ЭЗГУ ТАШАББУСГА “ЛАББАЙ” ДЕБ ЖАВОБ БЕРАМИЗ

ф

Шу кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси тарих саҳнасидан жой олган 2015 йилни миннатдорчилик билан кузатиб, янги – 2016 йилни бир олам орзу-умидлар билан кутиб олди.

Бу борада Президент Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон халқига янги йил табригини мароқ билан ўқиб-ўрганиб, ҳаётимизнинг барча соҳаларига бўлган юксак эътибордан кўнглимиз тоғдек юксалди. Табрикда халқимизнинг энг некбин орзулари билан боғлиқ эзгу ниятларнинг рўёбини кўрдик.

Дарҳақиқат, жуда ҳам ўринли эътироф этилганидек, яна бир янги йилни кутиб олар эканмиз, биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига гувоҳ бўлиб, ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўймоқдамиз. Шубхасиз, якунига етган йил мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз, хонадонларимиз учун нечоғли ўзгаришлар, ободлик ва фаровонлик олиб келди.

Айни шу ўринда ўзининг салмоғи жиҳатдан аср қурилиши деб ном олган ва 2016 йилда хитойлик шериклар ёрдамида Қамчиқ довонини кесиб ўтадиган 19 километрлик туннель қурилишини тугатиб, Фарғона водийсини бутун Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл ишга туширилишини водий аҳли зўр қувонч, фахр ва ифтихор, Юртбошимизга катта миннатдорчилик туйғуси билан кутиб олди. Табрикда алоҳида эътироф этилган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкинлиги эртанги кунимизга ғурур, келгуси авлодларимиз дунёдаги энг тараққий этган давлатда яшашлари учун катта ишонч бағишлайди. 

Янги йил табригида мамлакатимизнинг нурли истиқболи, буюк келажаги, халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган тўкис ва бахтли ҳаёти ҳамда келажаги ҳақида билдирилган ҳаётбахш фикрлар ҳар бир ижодкорнинг қалбига ўт ёқади. Бундай эзгу ташаббусларга “лаббай!” деб жавоб бериб, бугунги кун фидойиларини тараннум этиш, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини яратишда фидойилик кўрсатишга ундайди.

Табрикда алоҳида эътироф этилганидек, истиқлол йилларида барча соҳаларда эришган улкан ютуқларимизни сарҳисоб этиб, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга ҳар бир оила, ҳар бир инсон ҳаёти мисолида ишонарли  жавоб топамиз.

2016 йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпанияси “Боинг-787” ҳаво лайнерларининг энг замонавий авлодига мансуб иккита янги самолёт билан таъминланиши мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Шу билан бирга жорий йилда “Тошкент – Самарқанд” тезюрар поезди Бухорогача етиб бориши, “Женерал моторс – Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида замонавий енгил автомобиллар ишлаб чиқариш, саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш каби режалар нақадар қувонарли. Бундай ютуқлар тинчлик ва фаровонлик ҳукмрон бўлган  юртдагина рўёбга чиқади.

Мамлакатимизда кичик ва хусусий бизнес, миллий ҳунармандчилик ривожига қаратилаётган юксак эътибор туфайли тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Бундан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Табрикда алоҳида эътироф этилганидек, барча эзгу саъй-ҳаракатлар замиридаги “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ғоя халқимизнинг олижаноб орзу-интилишларига нечоғли ҳамоҳанг эканлигидан далолат беради. 

You must be logged in to post a comment Login