ГЎЗАЛ ТИЛИМИЗ, ДИЛБАР ЗАБОНИМИЗ БОР

ф

Ўзбек тили табаррук боболаримиз, муниса момоларимизнинг лафзларида асрлар силсиласидан бут ўтиб, бизга қутлуғ мерос бўлиб етиб келгани, боз устига, бугунги кунда улуғ мақом билан жаранглаётгани нечоғли бахт!

Тилимизнинг абадиятга юз тутишида улуғ бобокалонларимиз ёзиб қолдирган бебаҳо асарларнинг жаҳон адабиётида тутган ўрнини айтмайсизми?!

Биз ўз тилимизни қанчалик қадрласак, миллат сифатида, халқ сифатида шунчалик юксалиб борамиз  Она тилимизга ҳурмат ва эҳтиром билан қарайдиган, жонли сўзлашувда уни ўзининг иккинчи она тили сифатида қўллайдиган бошқа миллат вакиллари билан мулоқотга киришганимизда, улар бизга гўёки қондош-қариндошдек бўлиб туюлади. Шаҳар-қишлоқларимиздаги бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилидаги сўзамолликлари эса қойил қолдиради. Ўзбекистонимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилига эътибори кучайди. Узоққа бормайлик, бундан ўн йиллар муқаддам телеэкран қаршисида рус қизи, хонанда Лариса Маскалёванинг ўзбекча  қўшиқларини тинглаб ҳайратимиз ошган. Айниқса, унинг  ижросидаги халқ  лапарлари кўпчиликни ром этгани ҳам сир эмас:

Дарёдан оқиб келади шода-шода марварид,
Рўпарамда ўлтиради қоши қаро барно йигит.
Қоши қаро, барно йигит, шўхликларингдан ўргилай,.
Янги чиққан майсадек киприкларингдан ўргилай…

дея ширин талаффуз билан куйлаётган бу мовийкўз қизга қисқа муддат ичида бутун Ўзбекистон мухлис бўлиб қолди. Чиндан ҳам мазкур айтимларга Ларисахонимнинг хонишларигина жозиба бахш эта олади. Мустақиллик йилларида хонанда ўз репертуарини бойитиб борди ва ўзбекча қўшиқлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист деган унвон билан тақдирланди.

Ёзувчи Асқад Мухторнинг романларини ўқиб унинг қахрамонлари билан бирга яшаётган китобхонлар минглаб топилади. Ёки Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”, “Сарвиқомат дилбарим”, “Қизил дуррача”, “Сомон йўли” қиссалари мутолаасидан кейин ҳайратлар оғушига чўмган, қалбига муҳаббат ҳайкал қурган йигит ва қизлар жуда кўп. Расул Ҳамзатовнинг шеърларини ёддан айтиб юрадиган шеърхонлар ҳам талайгина.

Ўзбек тили, унинг қадр-қиммати ҳақида гап кетганда, она тилимизнинг юксалиши учун жон куйдириб юрган олимларимиздан бирининг айтиб берган ҳикояси ёдимизга тушди.

Ёз ойлари эди. Тиббий текширув марказларидан бирининг лабораторияси эшиги олдига ёши ўтганроқ қишлоқ аёли келди. Кичкина туйнукдан мўралаб лаборант билан саломлашди. Ташхис қоғозини сўради. Ходима русий забон экан уни саволга тутди. Манзарани қарангки, аёл рус тилини тушунмас, ўзбек тилини лаборант тушунмасди. Аксига олиб, кутиш залида рус тилини яхши биладиган одам ҳам йўқ экан. Шунда аёл бечора жовдираганча ён-веридан “таржимон” ахтарди.

Аёл мазаси қочиб, қишлоқдаги врачлик пунктига мурожаат қилган. Бу ердаги шифокорлар эса уни текшириб кўриб, саратон касалликлари шифохонасига йўлланма билан жўнатишган. Саратон касаллиги бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида аёлдан таҳлил учун қон олинган. Қон таҳлилининг жавоби чиққунча аёлнинг тинчи йўқолган. Бир ҳафта ичида ўй-хавотир уни не кўйларга солмабди. Умид билан лаборантдан жавоб кутганди, унинг жавобига тушунмади. Яхшиямки, бир тиббиёт ходими келиб қолди. Дарров аёлнинг муддаосини лаборантга тушунтирди. Лаборант ташхис қоғозини олиб чиқди. Аёлнинг юзига қизиллик югурди. Аёлда ҳеч қандай саратон хавфи йўқ экан. Тилмоч инсонга миннатдорчилик билдирди.

Ўз она тилида чиройли сўзлай билиш, уни севиш, айни дамда, бошқа миллат вакилларида унга муҳаббат уйғота олиш ҳам ватанпарварлик, фидоийлик саналади. Аждодларимиз асрлар бўйи орзу қилган мустақиллик, не бахтки, бизга насиб этди. Асрлар бўйи камситиб келинган тилимиз давлат тили мақомини олди. Энди бизнинг вазифамиз, бурчимиз тилимизнинг дунё бўйлаб баралла янграшига хизмат қилишдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, она тилимизнинг қадр-қимматини кўтаришда айримлар кўзга кўринмас деб санаётган кичкина хатоларни тузатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Оддийгина муомала жараёнида “ялт” этиб кўзга ташланган нуқсонларни вақтида бартараф эта олсак, бу бизнинг она тилимизга бўлган ҳурматимиз ифодаси, унинг ривожига қўшган ҳиссамиз бўлади.

You must be logged in to post a comment Login