Тадбиркорлар ҳуқуқи қонун ҳимоясида

ф

Юртимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолатли механизимини яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Хусусан, 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон бу йўналишдаги тадбирларни янада жонлантирди.

Фармон талабидан келиб чиқиб, айнан тадбиркорлик ҳимоясини янада такомиллаштириш, унинг ривожланишига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида янги қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, амалдаги айрим қонун ҳужжатларига эса ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб келинмоқда.

Шу жараённинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ ва Давлат божхона қўмиталари томонидан «Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқлаш ҳақида” Қўшма қарор чиқарилган бўлиб, 2016 йил 28 январда  Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Қарор билан тасдиқланган Низом 3 та боб ва 13 та банддан иборат бўлиб, унда асосан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби белгилаб берилган.

Эндиликда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказиш лозим деб топилган тақдирда, улар томонидан жалб қилинган адвокатлар, албатта, иштирок этган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Борди-ю, тадбиркорлик субъектлари адвокат иштирокини рад этсалар, текшириш умумий асосларда адвокат иштирокисиз амалга оширилади. Лекин, тадбиркорлик субъектида текшириш жараёнида ҳам адвокат жалб қилиш ҳақида мурожаат қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Текшириш бошланишидан олдин тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади.

Агар тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни жалб этиш истаги билдирилган бўлса, текширишни бошлаш адвокат етиб келгунга қадар йигирма тўрт соатга тўхтатиб турилади. Адвокат бу вақт ўтгандан кейин тадбиркорлик субъектини ҳимоя қилишга киришмаган тақдирда, текшириш унинг иштирокисиз бошланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар, шу жумладан, муқобил текширишлар ўтказилишидан олдин, унинг ваколатли вакилига текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор тақдим қилинади ва ҳужжат нусхаси унга имзоси қўйилган ҳолда топширилади.

Тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор билан таништирилгандан сўнг, унга адвокат жалб этиш ҳуқуқи тушунтирилади, бу ҳақда 3 нусхада баённома тузилиб, жалб этилган мансабдор шахслар, тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили ва адвокат томонидан имзоланади.

Баённоманинг биринчи нусхаси жиноят ишига қўшилади, иккинчи ва учинчи нусхалари тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили ҳамда адвокатга такдим этилади.

Адвокат муайян иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари  юридик ёрдам кўрсатган шахсларнинг манфаатлари ишни олиб боришни сўраб мурожаат этган тадбиркорлик субъектининг манфаатларига зид келган ёки у судья, прокурор, терговчи, суриштирув ўтказувчи шахс, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган ҳолларда, шунингдек, агар ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлган мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса, худди шунингдек,   агар   адвокат   бевосита   ёки   билвосита   шу   ишдан  шахсан манфаатдор бўлса бу ҳол унга тадбиркорлик субъектининг манфаатларига зид келса, юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас, ҳисобланади.

Текшириш давомида тадбиркорлик субъектларининг ваколатли вакили ёки адвокат тегишли органларга текшириш юзасидан таклифлар ва илтимосномалар киритишлари, фикр ва эътирозлар билдиришлари ва қўшимча маълумотлар тақдим этишлари мумкин. Мазкур ҳужжатлар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатларга юридик ёрдам кўрсатганлиги учун ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

You must be logged in to post a comment Login