ТУЯҚУШДАН ҚУЁНГАЧА

куён

Яқинда Фарғона вилоятининг Риштон туманида Африка туяқушлари парваришланаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Фарғона вилоят ҳокимининг қуёнчилик соҳасини ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш, қуён бош сонларини кўпайтириш ва ушбу йўналишда ихтисослашган кўп тармоқли агрофирмалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан вилоятимизда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб, борилмоқда.

Бу борада ҳар бир шаҳар ва туманда қуёнчилик соҳасини янада ривожлантириш ҳамда қуён гўшти ва қуён териси етиштириш истиқболини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, дастур ижроси бўйича амалий ҳаракатлар бошланди. Айни жараёнда вилоятда 1 та қуёнчиликка ихтисослашган йирик комплекс ҳамда ҳар бир туманда қуёнчилик йўналишида иккитадан хўжаликлар ташкил этиш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими қарорига мувофиқ, Қува туманида ташкил этилган “Водий қуён ҳамкорлик” агрофирмаси вилоятимизда ушбу соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ҳамюртларимиз учун тажриба хўжалиги сифатида фаолият кўрсатади.

– Қуёнчилик хўжаликлари учун сифатли озуқа базасини яратиш мақсадида Европа давлатлари билан ўзаро тажриба алмашиш, хориждан наслли қуён зотларини олиб келиш, наслчилик ишларини яхшилаш каби долзарб масалалар янги тузилманинг асосий вазифаси ҳисобланади, – дейди “Водий қуён ҳамкорлик” агрофирмаси раҳбари Бобур Насриддинов. – Дастлабки ҳамкорлик келишувимизга кўра яқин кунлар ичида Украинадан халқаро миқёсда катта тажрибага эга бўлган мутахассислар келиши кутиляпти. Бу мутахассислар билан ўзаро ҳамкорликда сунъий уруғлантиришни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.

Таъкидлаш жоизки, Бобур Насриддинов қуёнчилик соҳасида тажрибага эга бўлган тадбиркор. У 2009 йилдан буён “София Султон” қуёнчилик хўжалиги раҳбари сифатида эътиборли ютуқларга эришди. Қува туманининг дашт ҳудудларида Германия, Бельгия каби Европа мамлакатларидан олиб келиб парваришланаётган наслли қуёнлар маҳаллий иқлим шароитига мослашиб улгурди. Беш йилдан буён мазкур хўжаликда кўҳна қитъадан келтирилган қуён зотларидан бенуқсон насл олишга ҳам муваффақ бўлишяпти.

– Интернет тармоғи орқали соҳага оид энг сўнгги янгиликлар, қуён парваришлаш, насл олишдаги илғор тажрибалар, технологик жараёнларни ўрганиб борамиз,-дея суҳбатимизни давом эттиради қуёнчилик хўжалиги ветеринари Омонжон Собиров. – Гўшт йўналишида боқиладиган қуённинг жаҳон миқёсида энг юқори маҳсулдорлик кўрсаткичи – 25 килограммҳисобланади. Бизнинг хўжаликда ҳам ушбу йўналишда ҳар бир қуёндан 25 килогача парҳезбоп гўшт маҳсулоти олиняпти. Қуён гўшти келишув асосида водий вилоятлари, Тошкент шаҳри ва вилоятига ҳам етказиб берилиши йўлга қўйилган.

Қуёнчилик – истиқболли тармоқ. Бу соҳани ривожлантириш учун қулай иқлим шароити, хом-ашё базаси, табиий ер майдонлари етарли эканлиги вилоятимизда қуёнчиликни жадал ривожлантириш мумкинлигидан далолат беради.

– Қуёндан бир йилда ўртача 4 маротаба, ҳар сафар 5-8 тагача бола олиш мумкин, – дейди тадбиркор Бобур Насриддинов суҳбатимизни давом эттириб. – Агар шу соҳада иш бошлаб, ўзининг қулай, ишончли бизнесига эга бўлиб, оиласининг барқарор даромад манбаини ривожлантиришни мақсад қилганлар бўлса, агрофирмамиз ҳар қандай кўмак, маслаҳатларини аямайди.

Дарҳақиқат, вилоят ҳокимининг қуёнчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган қарори бу борада тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий кафолатларини таъминлайди. Боиси қарорда қуёнчилик йўналишида янги ташкил этиладиган лойиҳа ташаббускорларининг молиявий имкониятларини ўрганиш, янги лойиҳалар учун талаб этиладиган кредит маблағларини тўлиқ ажратилишини таъминлаш каби барча масалалар ижросига жиддий эътибор қаратилган.

You must be logged in to post a comment Login