БЕКТЕМИР ва ЭЛШОД – ЯНА БАЙРАМ

бокс

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида катталар ўртасида бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз спортчилари муносиб иштирок этишиб, кучлилар сафидан жой олишгани тўғрисидаги хуш хабар оний лаҳзаларда бутун мамлакатимизга ёйилди. Миллий терма жамоамизда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган Фарғона вилояти спортчилари Бектемир Мелиқўзиев ва Элшод Расуловлар мамлакатимизда, жумладан Фарғонада ҳам спортнинг бокс тури тараққий этиб бораётганлигини жаҳон майдонларида намойиш қилишди.

Бокс бўйича иккинчи ўсмирлар олимпиадаси ғолиби, Осиё, жаҳон чемпиони, катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг олтин медали соҳиби Бектемир Мелиқўзиев ушбу жаҳон чемпионатида ҳам кучли ва иқтидорли эканлигини кўрсата олди. У 75 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилиб, яна бир карра бокс оламида янги саҳифа очишга муваффақ бўлди. Техник ва тактик жиҳатдан устун, фарғоналикларга хос бўлган мардонавор жанг олиб борган Бектемир хорижлик тенгдошларини ҳам лол қолдиришнинг уддасидан чиқиб, кумуш медал соҳиби бўлди, ҳамда 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ёзги олимпиада ўйинларига иштирок этиш учун лицензияни қўлга киритди. Бектемир Мелиқўзиевнинг бу ютуғи барча ҳамюртларимизни, айниқса Фарғонамиз халқини бениҳоят қувонтирди.

Вилоятнинг яна бир спортчиси Элшод Расулов эса ушбу жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлди. 

Вилоят Театр ва концерт саройида ғолиблар шарафига катта байрам ташкил этилди. Дастлаб иштирокчилар эътиборига боксчиларнинг рингдаги баҳси ва ғалаба нашидаси муҳрланган видеолавҳа намойиш этилди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев боксчиларнинг улкан муваффақияти билан барчани муборакбод этди. Уларнинг мураббийлари ва ота-оналарига алоҳида ташаккур билдирди.

­­– Фарғоналик спортчилар жаҳон ареналарида муносиб иштирок этиб, бор имкониятларини ишга солиб, байроғимиз баланд кўтарилишига, мадҳиямиз баралла янграшига эришишмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Уларнинг ютуқлари юртимизда яратилаётган шароит ва имкониятлар натижасидир. Вилоятдаги мавжуд 329 та спорт иншоотларида 400 мингдан зиёд ўғил-қизлар мунтазам спорт билан шуғулланиб, саломатликларини тиклашмоқда.

Боксчиларга, уларнинг мураббийлари ва ота-оналарига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар тантанали топширилди. Санъат саройига йиғилган ёшлар, ўқувчилар, спортчилар ва мураббийларни олқишладилар.

– Ўзбекистондек жаннатмакон юртнинг фарзанди бўлганимдан фахрланаман, – дейди жаҳон чемпионати совриндори Бектемир Мелиқўзиев. – Рақибларим устидан ғалаба қозонишимда юртдошларимизнинг меҳри менга мадад бериб турди. Олимпиада баҳсларида ҳам мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.

You must be logged in to post a comment Login