Наманганда 5 йилда 3 минг 179 та намунавий уй-жой қурилди

14c

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган замонавий уй-жойлар қишлоқлар кўркига кўрк, файзига файз бағишлаш билан бирга, халқ ҳаёти сифатини юксалтирмоқда, дунёқарашини ўзгартирмоқда. 

Буни Наманган вилоятида барпо этилаётган замонавий уйлар, янги даҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Давлат раҳбарининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 2009-2014 йиллар мобайнида барча туманлардаги етмиш иккита массивда намунавий лойиҳа асосида 3 минг 179 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу мақсадлар учун 339 миллиард 510 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилгани бунёдкорлик ишларининг кенг кўламли эканлигидан далолат беради. 

2014 йилда Наманган, Мингбулоқ, Косонсой, Норин, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон туманларидаги қишлоқларда барча шарт-шароитга эга 777 замонавий уй барпо этилди. Уч ва тўрт хонали бу уйларга кўчиб кирган юртдошларимиз қувончининг чеки йўқ. Айниқса, уй бекалари фарзандларининг тарбияси, рўзғор юмушлари учун яратилган қулайликлардан мамнун. 

– Қўрғонтепа қишлоғидаги “Ғалаба” даҳасида қурилган янги уйга кўчиб ўтдик. Хоналар алоҳида, ўзбекона урф-одатларга мос тарзда жойлаштирилгани бизга жуда ёқди, – дейди Норин туманидаги 14-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси Маҳлиё Тожибоева. – Ошхона, ювиниш хоналарида аёллар учун ҳамма шароит муҳайё. Фарзандларимизнинг дарс тайёрлаши, дам олиши учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Бу уларнинг дунёқарашига ҳам ижобий таъсир этади. Илгари бундай чиройли ва шинам, ҳар томонлама қулай уйлар фақат шаҳарларда бўлади, деб ўйлардик. Энди шаҳарликлар бизга ҳавас қилмоқда. Халқимизга шундай шароитлар яратиб бераётган, аёлларга ва болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётган Юртбошимизга мингдан-минг раҳматлар айтамиз. 

Янги қишлоқларни барпо этишда аҳоли учун барча зарур шароитларни яратиш – инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон этиб белгиланган. Шу боис уларни муҳандислик-коммунал тармоқлар – электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, иситиш, канализация билан таъминлаш, йўллар, кўприклар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Наманган вилоятидаги қишлоқ массивларида ўтган йиллар мобайнида 164 километр ичимлик суви, 116 километр газ, 80 километр электр тармоқлари тортилиб, 83 километр ички йўллар қурилди. Мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари, маҳалла гузарлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилди. 

Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 январдаги “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу йил Наманган вилоятида 848 замонавий уй-жой қурилиши режалаштирилган. Бугунгача 602 уй қурилиб, фойдаланишга топширилган.

– Қурилиш ва пардозлаш ишларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган материаллардан фойдаланилмоқда, – дейди “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси Наманган вилояти филиали бош муҳандиси Фазлиддин Камолов. – Ошхона, ювиниш хонаси, меҳмонхона ва бошқа хоналар тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган мебель ва маиший техникалар билан жиҳозланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида бу борада катта тажриба тўплангани, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши яхлит индустрияга айлангани қурилишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. 

Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик халқимизни бунёдкорликка, барча соҳаларда янги марраларни эгаллашга ундамоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши, турмуш даражаси юксалиши, муносиб ҳаёт кечиришига хизмат қилмоқда. 

You must be logged in to post a comment Login