Юртимиз мевалари – шифобахш, дармондориларга бойлиги ва экологик жиҳатдан тоза

JMJ_2769

Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда дунё миқёсида олма, ўрик, шафтоли, гилос каби харидоргир меваларнинг минглаб турлари мавжуд. Аммо уларнинг ҳеч бири айнан юртимиз боғларида шарбатга тўлиб пишадиган мевалардек тотли ва ширин эмас.

Эколог олимлар ушбу хусусиятларни юртимизда қуёшли кунлар кўп бўлиши ва серфайз боғларимиз қуёш нуридан етарлича тўйиниши билан боғлашади.

Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятимизда 414 минг тонна мева, 783 минг тонна сабзавот, 277 минг тонна картошка, 71 минг тонна полиз ҳамда 113 минг тонна узум етиштирилди. Вилоят аҳолисининг ушбу маҳсулотларга бўлган талаби тўлиқ қопланиб, 120 млн. доллар ҳажмидаги экспорт амалга оширилди.

Бу йил вилоятимизда етиштириладиган 1 млн. 800 минг тоннадан ортиқ мева, сабзавот, полиз, дуккакли ва бошқа маҳсулотларнинг қарийб 300 минг тоннасини экспорт қилиш режалаштириляпти. Айни жараёнда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти географияси ҳам кенгайиб бораётгани қувонарли. Бугунги кунда юртимиз боғларида пишаётган бундай маҳсулотлар дунёнинг деярли барча қитъаларидаги юзлаб мамлакатларга экспорт қилиниши таъминланяпти.

– Мутахассислар ўтказган таҳлиллар натижасида юртимизда етиштирилаётган олманинг таркибида дармондорилар миқдори 5-25 фоизгача, темир моддаси 3-5 фоизгача, ўрикда шакарнинг миқдори 20, қуриганда, ҳатто, 40 фоиздан юқори бўлиши аниқланган, – дейди Республика саломатлик ва тиббий статистика институти Фарғона филиали директори Муталибхон Акбаров. – Бу эса меваларимизнинг инсон соғлиги, узоқ умр кўриш омилини таъминлашда ғоятда фойдали эканлигидан далолат беради.

Ўз навбатида юртимизда қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этиш, бу борада ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, серҳосил, эртапишар ва касалликларга чидамли янги навлар яратиш бўйича ҳам улкан ютуқларга эришиляпти.

Қува туманида жойлашган академик А.Мирзаев номли боғдорчилик ва узумчилик илмий-тадқиқот институти вилоят бўлимида дунёнинг энг тараққий этган мамлакатлари илмий-тадқиқот марказлари, институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Марказ олимларининг АҚШ, Япония, Европа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида эришаётган муваффақиятлари эътиборга лойиқ.

– Жаҳон боғдорчилигининг энг илғор замонавий тажрибалари асосида Фарғона водийсига хос интенсив боғларга шакл бериш усуллари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этиляпти, – дейди илмий-тадқиқот институти вилоят бўлими раҳбари Аброр Қаландаров. – Боғдорчиликдаги яна бир янги агротехнология – меваларни тоқалаш усулидан ҳам кенг фойдаланилаётгани данакли меваларимиз сифатини жаҳон стандартига мослаштиряпти.

Бу борада бир неча мутахассисларимиз кўплаб хориж давлатларида бўлиб, малака ва тажриба алмашиб келишяпти.

You must be logged in to post a comment Login