ШОИР ИЖОДИДА ОНА ВА БОЛА МАВЗУСИ

Алишер Навоий

 

Қўлига қалам олган ҳар бир ижодкор борки, бу улуғ зотлар ҳақида сўз айтишга уринади. Жумладан, улуғ бобомиз Алишер Навоий ижодида ҳам бу мавзу ўз ифодасини топган. Бу борада сўз юритар эканмиз, дафъатан шоирнинг “Арбаъин” асаридаги халқимиз орасида жуда машҳур бўлиб кетган қуйидаги қитъаси ёдга тушади: 

Оналарнинг оёғи остидадур

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғи висолин истар эсанг,

Бўл онанинг оёғи туфроғи.

Оналарни улуғлаш, аввало, оиладан бошланади. Алишер Навоийнинг таъкидлашича, оилада оталарнинг зиммасида улкан масъулият ётади. Чунки миллат келажаги ёш авлоднинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етишига боғлиқ. Шоир «Ҳайрат-ул аброр» достонида бу борада ўзининг қарашларини баён этар экан, ота ва эрлик вазифаси шунчаки оила қуриш ва уни моддий жиҳатдан таъминлаб қўйишгина эмаслигини, балки ундаги маънавий-маърифий муҳитга ҳам катта эътибор қаратиши, болани кичикликдан иймон-эътиқодли, эл-юрт корига ярайдиган, ақлли, билимдон ва юксак инсоний фазилатларга эга қилиб  тарбиялаш зарурлигини таъкидлайди:

Завжаким ул бўлса аниси ҳарам,

Шаръ тариқи била тут муҳтарам.

Кўриниб турибдики, шоир бу мисраларда эрнинг завжаси – турмуш ўртоғи бўлган аёл аниси ҳарам, яъни эрнинг дўсти, ҳамсуҳбати, улфати, сирдоши, ҳамдарди бўлса, уни муҳтарам тутиш, ҳурматини жойига қўйишга чақиряпти, зеро бу ҳам фарзанд тарбиясида жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар қандай бола ҳаётда ота-онасидан андоза олади, унинг дунёқараши, маънавий-ахлоқий олами ота-оналарининг бир-бирларига муносабатларидан шаклланади. Ота ва оналар юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган оилада том маънодаги инсонлар вояга етади ва улар, шоир таъкидлаганидек, ҳамиша ўзининг волидаси олдидаги бурчини унутмайдиган шахс сифатида камол топади. Шоир айтганидек, фарзандлик бурчи эса, энг аввало, уларга нисбатан  ҳурмат, эътибор, иззат, эҳтиром, лутфу карамли бўлиш, ҳар иккисининг хизматини сидқидилдан қилиш, уларнинг розилигини топиш ва буни ўзининг энг шарафли вазифаси деб билишдир. Шунинг учун ҳам шоир ўзининг «Ҳайрат-ул аброр» достонида бунга алоҳида тўхталиб ўтади ва таъкидлаб ёзади:   

Бошни фидо айла, ато қошиға,

Жисмни қил садқа ано бошиға.

Икки жаҳонингға тиларсен фазо,

Ҳосил эт ушбу икисидин ризо.

Тун-кунунгга айлагали нур фош,

Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Сўзларидин чекма қалам ташқари,

Хатларидин қўйма қадам ташқари.

Бўлсун адаб бирла бори хизматинг,

Хам қил адаб «дол»и киби қоматинг.

Оналар ўз фарзандлари учун ҳатто жонларини фидо қилишга ҳам тайёр зотлардир. Улар ўз тинчи ва роҳатидан кечиб жигаргўшасини кўз қорачиғидай эҳтиётлаб вояга етказишади. Навоий «Садди-Искандарий» достонида ўз замонасининг қонхўр ва золим шоҳлари кирдикорларини фош қилар экан уларнинг бу адолатсизлик ва зулмларидан, энг аввало, оналарнинг улкан азоб ва изтиробларга дучор бўлишини таъкидлайди. Чунки оналар шоир айтганидек:

Ани кўрким, ул зори мазлум ано

Неча кўрди ҳифзида ранжу ано.

Ул уйғонмасун деб, ебон қайғусин,

Ҳаром айлади кечалар уйқусин.

Ўтуз-қирқ йил давра айлаб сипеҳр,

Анга кўргузуб тарбият ичра меҳр.

Тушуб ул доғи чарх даврониға,

Кириб қарндин сўнг киши сониға.

Дарҳақиқат, шоир таъкидлаганидек, оналар ўз фарзандларини киши сонига қўшиш учун жуда катта қийинчиликларга дучор бўлишади, бунинг учун бор-будини, таъбир жоиз бўлса, бутун ҳаётини сарф этади. Фарзанд учун ҳеч ким оначалик заҳмат чекмайди, шунинг учун бўлса керак унга ҳатто тиканни ҳам раво кўрмайди. Навоийнинг юқоридаги мисраларини ўқир эканмиз бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида авж олган урушлар, ноҳақ қон тўкишлар, ёшларни нотўғри ва зарарли ақидалар билан заҳарлаётганлар бошида турган айрим «пешво»ларнинг жирканч қилмишлари кўз олдимизга келади ва улуғ шоир ижодининг ўлмас ғоялари ҳеч қачон ўз қадр-қимматини йўқотмаслигига яна бир бор амин бўламиз.   

Навоий асарларини мутолаа қилар эканмиз оналар ва болалар мавзуси шоирнинг нафақат бадиий асарларида, ҳатто илмий асарларида ҳам ўз ифодасини топганлигининг гувоҳи бўламиз. «Мажолис-ун нафоис» «Муншаот», «Насойим-ул муҳаббат»  каби илмий асарларида ҳам билимдон, оқила оналарни юксак ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади ва улуғлайди.

Ҳазрат Алишер Навоий ижодида ота-она ва фарзандлар муносабати ўзининг юксак мақомларига етказиб тасвирлангани боис, унинг бебаҳо фикрлари асрлар оша ҳикматга айланиб яшаб келмоқда. Айниқса, бугунги глобаллашув жараёнида, ҳар томондан оммавий маданият хуруж қилиб, маънавиятимизга таҳдидлар кучайган бир пайтда Алишер Навоий асарларини мутолаа қилиш, шоирнинг беназир қарашларидан баҳраманд бўлиш нафақат халқимиз, балки. бутун инсоният учун  ҳам фойдадан холи бўлмайдиган ишдир.

You must be logged in to post a comment Login