БАҒРИКЕНГ ЮРТИМ

SHQ_7109

Шу йилнинг 20-27 август кунлари вилоятимизда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали ташкил этилди.

Фестиваль доирасида Қўштепа, Олтиариқ, Ёзёвон, Риштон ва Фарғона туманлари ҳамда Қувасой шаҳрида байрам тантаналари ўтказилди. Тантанали тадбирнинг якуний қисми Фарғона шаҳридаги Аҳмад Фарғоний номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 7 та миллий маданий марказлар, 15 дан ортиқ миллат вакиллари фаол иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлармамлакатимизда тинч-осойишта, фаровон ҳаётни таъминлашда миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва аҳил-иноқлик муҳим омил эканлигини таъкидладилар. Йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 24 йиллик қутлуғ санаси билан самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг сўлим боғнинг мусаффо осмони узра таниш ва қадрдон оҳанглар жаранг сочиб, ўзбек, рус, қирғиз, татар, корейс, немис тилларида куй-қўшиқлар янгради. Миллий маданий марказлар қошида фаолият кўрсатаётган бадиий жамоалар, ансамбллар ўз маҳоратларини намойиш этишди. Шодон даврадаги хушкайфият катта-ю кичикни даврага – рақсга чорлади.

Байрам тадбирлари доирасида турли миллатга мансуб ўқувчи-ёшларнинг “Биз – Ўзбекистон фарзандларимиз!” мавзусида асфальтга расм чизиш бўйича танлови, маҳалла ёшлари ўртасида шахмат мусобақалари уюштирилди. Унда фаол қатнашган ва ғолибликка эришган баркамол авлод вакиллари эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

– Ўзбекистон – бизнинг она Ватан! Ўзбекистон – бизнинг тақдиримиз, келажагимиз, – дейди Татар миллий маданий маркази раҳбари Равиль Тугушев. – Биз шундай юртда туғилиб ўсганимиз, дунёда қиёси йўқ меҳрибон диёрнинг бағрида эмин-эркин, тинч ва фаровон яшаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Бундай юртни кўз қорачиғидай авайлаб-асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

You must be logged in to post a comment Login