2015 йилда Фарғонада 2260 та янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди

Президент Ислом Каримов Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаб ўтганларидек, мамлакатимизда кейинги 11 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда 8 фоиздан юқори бўлиши таъминланди. Бу борада Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида тадбиркорликни жадал ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш учун кенг йўл очиб берилгани муҳим омил бўлаётганини фахр ва ифтихор билан таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Айни жараёнда оқилона солиқ сиёсати юритилиши натижасида мамлакатимизда кейинги йигирма йилда солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан икки баробардан ортиқ камайиб, 2015 йилда 20 фоизни ташкил этди. 2015 йил якунлари бўйича сарҳисоб этадиган бўлсак, юртимиздаги ҳар бешта тадбиркорлик субъектидан биттаси солиқ имтиёзларидан фойдаланиб келаётгани кўзга ташланади.

Солиқ тўловчилар учун замонавий мезонлар асосида яратилган қулайликлар фарғоналик тадбиркорларнинг ҳам имкониятлар кўламини кенгайтиряпти. Ҳозирги кунда вилоятимизда солиқ ва молиявий ҳисоботлар 100 фоиз электрон кўринишда қабул қилинади. 2015 йилдан бошлаб эса “Солиқ тўловчининг шахсий кабинети” орқали солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш тизими амалиётга жорий этилди.

Солиқ сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишларида ҳам солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тартибини соддалаштириш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган фойда, даромад солиғи каби кўплаб солиқ турлари бўйича бир қатор имтиёзлар белгиланди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 2015 йилда амалда бўлган иккинчи поғонадаги 8,5 фоизли ставка ўрнига жорий йилдан 7,5 фоизли ставка белгиланиши натижасида вилоятимиз бўйича бир йилда 5,4 млрд. сўм маблағ ишчи-хизматчилар ҳисобида қолади. Хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси ўтган йилги 6 фоиз ўрнига бу йилдан 5 фоизга туширилгани вилоятимизда 4,2 млрд. сўм ягона солиқ тўлови солиқ тўловчилар ихтиёрида қолишига имконият яратади.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликка кенг эркинлик бериш ҳисобига ўтган йили вилоятимизда 2260 та янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 19 мингтага етди. Бу йил вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони яна ҳам кўпайиши аниқ.

Боиси давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ўзаро ҳамкорликда устувор вазифалар белгиланган. Бу борада тасдиқланган тўртта асосий йўналиш бўйича ўттиз учта чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс Дастур доирасида тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашгани учун давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда назорат қилувчи органлар мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтириш кўзда тутиляпти. Шу билан бирга барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни янада кенгайтиришга кўмаклашиляпти.

Шу йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида барча шаҳар ва туманларимизда “Ягона дарча” марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда тадбиркорларга 16 хил турдаги давлат хизмати кўрсатиш ягона марказлар томонидан амалга оширилаётганини эътибор ва рағбатнинг яна бир ёрқин намунаси сифатида эътироф этиш мумкин.

“Ягона дарча” марказлари “электрон ҳукумат” тизими хизматларидан бири бўлиб, улар давлат органлари билан тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида электрон ҳамкорликни кенгайтиришда қўл келади. Ҳозирда ушбу марказлар орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун тегишли маслаҳат ва ахборотлар бериш, тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш, гувоҳнома ва сертификатлар олиш сингари хизматлар кўрсатиш учун шаҳар-туман Давлат солиқ инспекциялари малакали мутахассислари бириктирилган.

Хулоса ўрнида айтганда, солиқ имтиёзлари мунтазам равишда ҳаётга татбиқ этиб борилиши юртимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини юксалтиради. Тадбиркорлик субъектлари сонининг ортиши, янги иш ўринлари яратилиши эса халқимизнинг турмуш тарзи, фаровонлиги янада яхшиланишига хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login