“МУРУВВАТ” УЙИГА МУРУВВАТ КЎРСАТИЛДИ

1-45

Фарғона шаҳридаги  “Мурувват” уйида 200 нафардан ортиқ имконияти чекланган болалар тарбияланади. Уларга 100 нафардан ортиқ тарбиячи ва энагалар парвона. Бу ерда ўғил-қизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишлари учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилган. “Мурувват” уйи капитал таъмир қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда болалар саломатлиги йўлида қилинаётган эзгу ишлар ҳақида гапирдилар. Мазкур масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳам ана мамлакатимизда ёш авлодга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодаси эканлигини таъкидладилар.

“Фарғона меъмор қурилиш” хусусий корхонаси томонидан таъмирланган “Мурувват” уйига қўшимча янги ўқув ва ётоқхона биноси, қишки бассейн, кинозал, соғломлаштириш хоналари қурилди. Турфа мебеллар, оҳорли чойшаблар кичкинтойларга янада қулайлик яратди.  Замонавий қиёфа касб этган масканнинг иситиш тизими ҳам янгиланиб, тежамкор қозонлар ўрнатилди. Кир ювиш хонаси, дам олиш жойлари ҳам янгидан бунёд этилди.

– Олиб борилган машқлар, руҳий қўллаб-қувватлаш туфайли болаларимизда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, – дейди тарбияси Одина Ҳайдарова.

“Мурувват” уйи тарбияланувчиси Шаҳина Навоий вилоятидан келганида тик тура олмасди. Вақт ўтиб, таяниб турадиган, аста-секин юрадиган бўлди. Энди “Мурувват” уйи ходимлари унинг нутқини ўстириш ҳаракатидалар.

You must be logged in to post a comment Login