АДОЛАТ ТАРОЗИСИ МУСТАҲКАМ

12

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг энг муҳим йўналишларидан бири бу суд-ҳуқуқ ислоҳотларидир. Бу ислоҳотлар шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат.

Республикамизда суд соҳасидаги ошкораликни таъминлаш, тизим фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш борасида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган. Жумладан, “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатларда судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш ва танлаш тартиби аниқ кўрсатиб ўтилади. Бу борада “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши  ҳам қабул қилинган.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга эга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси бўлиши мумкин.

Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси бўлиши мумкин.

Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида ўн йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди судьяси бўлиши мумкин.

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий унвонга эга бўлган ва ушбу моддадаги талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд судьяси бўлиши мумкин.

Ҳарбий судлар судьяларига «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ҳарбий низомлар, ҳарбий хизматчилар учун белгиланган, шунингдек ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш чоралари татбиқ қилинади.

Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар белгиланган тартибда ўқиши ва амалиёт ўташи шарт. Ўқув ва амалиётни ўташ даврида улар асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ўз меҳнат вазифаларини бажаришдан озод қилинади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, демократик ривожланишлар сари дадил одимлаб бораётган мустақил Ўзбекистонимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ошкораликни янада юзага чиқариш ва адолат тарозисини мустаҳкам тутишда судяликка номзодларни саралаб олиш муҳим аҳамият касб этади.

You must be logged in to post a comment Login