Қудратимизга шубҳангиз борми? Келинг, Фарғонани кўринг!

“Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”, деб таъкидлайди муҳтарам Президентимиз. Дарҳақиқат, ана шундай қутлуғ саодатнинг бош омили бўлган мустақиллик йилларида барча ютуқларимиз боиси ана шу аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликдир.

Шунинг учун ҳам фарғоналиклар бугунги тинч-осойишта турмуш, хотиржам ва фаровон ҳаёт, гуллаб-яшнаётган шаҳар ва туманлар – буларнинг барчаси учун бош омил бўлган энг улуғ, энг азиз неъмат – мустақилликни ўзгача қадрлайдилар.

Истиқлолнинг мунаввар нури бутун мамлакатни нурафшон айлагани сингари ўзига хос тарихга эга, асрлар мобайнида тарих сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган меҳмондўст ва очиқкўнгил элимиз, дилкушо табиатли дилбар Фарғонани фаровонлик ҳамда тараққиёт сари йўллади. Бундай қувонарли янгиланиш ва ўзгаришлар замирида эса вилоятдаги бунёдкорлик ишлари ташаббускори, илҳомчиси ва бош меъмори, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан олиб борилаётган халқчил сиёсат, кўлами кенг ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари мужассам.

Дориломон кунлар шукронаси, обод ва фаровон манзиллар файзи… Бундай роҳатбахш кайфиятни вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар-туманида учратиш мумкин. Бу – истиқлол ҳақиқатдан ҳам тенгсиз неъмат эканлиги, унинг имкониятлари нечоғли улканлигидан далолат беради. Истиқлол йилларида ипакчилар ва ҳунармандлар шаҳри Марғилонда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада қисқа йиллар ичида Марғилон дўпписи чизиқларидек турли ҳудудлар бўйлаб тарқалиб кетган шаҳар мутлақо янги, кўркам қиёфа касб этди. Бу эзгу юмушларнинг ташаббускори ҳам бевосита муҳтарам Юртбошимиз бўлганликлари бугун марғилонликларнинг тилидаю дилида.

Улуғ аллома Муҳаммад ал-Марғиноний ўз асарларидан бирида: “Агар Фарғона водийси Турон ўлкасида тоғлар орасидан униб чиққан, барқ уриб очилиб, қизил ёноқларини офтобга тутган лолага ўхшаса, Марғилон лоланинг ёноғига қўнган бир томчи шабнам, яъни водийнинг марваридига монанд” деб ёзади. Истиқлол йилларида ҳамиша кўҳна ва навқирон Марғилон ана шу тарихий мақомига муносиб кўринишга эга бўлди.

Дунёда “латиф” ибораси қўлланувчи ягона шаҳар Қўқондаги беқиёс ўзгаришларда ҳам Президентимизнинг “Қўқон шаҳрининг архитектура қиёфаси ва инфратузилмасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2010-2012 йилларда Қўқон шаҳрининг саноат салоҳиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат доирасида шаҳардаги 30 га яқин саноат корхоналарини модернизациялаш, технологик қайта жиҳозлаш, хорижлик ҳамкорлар иштирокида қўшма корхоналар ташкил этиш кўзда тутилди. Шу тариқа шаҳарда янги-янги ишлаб чиқариш мажмуалари, кичик ва хусусий бизнес субъектлари, қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Бундай лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши самараси сифатида шаҳарда минглаб янги иш ўринлари яратилди.

Бу каби қувонарли ҳаётий мисоллар ҳар бир фарғоналикка фахр ва ифтихор бахш этиш билан бирга, вилоятимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнидаги масъулият ҳисси, дахлдорлик туйғусини янада юксалтиради.

Биргина иқтисодиёт тармоқларида кўзда тутилаётган эзгу мақсадларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йил Инвестиция дастури доирасида вилоятимизда барча манбаалар ҳисобидан 2,2 трлн. сўмдан зиёд инвестицияларни ўзлаштириш, шунингдек, қарийб 200 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектларда қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, эскпорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, экспортда фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланаётгани вилоятимизда янгиланиш, тараққиёт ва истиқбол одимлари дадил ташланаётганидан далолат беради. Бу эса ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётини янада ривожлантиришдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда ғоятда муҳим аҳамиятга эга.         

Бундай ҳаётбахш янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, Юртбошимизнинг 2011 йил 15 ноябрь кунги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугун ўзгача жозиба ва тароват касб этаётган шаҳардаги беқиёс ўзгаришлар дебочаси бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қарор асосида вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси, дастурлар ишлаб чиқилиб, шаҳарнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир ҳудудида ободонлаштириш, қурилиш, замонавий мезонлар бўйича қайта таъмирлаш ишлари янгича кайфият, янгича ғайрат-шижоат билан олиб борилди.

Вилоят марказида аниқ ҳисоб-китоб, пухта ва мукаммал лойиҳалар, шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида бунёдкорлик ишлари бошланганида оғзига кучи етмаган баъзи ҳамюртларимизнинг капалаги учгани ҳам айни ҳақиқат. “Ҳаммаёқни бузиб ташлашди, шаҳар чанг-тўзон ичида қолди… Ўҳ-ҳў, бундай улкан ишларни амалга ошириш учун қанча маблағ, куч-чидам керак!..” қабилидигани гап-сўзлар пайдо бўлгани боиси ҳам шу.

Бу айрим ғаразгўй кимсаларнинг тор шахсий манфаатларидан келиб чиқиб айтилган гаплар эди. Сабаби ҳужжатсиз, тегишли экспертизасиз, йўллар ва йўлаклар, хиёбонлар, яшил майдончалар ҳисобига қурилган, умумий манзарани хунук қилиб турган, ўтиш жойларини тўсиб қўйган, шовқин-сурони одамларнинг тинчи-ҳаловати, шаҳар экологиясини бузадиган кўплаб “қўлбола” иморатлардан воз кечилгани, заводлар саноат зоналарига кўчирилаётгани учун айтилганди. Қарангки, “усти ялтироқ, ичи қалтироқ” бу  бинолар ҳақиқатдан ҳам шаҳарнинг дидсиз ва жозибасиз манзараси – “ҳуснбузарлари” бўлиб келаётган экан. Бугун уларнинг ўрнида шаҳримизнинг умумий чирой-латофати, малоҳатини бекаму кўст қиладиган, одамларга узоқ йиллар давомида хизмат қиладиган муҳташам, кўркам ва салобатли иморатлар қурилди. Агар таъбир жоиз бўлса, қисқа йиллар ичида меҳру муҳаббатимизга сазовор бўлиб улгурган ушбу иншоотлар қалбимизга кўчган обидалардир!

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз раҳбари қарори асосида вилоятимиз бош кентида амалга оширилган асрларга татигулик ишларни сарҳисоб қилар эканмиз, яна бир бор истиқлол халқимиз ҳаётида том маънода янги давр – ўзликни англаш, ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўлидан бориш, дунёдаги энг тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш йўли эканига амин бўламиз. Энг муҳими ва асосийси шундаки, шаҳарда янги даврнинг янгича фикрлайдиган, янгича дунёқараш ва тафаккурга эга бўлган юртдошларимиз умргузаронлик қилмоқда, улар келажаги буюк Ўзбекистоннинг эзгу ташаббусларига ҳамиша “лаббай!” дея жавоб берувчи, хизматда камарбаста бўлувчи фаол ва фидойи ҳамюртларимиздир!

х х х

 

Муҳтарам Президентимизнинг мазкур қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2011 йил 21 ноябрда вилоят ҳокими қарори қабул қилинди. Қарор ижроси ўз вақтида бажарилиши учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва ижрочиларга етказилди.

Натижада Фарғона шаҳрида 2011-2015 йилларда мазкур қарор ижроси доирасида 1,5 трлн. сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Айни жараёнда энг аввало, автомобиль йўллари тизимини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилган ислоҳотлар эътиборга сазовордир.

Қарорга мувофиқ қурилиши белгиланган катта ҳалқа йўлининг Аэропорт кўчасида (3,2 км.) қайта қуриш ишлари якунланди. Янги барпо этилган узунлиги 14,2 км. бўлган кичик ҳалқа йўли тўлиқ реконструкция қилинди. Шаҳарнинг Аэропорт, Ал-Фарғоний, Қувасой, Алишер Навоий ҳамда Мустақиллик марказий кўчаларида реконструкция ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Ўз навбатида Сайилгоҳ, Қори Ниёзий, Эътиқод, Қашқар, Форобий кўчалари, Мустақиллик кўчасининг “Фарғона – Водил” йўналишидаги автомобиль йўлларида реконструкция ва тўлиқ таъмирлаш ишлари якунланди.

Бу мақсадларга ҳаммаси бўлиб 202 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Фарғона шаҳрида янги кўприклар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича белгиланган дастур доирасида Марғилонсой каналини салкам 6 километр масофада кесиб ўтувчи 12 та ҳамда шаҳарнинг бошқа йўлларидаги 5 та кўприкда 2,5 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Марғилонсой ўзанини реконструкция қилиш, икки қирғоғида пиёдалар йўлакчаларини ташкил этиш, ҳимоя воситалари ўрнатиш ва ёритиш тизими барпо этиш ишлари ниҳоясига етказилди.

Бу мақсадлар рўёби учун 20 млрд. сўмдан зиёд маблағлар сарфлангани мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти ва куч-қудрати нечоғли улканлигидан далолат беради,-дейди йўллар ва кўприклар қурилиши соҳаси фидойиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Улуғбек Умаров. – Энг қувонарли жиҳати, дунё қурилиши саноатида қийин ва мураккаб тармоқ ҳисобланувчи кўприклар қурилиши муҳандислик-технологик жараёнларини фақат ўзимизнинг мутахассислар бошқаришди. Кўприксозликда асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилди.

Шу ўринда қарор ижроси юзасидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар доирасида шаҳар аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатиш тизими фаолияти ҳам яхшиланганини айтиб ўтиш ўринлидир. Бу борада “Фарғона – Қўқон” йўналиши учун 115 та автобусга мўлжалланган “Ёрмозор” шоҳбекати фойдаланишга топширилди. “АТС Универсал” МЧЖ ҳудудида бир пайтнинг ўзида 40 автомашинага хизмат кўрсатувчи “Автокемпинг” қурилиб, ўз фаолиятини бошлади.

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида 9 млрд. сўм маблағ эвазига 120 та “Isuzu” автобуслари сотиб олинди ва турли янги йўналишлар бўйича қатновлар йўлга қўйилди.

х х х

 

Фарғона жаннатмакон диёримизнинг турфа манзилларидан келган фарзандларга билим ва тарбия берадиган, катта ҳаётга оқ йўл тилайдиган илм-фан масканидир. Қолаверса, бу шаҳар юртимизнинг маданият, маърифат, адабиёт ва санъат юксак қадр топган масканларидан бири сифатида эъзозланиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ҳаётбахш ўзгаришлар туфайли Фарғона шаҳрининг янги маъмурий-маданий марказлари шакллантирилди. Қувасой кўчасида 1000 ўринли муҳташам вилоят Театр-концерт саройи фойдаланишга топширилди. Эзгуликлар бардавомлиги учун қад ростлаган мазкур маданият ва санъат кошонасининг ҳуқуқий мақоми бевосита Юртбошимиз қарори асосида мустаҳкамлаб қўйилгани нақадар қувонарли.

Ҳозирги кунда вилоятимизнинг байрам тадбирлари, концерт дастурлари, адабиёт ва санъат намояндалари билан учрашувларга мезбонлик қилаётган ушбу кошона қурилишини амалга оширганимиздан жамоамиз бунёдкорлари ҳамиша фахрланамиз,-дейди “Олтиариқ файз бинокор” хусусий корхонаси раҳбари Бахтиёр Валломов. – Ишонамизки, бу санъат кошонаси ҳали минг-минглаб истеъдодли ўғил-қизларимизнинг парвозларига оқ йўл тилайди, уларни ўз бағрида эркалаб улғайтиради, юксак камолотига гувоҳ бўлади.

Бугун ушбу масканга ташриф буюрган ҳамюртларимиз нафақат маданий дам олади, балки 40 гектар майдондаги 11 мингдан ортиқ табиат олами манзараларидан мириқиб ҳордиқ чиқаришади. Боиси ҳудуд манзарасига узукка қўйилган кўздек мос тушган каштан, дуб, акация, сосна, сафора, айва, қарағай, пахта дарахти каби манзарали дарахтлар баравж ривожланяпти.

Янгитдан қуриб битказилган 500 ўринли Лазер-шоули амфитеатр, Алишер Навоий, Оқариқ, Қувасой, Ўзбекистон овози кўчалари кесишмасидаги 4 та ёриткичли мусиқали фавворалар юртдошларимизнинг ҳордиқ онларини мазмунли ўтказишларини таъминлаяпти.

Ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғи тўлиқ реконструкция қилинди. Истироҳат боғида болалар учун 100 ўринли Қўғирчоқ театри биноси янгитдан қурилди.

Сайилгоҳ ва Мустақиллик кўчалари орасидаги Болалар боғини реконструкция қилиш, замонавий аттракционлар ўрнатиш, музқаймоқ ва яхна ичимликлар шохобчаси, совғалар дўконини қуриш ишлари якунланди. Қувасой кўчасидаги собиқ Тўқимачилар боғи ўрнида болалар учун аттракционлар мажмуаси барпо этилди. Қиргули мавзесида болалар хиёбони ташкил этилиб, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи қошида янги спорт мажмуаси қуриб битказилди.

“Фарғона” халқаро аэропортида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши маъмурий биноси мукаммал таъмирланди. “Автотеххизмат” МЧЖнинг маъмурий биноси ва кўргазма зали янгидан барпо этилди. Шаҳар марказидаги “777”, “Зиёрат”, “Дўстлик”, “Шарқ” меҳмонхоналари реконструкция қилиниб, таъмирдан чиқарилди.

Бу мақсадлар учун 145 млрд. сўм маблағ сарфлангани эътиборга лойиқ.

Қувасой, Б. Марғиноний, Форобий, Аэропорт Маърифат кўчаларидаги уй-жойларни бузиш, собиқ “Фуран кимё бирикмалари” ва “Фарғонагазаппарат” заводлари ўрнида 70 дан зиёд кўп қаватли уй-жойлар қурилилиб, фойдаланишга топширилди,-дейди Фарғона шаҳар бош меъмори Шавкат Маликов. – Шу билан бирга шаҳардаги 200 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг фасад қисмлари, том ёпмалари тўлиқ таъмирланди. 160 дан кўпроқ чиқинди тўплаш жойлари, 70 дан ортиқ болалар майдончалари замонавий талаблар асосида жиҳозланди. 1670 та ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

Шунингдек, 30 дан зиёд икки қаватли замонавий савдо ва маиший хизмат шохобчалари маҳаллий меъморлар лойиҳалари асосида қуриб битказилди. Б. Марғиноний кўчасида “Китоб-офтоб” китоб дўкони янгитдан қурилди, ҳозирда мазкур кўчада 5 қаватли “Болалар дунёси” савдо мажмуаси қурилиши якунланмоқда. Бу йўналишда 364 млрд. сўм маблағ сарфланганини ғурур ва ифтихор билан таъкидлаб ўтиш мумкин.

х х х

 

Қарорда шаҳарнинг ижтимоий соҳа йўналишини ривожлантириш устувор масалалардан бири сифатида белгиланган эди. Шу асосда олий ва ўрта махсус таълим даргоҳлари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида ўқув бинолари, ётоқхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар марказлари қуриш, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Сил касалликлари ва Онкология диспансери, 1-сонли Оилавий поликлиника, “Тез тиббий ёрдам маркази” бино ва иншоотлари мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди.

Офицерлар уйи, Маданият уйлари, Рус драма театри – миллий маданий марказлар, Ўлкашунослик музейи бинолари реконструкция қилинди. Нурафшон кўчасида янгитдан қуриб битказилган “Бахт уйи” бўлажак бахтли оилалар, янги авлод вакилларининг муҳаббат ришталарини боғлаяпти.

Фарғона шаҳар “Марказий деҳқон бозори” ва ҳудудлардаги 2 та бозорни реконструкция қилиш, “Улгуржи деҳқон бозори” қурилиши каби юмушларни амалга ошириш ҳисобига ушбу мақсадларга 248 млрд. сўм маблағ жалб этилди.

Замонавий меъморчилик талаблари асосида “Марказий банк” биноси қуриб битказилди. “Трастбанк”, “Ҳамкорбанк”, “Инфинбанк”, “Қишлоқ қурилишбанк”, “Ипак йўли банк” бинолари қурилиши шаҳар кўркига кўрк қўшди. “Ипотекабанк”, “Узсаноатқурилишбанк” Қиргули филиали, “Халқ банки”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Агробанк”, “Савдогарбанк”, “Микрокредитбанк” бинолари эса мукаммал таъмирланди.

Айни жараёнда “Қишлоқхўжаликмашлизинг”, “Ўзбекинвест”, “Кафолат” суғурта компаниялари вилоят филиаллари қурилишига 197 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Футболга ашаддий ишқибозлик, бевосита стадионга ташриф буюриб, “миллионлар ўйини”дан завқ олиш борасида фарғоналик мухлисларнинг олдига тушадигани йўқ,-дея суҳбатимизни давом эттиради Фарғона футболи фидойиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дониёр Эргашев. – Шу маънода, жаҳон андозалари бўйича қуриб битказилган 20 минг ўринли “Истиқлол” стадиони фарғоналик футболсеварларга чинакам туҳфа бўлди. Стадион ҳудудига 3,5 мингдан зиёд ноёб манзарали дарахтлар экилгани, хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этилгани учрашувлар ҳамда бошқа оммавий томошаларни мароқ билан кўриш имконини яратди.

х х х

 

Эзгу ташаббуслар доирасида шаҳарнинг муҳандислик коммуникация инфратузилмаси ҳам замонавий тараққиёт мезонлари бўйича ривожланиши таъминланди. Бу борада электр тармоқлари тизими, моддий-техника таъминоти базаси, электр тармоқлари қурилмалари ва бино иншоотлари тўлиқ таъмирланди.

Аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида “Осиё тараққиёт банки”нинг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига 55 км. сув тармоқлари реконструкция қилиниши натижасида 140 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Мавжуд ичимлик суви ва оқава сув тармоқлари реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди. 27 км. ичимлик сув тармоқлари янгидан ётқизилди.

Шу билан бирга 8 км. узунликдаги газ қувурлари алмаштирилди. Автомобиль йўллари минтақасидаги барча коммуникация тармоқлари йўл четига кўчирилди. Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг иссиқлик энергияси билан таъминланганлик даражасини яхшилаш учун “Иссиқлик манбаи” корхонасига қарашли “РК-3” қозонхонаси реконструкция қилинди. Фарғона, Баҳор кўчалари чегарасида 9 та тик дренаж қудуқлари қуриш ишлари якунланди. Айни мақсадлар учун 91 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Шаҳар ҳудудидаги экологик зарарли бўлган ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи саноат корхоналари чекка ҳудудларга кўчирилгани ҳамюртларимизга мамнуният бахш этди.

Бу борада “Энергомарказ”, “Фарғонаёғмой”, “Фарғонагазаппарат” акциядорлик жамиятлари, Фуран бирикмалари заводи шаҳар ташқарисидаги саноат зонасига кўчирилди. Дастурда белгиланганидек, мазкур корхоналар ўрнида кўп қаватли уйлар, ижтимоий-иқтисодий инфратузилма объектлари, Фарғона шаҳар ҳокимлиги биноси қуриб, фойдаланишга топширилди.

Фарғона шаҳрининг Бош режа тақдимоти ташкил этилаётган пайтда муҳтарам Президентимиз жуда ҳам таъсирли бир фикрни ўртага ташлаган эдилар. Яъни, ўша пайтда Фарғона шаҳрида ҳар бир инсонга тўғри келадиган яшил, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар дунёвий меъёрлар кўрсаткичидан анча паст бўлганлигини куйиниб гапирганди.

Вилоятимиз марказида бошланган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари доирасида ушбу соҳага жиддий эътибор қаратилгани туфайли ҳозирда шаҳарнинг табиат дунёси, яшил хиёбонлари, манзарали дарахтлари, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлари жаҳон андозалари даражасига етказилди.

Бугунги кунда Фарғона шаҳрининг биргина марказий қисмида 30 мингдан ортиқ каштан, дуб, бутазорлар, Қрим қарағайи, япон сафораси каби манзарали дарахтлар меҳр билан парваришланяпти. Айни пайтда шаҳарда янги дарахтлар экилган ва кўкаламзорлаштирилган майдонлар 100 гектардан зиёдни ташкил этади.

Водий марвариди, гавҳари сифатида эъзозланувчи вилоятимиз маркази табиати манзаралари ўзига хос кўринишда бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга лойиқ. Мисол учун, Мустақиллик ва Ал-Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида “Каштан дарахтлари аллеяси” яратилди. Умуман эса шаҳарнинг барча кўчалари, яшил майдонларида ҳудуднинг ўзига хос иқлим мўътадиллигини таъминловчи ноёб манзарали дарахтлар экилди.

Шу тариқа шаҳарнинг ҳар бир ҳудудида кўркам хиёбон ва чаманзорлар ташкил этилиб, гулу гулзорлар, ноёб манзарали дарахтлар кўпайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, Фарғона шаҳри меъморий жиҳатдан янги қиёфага эга бўлиш баробарида табиат оламининг бетакрор чиройи, жозиба-таровати туфайли ҳам ўзгариб боришини таъминлаётир. Бунинг натижасида вилоятимизнинг бош шаҳри халқимиз орзу қилган, истаган мақомга эга бўлди.

Жонажон Фарғонамиз ҳар куни янги манзаралар ичра янгиланиб бормоқда. Торгина йўлакларда чинор барги хазонларини кўришга кўникиб кетган кўзлар бугун яратувчиликнинг ёруғ изларини кўриб ҳайратга тушаяпти. Вилоятимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган ойдин кўчалар, қадди баланд бинолар фарғоналикларнинг ғурури, қадриятлари, бобомерос анъаналарини ўзида мужассам этгандек гўё.

Янги Фарғона тимсолида улуғворлик билан бирга гўзаллик, кўркамлик, муҳташамлик ўзаро уйғунлашиб кетган. Бундаги кенглик ва зебо келинчакдай орасталикдан кўчалар, хиёбонлар, бутун шаҳар ва шаҳарликлар тўйиб-тўйиб, эркин-эркин нафас оладилар. Бунга сари кўнгил юксалади, баҳри-дилингиз очилади. Вилоятимизнинг кўрган кўзни қувнатадиган бугунги жамоли жаҳон ҳамжамияти ичра қаддини баланд кўтарган озод Ўзбекистоннинг тимсоли эмасми?!

х х х

 

Истиқлолнинг дастлабки йилларида олдимизда бир қарашда забт этиш қийин бўлган мураккаб довонлар турарди. Бу – тафаккуримиз, дунёқарашимиз, турмуш тарзимиз, орзу-ниятларимиздаги янгиланиш, ислоҳ этилиши зарур бўлган тушунчаларимиз билан боғлиқ довонлар эди. Не бахтки, мана йигирма беш йил бўлаётир – халқимиз янги давр, янги замон – ҳуррият довонларини қатъий ишонч, аниқ ва узоқни кўзлаган пухта режа, юксак ақл-идрок билан забт этиб келяпти.

Мамлакатдаги тинч ва фаровон ҳаёт тимсолида ўтмиш билан бугунги кун, замон нафаси ҳамоҳанг яшайди, дейди донишмандлар. Буни истиқлол йилларида янгича қиёфада намоён бўлаётган мамлакатимиз ҳудудлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларини ўзаро боғловчи мустаҳкам ришталар, марварид маржонлари – элимизнинг тинч ва осойишта, обод ва фаровон, йилдан йилга юксалиб бораётган бош шаҳарларидир. Фахру ифтихоримизга айланаётган бундай обод масканларимиз эндиликда халқимизнинг барча орзу-умидларини ўзида тўлиқ мужассам этган.

Фарғонадаги ўзгаришлар, янгиланиш ва истиқбол муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқ. Йиллар ўтади, янги авлодлар дунёга келади, лекин давлатимиз раҳбари ташаббуси ва раҳнамолигида, бош меъморлигида вилоятимиз миқёсида амалга оширилган асрларга татигулик тарихий бунёдкорликлар халқимиз учун шон-шараф рамзи бўлиб, абадул-абад тилларда достон бўлажак!

You must be logged in to post a comment Login