ДУНЁ МИҚЁСИДА АЛОҲИДА ЎРИН ЭГАЛЛАГАН АЛЛОМА

Фаргони

Ўзбек халқининг тарихий ютуғи бўлган Истиқлол бизга маънавий қадриятларимизни чуқур ўрганиш, улардан  баҳраманд  бўлиш имкониятини берди. Узоқ йиллар давомида номлари ва буюк ишларини халқимиздан сир тутиб, яшириб келинган кўплаб аждодларимизнинг муборак сиймолари бор бўйи билан намоён бўлди.

1998 йилда ана шундай улуғ сиймолардан бўлмиш буюк ватандошимиз Абдул-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Тошкент ва Фарғона шаҳарларида олимнинг  ҳаёти, фаолияти ва илмий меросига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилди. Бу нуфузли анжуманлар алломанинг мероси илм-фан учун нодир ва бетакрор эканлигига ёрқин эътироф бўлди.

IX-XV асрларда Марказий Осиё ҳалқлари дунё маданияти, илм-фани тараққиётида алоҳида ўрин тута бошлагани тарихдан бизга маълум. Бу даврда буюк алломаларимиз илм-фаннинг барча  соҳаларидаги тадқиқот ва кашфиётлари  билан  дунё миқёсида алоҳида ўрин эгаллашгани тарихдан яхши аён.

Халқимизнинг маънавий ва маданий меросига, IХ асрда ижод этган буюк фалакиётчи, математик, файласуф ва географ  олим, улуғ бобокалонимиз Аҳмад ал-Фарғоний ҳаёти ва ижодига такрор-такрор мурожаат қилишсин ҳам янги қирраларни очилаверади. Аллома ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий соҳаларнинг юксакликка кўтарилиши бошланган шароитда яшаган ва ижод қилган. Жаҳон илм-фани тараққиётига улкан хисса қўшган бу улуғ зот қолдирган бой ва муқаддас илмий меъроснинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни шунинг учун ҳам ғоят беқиёсдир.  Уни ҳақли равишда Ўрта асрлар Уйғониш даврининг энг ёрқин сиймоларидан биридир дея оламиз. Алломанинг ижоди ҳақиқатдан ҳам илм-фан  оламида кам учрайдиган  ноёб воқеадир. У айниқса математика, астраномия, география фанлари тараққиётига назарий ва амалий жиҳатдан салмоқли хисса қўшди. Аҳмад ал-Фарғоний астрономия фанига бағишланган “Астрономия калити” номли асари орқали ушбу фаннинг қонуниятлари ва хусусиятларини биринчи бўлиб очиб бера олган олим сифатида тан олинган.

Аҳмад ал-Фарғоний Птоломейнинг “Альмагест” асарини юнон тилидан араб тилига таржима қилиб, илмий тахлил қилиш жараёнида унинг   баъзи фикрлари нотўғри эканлигини илмий жиҳатдан исботлади ва “Етти иқлим ҳисоби”, “Самовий ҳаракатлар ва юлдузлар фанининг мажмуаси” номли асарлари орқали дунёвий илм-фан оламида ғоят ноёб тадқиқотларни яратишга эришди.

Аҳмад ал-Фарғоний IX аср бошларида Хуросон ноиби Маъмун саройида (812-818 й.й.), 819 йилдан Бағдодда халифа саройидаги “Ҳикматлар уйи” (Байтул ҳикма) да илмий тадқиқотларини давом эттирган. Аҳмад ал-Фарғоний Бағдодда ўз юртдошлари ва бошқа хорижий давлатлардан келган олимлар билан ҳамкорликда ижод қила бошлаган. Бағдодда яратилган қулай шароит ва  имкониятлар туфайли олим ғарб ва шарқ мамлакатларининг илмий меросини ўрганишга киришган.  У  Халифа Маъмун топшириғи билан 840 йилда коинот ва ердаги манзиллар тузилмасининг харитасини тузиб чиқади. Бағдодда, шунингдек, расадхоналар қурилишига, у ердаги илмий тадқиқот ишларини юритилишига ҳам раҳбарлик қилади. Ўша йиллардаги ижоди маҳсули сифатида коинот ва ер тузилишига оид илмий тадқиқотлари хулосаларини “Зиж ал- Маъмун” асарида ифода этади. Аҳмад ал- Фарғоний халифа Маъмундан кейинги Мутаваккил (846-862 йй) хукмронлиги даврида ҳам илмий ижодини давом эттириб, кўплаб иншоот, каналлар қурилиши ишларини лойиҳалаштиради.

Олим умрининг охирида Мисрга кўчиб ўтади  ва Қохира шаҳридан узоқ бўлмаган Нил дарёсининг ўртасида жойлашган Равдо оролида дарёнинг сув сатҳини белгиловчи “Нилометр” ни  яратади. Бу кашфиёти билан дарё сув сатҳининг кўтарилиши вақти ҳамда ундан қай тарзда фойдаланиш мумкинлигини илмий асослаб беради.

Хулоса қилиб айтганда, барча буюк аждодларимиз қатори Аҳмад ал- Фарғоний ижодини ҳам у ёки бу фан соҳаси билан чегаралаб бўлмайди.  Чунки уларнинг ҳар бири ўз даврида  илм- фаннинг барча қирраларини пухта очиб беришга,  ўз асарларида мантиқ,  математика, геометрия, астрономия, физика, география, тарих, фалсафа каби  фанларга оид янги тадқиқотларни амалга оширишга интилганлар ва жаҳоншумул кашфиётларни яратганлар.

You must be logged in to post a comment Login