СИЗЛАР БИЛАН БУТУН ЭЛ ФАХРЛАНАДИ

12

Миллий армиямиз салоҳияти кундан-кунга юксалиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафида  ҳар томонлама интеллектуал, билимли, зукко, маънавиятли, жисмонан соғлом йигитлар хизмат бурчларини шараф билан адо этмоқдалар. Уларнинг навқирон қиёфаси, мардона юзларига боқиб, ватан тинчлиги, осойишталиги ишончли қўлларда эканлигига яна бир бор иқрор бўламиз. Дарҳақиқат, ҳарбий йигитлар табаррук отахонларимиз таъбири билан айтганда юртнинг қўрғони, шону шавкат, матонат тимсолидирлар. Улар билан нафақат ота-оналари, яқинлари балки бутун эл фахрланади.

Аскар деганда кўз ўнгимизда Ватан ҳимоячиси, ғурури баланд, нигоҳлари синчков ва теран азамат йигитлар сувратланади. Улар орасида танлаган касбининг моҳир усталари, ноёб қобилиятлари билан сафдошларини ҳайратда қолдирадиган ўғлонларимиз бор.

Дилмурод Джанбоев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида таваллуд топган. У болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Техникага бўлган қизиқиши уни ҳар қандай асбоб-ускунани созлашда, таъмирлашга ундарди. У бошлаган ишини ниҳоясига етказмагунча бошқа юмушга қўл урмасди. Сабр-тоқат, собитқадамлик барқ уриб турарди шууридан. Шарафли ва масъулиятли касб-ҳарбий хизматда камол топишни дилига мақсад қилиб тугиб қўйган бу навқирон йигит бугунги кунда кичик сержант.

Дилмурод “Энг яхши мутахассис” танловида фахрли ўринни эгаллади. Демак, унинг ёшликдаги интилиш ва изланишлари, техникага бўлган ёниқ иштиёқи ўз самарасини кўрсатди.

Кичик сержант хизматдошлари орасида ҳам, оиласи даврасида ҳам ўз сўзи, қатъияти, инсонларга меҳр-садоқати билан обрў-эътибор топган. Зотан, унинг камоли аёли, икки дилбанди ва яқинлари, энг муҳими осуда Она Ватанимиз билан юксак ва шарафлидир.

You must be logged in to post a comment Login