ҲАЁТГА КУЛИБ БОҚИНГ!

ф

Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” хайрия фонди, Туркиянинг ТИКА ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида “Фарзанд табассуми – оила қувончи” хайрия акцияси ўтказилди.

Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларидан келган ота-оналар фарзандлари билан хорижлик малакали мутахассислар қабулида бўлдилар. 200 нафар юз-жағ соҳасида нуқсони бўлган ва куйгандан кейин чандиғи қолган болалар кўрикдан ўтказилди. Улардан 100 нафари пластик жарроҳлик амалиёти учун ажратиб олинган бўлса, қолган 100 нафар ўғил-қизларга тиббий маслаҳатлар берилди.

Етти кун давом этадиган хайрия тадбирида маҳаллий шифокорлар учун назарий ва амалий билимлар ҳам берилди. Жарроҳлик амалиётидаги замонавий, болалар саломатлигини тиклашдаги янги усуллар ҳақида  тажрибалар билан ўртоқлашишди.

– Ўзбекистонга, Фарғонага келганимиздан хурсандмиз. Акция жараёнида бизга барча шароитлар таъминлаб берилмоқда. Шифокорлар учун бу тадбир жарроҳлик амалиёти ва тажриба алмашув бўлади. Хайрия акцияси оилаларга катта қувонч олиб келади, деган умиддамиз. Биз эса шу қувончга ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан ғоятда бахтиёрмиз, – дейди туркиялик профессор Бейазит Дикмен.

Риштонлик Тоҳирхўжа Тўрахўжаев 10 ёшда. Олов ўйнаб, эҳтиётсизлик натижасида оёқлари куйган. Тадбирнинг илк кунидаёқ унга нисбатан жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

2014 йилда туркиялик малакали мутахассилар иштирокида 200 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан оғир, деб топилган 105 нафар ўғил-қизлар жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилган эдилар. Бу йилги акциядан ҳам ота-оналарнинг умидлари катта.

You must be logged in to post a comment Login