“КИЧИК ОЛИМПИАДА” ТАРАДДУДИ

7

Бу йил вилоятимизда мамлакатимизда ўзига хос “кичик олимпиада” номини олган уч босқичли спорт мусобақаси –“Универсиада-2016” мусобақаларининг финал босқичи бўлиб ўтади.

Бу борада мусобақани юқори савияда ўтказиш учун аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланиб, Фарғона шаҳридаги 29 та объектлар замонавий мезонлар асосида таъмирланяпти. Мусобақалар Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Фарғона  Олимпия заҳиралари спорт коллежида ўтказилиши режалаштирилган.

Тараддуд ишлари жараёнида Фарғона давлат университетида 3 200 ўринли очиқ футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдонлари ва енгил атлетика  йўлкалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мусобақа иштирокчиларининг яшаши, овқатланиши ва мазмунли дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Фарғона политехника институтининг 1-сонли талабалар турар жой биносида ошхона, душхона ва санузел намунали тарзда тайёрланиб, жиҳозланди.

Муҳтарам Президентимиз қарори асосида янгиланиш, истиқбол ва тараққиёт сари дадил одимлаётган Фарғона шаҳрининг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш  ишлари қизғин давом этаяпти. Фарғона, Маърифат, Мураббийлар каби марказий кўчалар замонавий шаҳарсозлик архитектураси талаблари асосида таъмирланяпти.

“Универсиада – 2016” спорт мусобақаларининг саралаш баҳсларида  вилоятдаги бешта олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг энг маҳоратлилари танлаб олинган ҳолда вилоят жамоаси шакллантирилиб, финал мусобақаларига тайёргарлик бошлаб юборилди.

– Талабаларимиз беллашувларда совринли ўринларни эгаллашни мақсад қилишган, – дейди Фарғона давлат университети ректори Шуҳрат Тошматов. – Бунинг учун мутасадди ташкилотлар томонидан спортчилар ва мураббийларга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Универсиада дастурига киритилган 15 спорт турининг ҳар бири бўйича олий ўқув юртлари ва тегишли спорт федерациялари масъул этиб белгиланиб, тайёргарлик машғулотларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш чоралари кўриляпти. Универсиада мусобақасининг дастлабки босқичида олий ўқув юртимизда икки минг нафардан зиёд ёшларнинг иштирок этгани ҳам унинг нуфузи йилдан йилга ошиб бораётганидан далолат беради.

“Универсиада” мусобақалари юксак савияда, қизиқарли ва мазмунли ўтиши учун барча шароитлар муҳайё этилаётир. Бундай нуфузли спорт мусобақаларини уюштиришдаги малака ва тажриба вилоятимизда ёшлик, баркамоллик байрамини унутилмас таассуротлар асосида ўтказилишида муҳим омил бўлади.

You must be logged in to post a comment Login