“Smile Asia” халқаро ташкилоти мутахассислари Фарғонада

12

Ўзбекистонда барча соҳалар қатори тиббиёт тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилгани аҳоли саломатлигини асрашда, малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда.

Айниқса, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган кўркам, шинам муассасаларда фаолият юритаётган соҳа ходимларининг билим ва тажрибалари ҳам талаб даражасида. Аҳоли ўзининг шароити ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, пуллик тиббий муолажалардан ҳам фойдаланиши мумкин. Муҳими, инсон манфаатлари устувор мамлакатимизда бепул тиббий хизмат кафолатланган.

Давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ва пуллик хизмат кўрсатишнинг замонавий тизими яратилган. Бу борадаги ишлар «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солинмоқда.

Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2015 йилнинг 17-21 август кунлари Сингапур ҳамда Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг мутахассислари томонидан юз-жағ ва лаб-танғлай соҳасида нуқсонлари бўлган болаларда пластик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Акциянинг очилиш маросими 17 август куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб ўтди. Тадбирда Сингапурнинг Smile Asia халқаро ташкилоти мутахассислари, Фарғона вилоят ҳокимлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вакиллари сўзга чиқиб, ушбу акциянинг муваффақиятли ўтишига тилак билдиришди. Шу куни мутахассислар томонидан 220 нафардан ортиқ болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилишга муҳтож бўлган 62 нафар бемор операция қилинди.

Марказда худди шундай акция 2014 йилда ўтказилган. Унда юз-жағ, лаб-танғлайида нуқсони бўлган ва куйишдан кейинги асоратлари бўлган 105 нафар болаларда муваффақиятли жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.

Марказнинг моддий-техник базасини йилдан-йилга яхшиланиб бораётганлиги, касалликларни ташхислашда ва даволашда фойдаланиладиган энг замонавий тиббий аппаратлар билан таъминланиб келаётганлиги ушбу акцияларни муваффақиятли ўтказилишида қўл келмокда.

You must be logged in to post a comment Login