Тошкентда Boeing самолётларини таъмирлаш маркази очилди

reysus1

Тошкентда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ташкил топганлигининг 24 йиллиги ҳамда Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш марказининг очилиши муносабати билан тадбир ўтказилди.

Uzbekistan Airways АҚШнинг Boeing компанияси билан ҳамкорликда Тошкентда МДҲдаги биринчи самолётларнинг композицион қисмларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш марказини ташкил қилди.

Марказ Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси негизида ишлайди. Boeing компанияси янги тузилмага ярим миллион доллар беғараз инвестиция киритди. Бу маблағ эвазига марказ учун титанли қотишмаларни ишлашда ва бошқа жараёнларда қўлланиладиган махсус печлар харид қилинди. Марказ барча турдаги самолётларга хизмат кўрсата олади.

Марказ фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш учун авиакомпания ходимлари Boeing ҳаво кемаларининг композитли деталларини таъмирлаш бўйича махсус ўқув курсларидан ўтди. Механиклар Сингапурда Basic Composites Repair and Metal Bond курси бўйича амалий ва назарий билимлар олиб қайтди, муҳандислар эса Сиэтлда тайёргарлик ўтади. Шунингдек, жорий йилда Uzbekistan Airways Technics мутахассислари бевосита Boeing-787 Dreamliner лайнерларини таъмирлаш бўйича ўқитилади.

Шу йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида Ўзбекистон ҳаво йўлларининг авиапарки иккита Boeing-787 Dreamliner лайнерига эга бўлади.  Янги самолётлар узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда фойдаланишга мўлжалланган. Самолётлар етиб келса, Ташкент — Нью-Йорк йўналиши бўйлаб қўнишсиз парвозларни амалга оширишга жалб этилиши мумкин.

You must be logged in to post a comment Login