КЎРКАМ ИНШООТЛАР ЁШЛАР ИХТИЁРИДА

5

 

Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг  йиғилишидаги маърузасида  “Қиз болаларни оммавий спортга  жалб этиш борасидаги амалий ишларимиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур. Бу кўрсаткичлар 2005 йилда 24 фоизни, жумладан, қишлоқ жойларда 22 фоизни ташкил этган холос. Бугунги кунда қиз болаларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда эса 44,7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётгани барчамизга мамнуният етказади.   Вилоятлар миқёсида  олиб қараганда,  2015 йилда қиз болаларнинг спорт билан шуғулланиши  Фарғона вилоятида 47,6 фоизни, Наманган вилоятида  47,5 фоизни, Самарқанд  ва Хоразм  вилоятларида  47,4 фоизни ташкил этгани эътиборга лойиқ, албатта” деб таъкидлаб ўтдилар.     

– Ўтган  13 йил давомида  вилоятимизда  республика  Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 188 та иншоотлар қурилди ва реконструкция қилинди. Буларнинг 160 таси спорт, 28 таси мусиқа ва санъат мактабларидир, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали директори Ғуломқодир Мамажонов. – Ўтган йилда жамғарма маблағи ҳисобидан Бешариқ  туманидаги  15 та  мактабга спорт  зали,  туман  марказига ёпиқ сув спорти саройи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Рапқон қишлоғида замонавий спорт зали  ёш спортчилар ихтиёрига топширилди.

Қувасой шаҳар халқ таълими  тасарруфидаги  умумтаълим  мактабларида  32 та спорт зали, 40 та баскетбол, 38 волейбол, 16 та қўл тўпи,  35  та футбол майдонлари мавжуд. 242 та спорт тўгараклари  ишлаб турибди. Тўгаракларда  5092 нафар ўқувчи, шундан 2069 нафари қизлар спорт билан  шуғулланишяпти. Тарбияланувчиларга 85 нафар жисмоний тарбия  ўқитувчилари таълим-тарбия беришмоқда. Уларнинг 13 нафари аёл мураббийлардир.

Барча қулайликларга эга спорт иншоотларида шуғулланаётган ўқувчи-ёшлар жаҳон, халқаро ва республика мусобақаларида иштирок этиб,  Ўзбекистонимиз байроғини баланд кўтаришга қодир спортчилар бўлиб камолга етмоқдалар.

You must be logged in to post a comment Login