ДИЛАФРУЗ ПАРАЛИМПИЯДАГА БОРАДИ

 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши учун кенг шароит яратилмоқда.

Бунинг натижасида паралимпиячиларимиз спорт оламининг нуфузли мусобақаларида – Паралимпия ва Параосиё ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида улкан ғалабаларни қўлга киритмоқда. 2014 йил Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳри мезбонлик қилган II Параосиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 22 олтин, 5 кумуш ва 4 бронза, жами 31 медални қўлга киритиб, қирқдан зиёд давлат орасида бешинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллагани фикримиз далилидир. 

Паралимпия ўйинларининг ядро улоқтириш спорт турида ўтган йил апрель ойида Хитой давлатида ўтказилган халқаро гран-при турнирида ғолибликни қўлга киритган Дилафруз Аҳмадхонова шу йил Бразилиянинг Рио де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ХУ ёзги   паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Дилафруз Аҳмадхонова 1990 йилда Риштон туманининг Жалоер қишлоғида туғилиб, вояга етди. Фарғона шаҳар имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежини битирди. 2013 йилдан паралимпия спорт ўйинларининг енгил атлетика (ядро улоқтириш) тури бўйича шуғуллана бошлади.

2013-2015 йиллар давомида ушбу спорт тури бўйича республика чемпионатида  бир неча бор ғолиб бўлди.

Ўтган йили октябрь ойида Қатар давлатининг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўз натижасини 8,5 метрга етказиб, юқори натижага эришди. Қувонарлиси шундаки, Дилафруз паралимпия спорт ўйинларининг ядро улоқтириш тури бўйича жаҳон рейтингида 5-ўринни эгаллаб турибди. 

Айни кунларда Дилафруз Аҳмадхонова Тошкентда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этмоқда. Республика миллий терма жамоаси аъзоси Дилафруз Аҳмадхоновага олимп чўққиларини забт этиб, мустақил юртимиз байроғини баланд кўтаришида омад тилаймиз.

You must be logged in to post a comment Login