24 ЙИЛДА 12 ТА ЯНГИ МАКТАБ ҚУРИЛДИ

5

Донишманд аждодларимиз томонидан қадимги Урхун-Энасой битикларида ёзиб қолдирилган “Тафаккур йўли – абадий ҳаёт йўли” деган эзгу тушунчанинг мазмун-моҳиятини инсон онги ва тафаккури учун мафкуралар кураши тобора авж олиб бораётган бугунги долғали замонамизда янада теранроқ англаб етмоқдамиз. Бу дунё илм-фани тамаддунига тамал тошини қўйган ота-боболаримизнинг эзгу ғоялари нақадар ҳаётий эканлигидан далолатдир.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимиз таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари жаҳон ҳамжамияти томонидан тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилди. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари Ўзбекистон таълим тизимидан андоза олаётгани, ўзининг таълим соҳасига татбиқ этаётгани қувонарли, албатта.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида амалиётга жорий этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ва унинг мантиқий давоми бўлган “Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури” ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари доирасида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар тимсолида мамлакатимизнинг юксак тараққиёти, буюк келажагини бунёд этишдек эзгу орзу-мақсадлар мужассам эканлиги намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ҳар биримизни бугунги тинч-осойишта ва фаровон ҳаётнинг асоси, аввало, бу – Мустақиллик эканлигини англаб етишга ундайди. Бу ҳуқуқий ҳужжат билан танишиш асносида бевосита таълим тизимида эришилаётган ютуқлар биз устоз-мураббийларни ўз ишимизга замонавий мезонлар бўйича ёндошиш, фаол ва фидойи бўлиш, янги-янги ташаббусларни илгари суришга даъват этаётганини қалбан ҳис этамиз.

Истиқлолнинг ўтган йиллари давомида халқимизнинг мардонавор босиб ўтган йўли, бугунги ютуқ ва марраларга қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришилганини инобатга олиб, бу йилги энг улуғ, энг азиз байрам тантаналарини ўтказиш учун “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори танланди. У муштарак мақсад йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимизни ўзида тўлиқ мужассам этган.    

Қарорда алоҳида эътироф этилганидек, Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамиятининг ҳаваси ҳамда қизиқишига сабаб бўлаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда кейинги уч йил ичида иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да юртимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, МДҲ давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллади.

Бу борада вилоят халқ таълими тизимидаги янгиланиш ва ўзгаришларнинг ўзи ҳам “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга муносиб жавоб бўла олади. Мустақилликка қадар вилоятимизда 233 та мослаштирилган мактаб, 345 та мослаштирилган болалар боғчалари мавжуд бўлиб, ўтган йигирма тўрт йил ичида 12 та умумтаълим мактаблари янгидан қурилди. Айни жараёнда 257 та мактаб қайта реконструкция қилинди, 449 таси капитал таъмирланди.

2014-2015 ўқув йилининг ўзида вилоятимизда 1 та янги мактаб қуриш, 10 та мактабни реконструкция қилиш, 11 та мактабни мукаммал таъмирлаш учун қарийб 30 млрд сўм маблағ ажратилди. 2015 йилги манзилли дастур доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган умумтаълим мактаблари 53 млрд сўмлик мебель, ўқув-лаборатория, компьютер техникаси ва спорт анжомлари билан жиҳозлангани соҳага бўлган эътибор ва рағбат кўлами тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради. Биргина жорий йилнинг ўзида вилоятимиздаги 100 та мактабгача таълим муассасаларига салкам 19 млрд сўм маблағ ажратилиб, таъмирлаш ва қўшимча жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

Вилоят халқ таълими тизимида ҳозирги кунда 1664 та таълим муассасалари, 20 та “Баркамол авлод” марказлари, 51 та спорт мактаблари, 27 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари мавжуд. Замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги авлодни тарбиялашда яратилаётган қулай шарт-шароитлар муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

2003-2014 йиллар давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали томонидан 165 та спорт иншоотлари бунёд этилди. Бунинг учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 91,2 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 2014-2015 ўқув йилининг ўзида 500 нафарга яқин фарғоналик ўғил-қизларимиз республика ва халқаро мусобақалар, қитъа биринчиликларида ғолиб бўлганларини яратилган шароитларнинг ҳаётбахш самараси сифатида эътироф этиш мумкин. Ўқувчиларимизнинг халқаро фан олимпиадалари, мусиқа ва санъат соҳасида ўтказилаётган турли халқаро танловларда эришаётган ютуқлари янада қувонарлидир.

2015-2016 ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига 64,5 минг нафардан зиёд ўқувчилар қабул қилинади. Белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида барча таълим муассасаларига Президент совғаси – 12 номдаги ўқув қуроллари етказиб берилди. Юртбошимиз ва давлатимизнинг бу ғамхўрлиги мурғак қалбларда дунёда ягона бўлган меҳрибон она Ватан – Ўзбекистонни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш, унга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини тарбиялайди.

Шу кунларда вилоятимизда анъанавий Август кенгашларини ўтказишга жиддий тайёргарлик кўриш ишлари якунига етказилди. Кенгашлар фаолияти мобайнида мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигини “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори асосида муносиб кутиб олиш ва нишонлаш ҳамда “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган шиор билан “Мустақиллик дарслари”ни ташкил этиш вазифаси белгилаб олинади. “Мустақиллик” дарсларини ташкил этишда Ўзбекистон ўз вақтида собиқ мустабид тузумнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан, бирёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан, “шок терапияси” каби номаъқул моделлардан бутунлай воз кечиб, машҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олгани ва дунёда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ривожланиш стратегиясининг реал натижаларини аниқ таҳлиллар орқали очиб бериш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган бир қатор педагогик инновациялар: “Дарс – муқаддас”, “Ўрган – ўргат”, “Билимлар беллашуви”, “Мураккаб фанни – ўрганаман”, “Соғлом муҳит – соғлом жамоа”, “Узлуксиз ва узвий”, “Яхши муаллим – сифатли таълим” каби методик тадбирларини татбиқ этишда таълим муассасаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш масалалари кенг муҳокама этилади.

Ўз навбатида 2014-2015 ўқув йилида ўтказилган “Йилнинг энг яхши фан  ўқитувчиси”, “Энг обод таълим муассасаси”, “Йил директори” танловлари ҳамда ўқувчилар ўртасида бўлиб ўтган “Билимлар беллашуви”, фан олимпиадалари, “Инглиз тили билимдонлари”  каби танловларнинг вилоят ҳамда республика босқичи натижалари кенгашлар йиғилишларида ҳар томонлама таҳлил қилиб чиқилади. “Маҳорат мактаби”, “Устоз-шогирд” йўналишидаги ишлар самарадорлигини ошириш, илғор ўқитувчилар иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилади. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи ҳам яна бир карра ўрганилади.

Қомусий алломаларимиз таъкидлаганларидек, мактаб – саодатга элтувчи йўл, дунё иморатлари ичида энг улуғи – мактабдир. Хўш, истиқлол йилларида ана шу эзгу мақсад йўлида таълим тизимида олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг бош меъмори ким?

– Бу – фарзандларимиз биздан кўра ақлли, зукко, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт деган муҳтарам Президентимз!

– Мустақил давронимиз – дунёда ягона, бетакрор ва қиёси йўқ она Ватанимиз!

You must be logged in to post a comment Login