда, 21 ёшида Қобулни эгаллаб, шу ерда қарор топади. У Афғонистонда ўз салтанатини мустаҳкамлайди, ободончилик ва ижод билан  шуғулланади. 1519 йилдан 1525 йилгача беш марта Ҳиндистонга юриш қилади ва 1526 йил апрель ойида Панипат шаҳри яқинида бўлган жангда Иброҳим Лўдийни енгиб, Деҳли ва Агра шаҳарларини эгаллайди. Шимолий Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатади.

Шу ўринда бобуршунос олимлар ҳикоя қилган бир қисса ёдга тушади: Милодий 1527 йилнинг февралида Сигири тоғининг этагида қирғинбарот уруш бўлди ва  бу жангда туронзамин фарзандлари ғалаба қозондилар. Ўшанда Бобур  мирзонинг суюкли рафиқаси Моҳим бегим Қобулда эди. У ҳар бир кунни изтиробда ўтказар, олампаноҳнинг ёнига бориш учун изн кутарди. Ниҳоят Деҳлидан таклиф келади. Моҳим ўз қоровуллари ва канизаклари билан Ҳиндистон сарҳадига яқинлашганларида меҳмонларни кутиб олгани  Бобур Мирзонинг ўзи чиқади.

Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”  асарида шундай жумлалар бор:

“Подшо бобом то от келтургунларигача тоқат қилмай, пиёда йўлга тушиб, Нинча Моҳим уйлари олдида биз билан учрашдилар. Онам отдан тушмоқчи бўлдилар, лекин подшоҳ Бобом қўймасдан, ўзлари онамнинг отлари жиловларидан ушлаб, ўзи уйларига етгунча пиёда келдилар…”

Мана шу қиссанинг ўзи ҳам улуғларимизнинг ажойиб табиатига таъриф беради. Буни ўқиб аёлга эҳтиром кўрсатишда халқимизга тенг келадиган халқ топилмайди, деган ифтихорга ҳам борамиз.

Адабий тахминларга суянадиган бўлсак ҳазрат Бобур Моҳим бегимга атаб ёзган сатрларининг бирида ўзи туғилиб ўсган ватани Андижонга ишора борлигини англаш қийин эмас. Чунончи,

Не ерда бўлсанг, эй гул андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингга тараҳҳум айлагилким, анда жонийдур…

Дарҳақиқат, алломалар бир сўзни бир неча мазмунда қўллашган. Ушбу сатрлардаги “анда жоний” сўзига эътибор қаратсак, бу “Андижон” сўзига жуда яқин келади. Шоир “Бобурнома” асарининг дастлабки саҳифаларида “Андижон эли туркдур, элининг тили қалам билан ростдур” дейди. Бу билан ростгўйлик ва ҳаққонийликка суяниб қалам тебратган шоир исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатни ўша пайтнинг ўзидаёқ айтиб кетганлигига иқрор бўламиз.

You must be logged in to post a comment Login